Уктамхон Домлажонова

Дилнома


Скачать книгу

бир қултум сув ҳам ичишмасди. Ҳовлимизда баланд супа бўлиб, супанинг нариги томонида ариқ оқарди. Сув шундай чиройли оқардики, айниқса, ариқ четида кесилган толнинг тўнкасига ўтириб олиб, қўшниникидан оқиб чиқадиган тутларни човлида териб олишни яхши кўрардим. Кўп гапирганларидан Аҳмадҳўжа аканинг томоқлари қақраб кетдими ёки чанқадиларми, ҳассага таяниб супага чиқдилар. Бир ҳовуч сув олиб оғизларида ғарғара қилиб чеккароққа чиқариб ташлаб, бир қултум сувни ариқдан ичиб:

      – Муяссар, она қизим, – опам билан менга юзландилар, – онанг айтганини қилинглар. Асли шароит бўлса сен ҳам борсанг яхши бўларди, – деб опамга маъноли қарадилар ва менинг бошимни силаб, – ўқишга бор, борасан, рўзғорда қиладиган дастёрчиликларинг ўлда-жўлда қолиб кетмасин, – дея таъкидлаб эшик томон юрдилар.

      Лазокат опанинг менга қилган бу яхшилиги икки дунё эсимдан чиқмайди. Ақлимни таниган сарим бу яхшиликни қадрлашим, ҳам устоз, ҳам келажагимнинг пойдеворини қўйишга фидойилик қилган мураббий эканлигини ҳис қилиб бордим. Албатта, болаликда ҳар нарсани теранлик билан англаб етолмас экан киши. Қаерда кўрсалар “менинг қаҳрамоним” дея бағриларига босганларида ҳам устозлик, ҳам мураббийлик меҳрларидан баҳра олардим. Яхши ўқиганлигимни, тенгқурларим ичидаги эъзозимни эшитганларида қувончдан йиғлаганларига шоҳид бўлганман. Икки йилгина бўлди, 90 ёшларида боқий дунёга рихлат қилдилар. Ўшандоқ қийинчилик даврда мени зулматдан нурга олиб чиққан устоз Лазокат опани кўзим тирик экан, дуоларда ёд этгум.

      Ҳожар опанинг тўрт йиллик мактабини битиргач, Чақичмонга кетаверишда биринчи сонли қизлар мактаби бўларди (ҳозирги кунда араб тили мутахассислиги бўйича шаҳар мактабларидан бири ҳисобланади), ўша ерда ўқишни давом эттирдим.

      Онам энди аввалги шаштларидан анча тушган, ўқимайсан, деган норозиликлари деярли йўқ эди. Мактаб бизнинг уйдан анча узоқда. Биринчи сменага етиб бориш учун барвақтроқ уйдан чиқиш керак. У пайтларда уйга сув жўмраклари киритилмаган. Қиш вақтида анҳор қаттиқ яхлайди. Анҳор сувининг музи устида сирпанчиқ учамиз. Теша билан музни ёриб, чўмич билан челакка тўлдириб, узоқдан сув ташиймиз. Мени ўқишга юбормай қўйишларидан қўрқиб, нимаики дастёрчилик бўлса µаммасини бажараман.

      – Муяссар, челакларни тўлдириб қўйдингми, кўмирни ушатдингми, танчага олов солдингми, ҳовуз бўйи атрофидаги чокларни йиғиб келдингми, эртага икки арава ғўзапоя олиб келгин, ўтин тугаб қолаяпти…

      Шунақа бири-бирига уланиб кетган юмушлар эди. Ўтириб, алоҳида вақт ажратиб дарс тайёрлаш қаёқда. Ҳожатхонанинг тўрт девори мен учун доска. Ўўшиш, олиш, илдиз чиқаришни ўша ерда бажариб чиқардим. Бу мактабда тил-адабиёт ўқитувчимиз Нажмиддин ака Расулевни дуоларда ёд этаман. Мени доимо рағбатлантирар, иншо, эркин темаларда баён ёзганимизда айрим жойларини ўқиб бериб, баённинг яхши жиҳатларидан синфдошларимни хабардор қилар эдим.

      Еттинчи синфга ўтганимизда мактаб таълими тизимида катта ўзгариш бўлди. Ўғил болалар, қиз болалар мактабининг алоҳидалиги тугатилиб, қиз бола ва ўғил болаларнинг бирга