Жавлон Жўраев

Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат


Скачать книгу

чи давлатми?

      – Нима фарқи бор? Иккиси ҳам бир эмасми?

      – Бунисини энди давлат билади…

      © Жавлон Жўраев, 2018

      ISBN 978-5-4493-7277-2 (т. 5)

      ISBN 978-5-4493-7267-3

      Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

      Диққат

      Китобда давлат ҳақида билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, улар ҳеч бир сиёсий гуруҳ номидан айтилмаган. Муаллиф конституцион дунёвий давлат тузилмаси ва фуқаролик жамиятини ёқлайди ва давлат ҳамда шахс ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик бўлиши керак деб ҳисоблайди. Ушбу огоҳлантириш китобда келтирилган фикрларни нотўғри талқин қилиб, муаллифни сиёсий ташвиқотда айблаши мумкин бўлган шахсларга қаратилган.

      Муаллифдан

      Азиз Китобхон,

      Мана, бир оз дам олиб, яна суҳбатга чоғландик. Охирги суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат яхши ўзгаришлар юз берди деган умиддаман.

      Бу галги суҳбатимиз шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар – кучли шахс бу муносабатларда ўзини қандай тутиши ҳақида бўлади. Унда сиз билан яна сирлашамиз – яна эски қадриятларга янгича қарашга уриниб кўрамиз.

      Китоб сизга шахсий ўсишда давлатнинг тутган ўрни ҳақида баён қилади. Жамият биздан нималар кутиши, бу умидларни оқлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, шахсий бахт ва жамият ўртасида зиддият пайдо бўлмаслиги учун нималар қилиш лозимлигини муҳокама қиламиз.

      Ушбу – бешинчи китоб – туркумнинг энг сиёсий китоби. Унда давлат тушунчаси муҳокама қилингани учун ҳам у жуда сиёсий. Сиёсий мавзуларда гаплашиш яхши эмас деган ишонч билан яшаётган бўлсангиз, китобни ўқиш сизга ёқимсиз бўлиши мумкин. Лекин кучли шахс ҳар қандай мавзуда ўз қарашига ва қадриятларига эга бўлиши керак. Шундай экан, сиёсий мавзуларни четлаб юриб, биз ўзимизни ўсишда чекламаслигимиз даркор.

      Китоб анъанавий тарзда ҳафта кунларига атаб бобларга ажратилган. Уни ўқишда сиздан шошилмасликни, айтилган фикрларни тўлиқ ўйлаб кўрибгина хулосалар чиқаришни сўрайман. Чунки сизни чуқур мавзулар кутмоқда – чуқур мавзуларда эса тезкор хулосалар чиқариш тўғри эмас.

      Даврамизга энди келиб қўшилганларга бу китобни ўқишдан олдин туркумдаги аввалги китоблар билан танишиб чиқишни тавсия қиламан. Шундагина сиз китобдаги фикрларнинг тўлиқ мазмуни ва гўзаллигидан баҳраманд бўласиз.

      Хўш, кучли шахсият сари навбатдаги қадамга тайёрмисиз?

      Бошладик

      «Ҳамма айб ўзингда. Ҳукумат ишига аралашма демаганмидим…»

      («Шум бола» кинофильмидан)

      Биз давлатлар дунёсида яшаймиз. Ер юзидан одамзод яшайдиган ҳар қандай ҳудуд борки, у ерда албатта давлат бор. У турли хил кўринишда, турли куч ва шаклга эга. Лекин ҳар бир жамият бошида бу қозонни назорат қиладиган бош ошпаз туради.

      Бош ошпаз қозон бир маромда қайнаши, таомнинг тузи кам ёки кўп бўлиб кетмаслиги, масаллиқлар керакли миқдорда ишлатилиши, овқат ланж ёки чала пишиб қолмаслигини назорат қилади. Қозондаги масаллиқлар бир-бирининг таъмини бузмаслиги, бир-бирини бойитиши ва уйғунликда пишиши ҳам ошпазнинг маҳоратига боғлиқ.

      Аммо таом мазаси фақат ошпаз санъатига боғлиқ эмас. Бунда ҳал қилувчи омиллардан бири – масаллиқларнинг сифати ҳамдир. Ошпаз ҳар қанча моҳир бўлмасин, қозонга тушадиган масаллиқлар талабга жавоб бермайдиган бўлса, таом таомга ўхшамайди.

      Жамият қозонида қайнаётган масаллиқлар сифати – бу жамиятни ташкил қилган шахсларнинг кучлилик даражасидир. Агар жамиятнинг асосий қисмини муҳимликка берилган, ўз шубҳа ва қўрқувларидан нарига ўта олмайдиган, ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўз қўлига ола билмайдиган ожиз шахслар ташкил қилса – бу қозон шўр таомлар пиширишга маҳкум.

      Сиз билан суҳбатларимиз масаллиқлар сифатини оширишга қаратилган – биз кучли шахслар бўлишга интиляпмиз. Токи ўзимизга ҳам, жамиятга ҳам биздан фақат наф келсин. Шахсий ожизлик сабаб жамият қозонидаги таом сифатини бузиб қўймасликка аҳд қилганмиз.

      Бизнинг жамиятда, нимагадир, жуда кўпчилик ҳамма масалаларни давлат ҳал қилиши керак деб ўйлайди. Яъни, ошпаз ҳам масаллиқлар сифатини назорат қилиши, ҳам ўт маромда ёнишини кузатиши, ҳам қозоннинг тозалигини таъминлаши керак.

      Лекин ошпаз буларнинг ҳаммасини қилишга киришса, ҳамма иш чала қилинади. Чунки битта одам ҳамма ишни сифатли бажаришга улгурмайди. Демак, масъулиятлар тақсимланиши – ҳар ким жамият фаровонлиги учун меҳнатдан ўз улушини ўзига олиши керак.

      Бугунги жамиятимизда шахс ва давлат ўртасида сезиларли бўлиниш бор. Одамлар давлатни алоҳида бир механизм, уларнинг иштироки ва иродасидан ташқарида иш кўрувчи тузилма деб билади. Биз бугун давлатдан бегонамиз – ундан қўрқамиз, ундан нари юришга, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қиламиз.

      Кўп ҳолларда шахс давлатни ўзига рақиб деб билади. Чунки жамият манфаатлари билан шахсий манфаатларимиз кўпинча бир-бирига зид келади. Бу жуда самарасиз ва зарарли ҳолат – чунки бунда жамият ўз-ўзига соғлом ривожланишга тўсқинлик қилади.

      Мен