Теодор Драйзер

Сармоядор


Скачать книгу

қўшилган трамвай) ҳам пайдо бўлмаганди. Шаҳар ичидаги йўлларда сон-саноқсиз омнибуслар қатнар, узоқ жойларга саёҳат қилиш учун эса аста-секин ривожланиб келаётган ва асосан каналлар орқали боғланган темир йўлдан фойдаланишарди.

      Фрэнк туғилган пайтда унинг отаси Ҳенри Уортингтон Каупервуд мўъжазгина банк хизматчиси эди, аммо орадан ўн йил ўтиб, бола энди яхши-ёмонни таний бошлаганида, унинг ҳаётида ўзгариш юз берди: Ҳенри ишлаётган банк бошқаруви раиси вафот этди ва банк хизматчиларининг лавозимлари ўз-ўзидан кўтарилди. Фрэнкнинг отасига бир поғона юқорига кўтарилган ғазначи лавозими тегди. Маоши ҳам каттагина: йилига уч ярим минг доллар бўлди. У шодланганидан шу заҳоти хотинига телефон қилиб, Батнвуд стритдаги чириган эски 21-уйдан Нью-Маркет стритдаги 124-уйга кўчиб ўтишларини айтди: бу бошпана аввалги овлоқ жойдаги масканларидан анча тузук бўлиб, уй ғиштдан қурилган, уч қаватли эди. Вақти келиб бун дан ҳам кенгроқ хонадонга кўчиб ўтишларига умид пайдо бўлган, бироқ айни пайтда бу ҳам ёмон жой эмас-ку, деб шодланишарди.

      Жаноб Каупервуд ҳаётидан мамнун эди. У фақат ўз кўзи билан кўрган нарсасигагина ишонар ва шу маҳалгача жамиятда тутган ўрнидан қониқиб келарди – бир кун унга ҳам катта банкир бўлиш имкони насиб этишига қаттиқ ишонарди. Ўша пайтларда жаноб Каупервуд келишган, хушсурат киши эди – баланд бўйли, ориқдан келган, қарашлари ўйчан, олифталик билан қўйган бакенбардлари қулоғининг солинчагигача етарди. Юқори лаби силлиқ ва ҳайратланарли даражада узун, бурни ҳам узун, қирра бўлиб, ияги олдинга туртиб чиққанди. Қуюқ қалин қошлари яшилга мойил кулранг кўзларини бўрттириб кўрсатар, силлиқ қилиб таралган калта сочларининг ўртасидан эса текис қилиб фарқ очиб қўйилганди. У доим сюртук кияр – ўша пайтларда молия дунёсида жавлон урганлар тўпланадиган доираларда бу “хушахлоқлик белгиси” ҳисобланарди. Бошига цилиндр қалпоқ қўндириб оларди. Тирноқлари доим топ-тоза ва текис олинган бўлар, атрофдагиларда бироз баджаҳл одамдек таассурот қолдирар, бироқ бу жаҳлдорлик сунъий бўлиб, у атайлаб шундай кўринишга уринарди.

      Жамиятда ва молия дунёсида юқори поғоналарга кўтарилиш ниятида бўлган жаноб Каупервуд ким билан ва нима ҳақда гаплашаётганини доим тарозига солиб кўрарди. У ижтимоий ва сиёсий масалаларда фикрини очиқ-ошкора айтишдан ва баланд обрўга эга бўлмаган одамлар билан муомала қилишдан ўзини олиб қочарди. Ва яна шуни айтиб ўтиш керакки, унда аниқ бир сиёсий қарашнинг ўзи йўқ эди. Айниқса, ўша пайтлар қулдорликка қарши курашувчилар билан қулчилик тарафдорлари ўртасида даҳанаки кураш авжига чиққан, Ҳенри Каупервуд эса на қулдорликка қарши сиёсат тарафдори, на қулчиликни ёқловчилар қаторида эди. У етарлича сармоя ҳамда атрофдагиларни ўзига торта олиш қобилияти, яъни ўзига ишонтира олиш салоҳияти бўлган одам, албатта, катта бойлик орттира олишига қаттиқ ишонарди. Унинг фикрича, Эндрю Жексон1 Николас Бидл2 ва Қўшма Штатлар Банкига қарши чиққанида бутунлай ноҳақ эди – ўша пайтда бу масала ҳаммани қизиқтираётганди. У муомалада бўлган ва ҳеч қанча вақт ўтмай ўз банкига келиб тушадиган, албатта, ҳисобга олиб, ўзи учун фойдали тарзда ссудага чанқоқ мижозларга берадиган “бўрттирилган пуллар” оқимидан хавотирда эди.

      Жаноб Каупервуд ишлайдиган учинчи Филадельфия Миллий банки ўша пайтларда бутун Америка молия дунёсининг маркази ҳисобланган кварталда жойлашганди. Банк эгалари айни пайтда биржада ўйинлар билан ҳам шуғулланарди. Ўша катта-кичик “Штат банклари” ҳар қадамда пайдо бўлаётганди; улар ишончсиз ва ҳеч кимга маълум бўлмаган активлар асосида холислик билан ўзларининг банк билетларини чиқаришар ва жуда тезлик билан чув тушишар, ҳатто тўловларини тўхтатиб ҳам қўйишарди.

      Бу каби ишларнинг ҳаммасидан хабардор бўлиб туриш жаноб Каупервуд иш фаолиятининг асосий шартларидан бири бўлиб, шунинг учун ҳам у эҳтиёткорлик тимсолидек кўриниб қолганди. Бироқ бахтга қарши, унда ҳар қандай соҳада ҳам муваффақиятга эриша олиш учун иккита: узоқни кўра билиш ва одамни ўзига торта олиш хислати етишмасди. Албатта, у йирик сармоядор бўла олмасди, бироқ яхшигина иш ўрнига эга чиқиши мумкин эди.

      Жаноб Каупервуднинг хотини Каупервуд хоним диндор аёл эди; миқтигина, сочлари оч жигарранг, чақноқ кўзлари ҳам шу рангда, ёшлигида чиройлигина бўлган-у, йиллар ўтиб бироз сўлган, боши билан рўзғор ишларига шўнғиб кетганди. Уч ўғли ва қизининг тарбиясига аёл жуда жиддий ёндашарди. Катта ўғли Фрэнк бошқарадиган кичкина болалари унинг учун доим бир хавотир манбаи эди, чунки болалари дам ўтмай шаҳарнинг ҳар хил чеккаларига кетиб қолар, ёмон кўча чурвақалари билан танишар, ёшига сира тўғри келмаган нарсаларни кўриб, эшитиб қоларди.

      Фрэнк Каупервуд ўн ёшидаёқ ўзини туғма йўлбошчидек тутарди. Бошланғич мактабда ҳам, ўрта мактабда ҳам унинг атрофидагилар ҳар қандай шароитда йигитчанинг ёрдамига ишониш мумкин деб ҳисоблашарди. У табиатан бўйсунмас, мустақил, жасур ва бироз жиззаки бола эди. Сиёсат ва иқтисод Фрэнкни болалигидан қизиқтириб келар, китоб ўқишга эса кўп хуши йўқ эди. Болакай тик қоматли, елкалари кенг, келишган бўлиб, кулранг кўзлари катта-катта, пешонаси кенг, тўқ жигарранг сочлари доим чиройли қилиб калталанган бўларди. У фаҳм-фаросатли, эпчил, ўзини тута биладиган хулқ-атворга эга бўлиб, савол берганида тўла-тўкис мулоҳазали жавоб талаб қиларди.