Теодор Драйзер

Сармоядор


Скачать книгу

жим ўтирар, бироқ одатда йигитнинг олдида у жуда қувноқ ва жозибали бўлиб оларди.

      Дунёда энг қийин нарса одамнинг табиатини аниқ айтиб беришга ҳаракат қилиш бўлса керак. Ҳар бир шахс, айниқса, у иқтидорли бўлса, қарама-қаршиликлар йиғиндисидир. Шунинг учун Эйлин Батлерни тўлиқ тасвирлашнинг иложи йўқ. Шубҳасиз, у ўзига хос тарзда ақлли эди, бироқ асов от каби бўлиб, вақти-вақтида жамиятнинг қонунлари билан жиловланиб туриши керак бўлган феъл-атвор эгаси эди. У эндигина ўн саккиз ёшга тўлган бўлиб, Фрэнк Каупервуддек одамга жуда ноёб бўлиб туюлаётганди. Қизнинг бутун борлиғи йигит илгари бирорта ҳам аёлда учратмагани ва у бирорта аёлдан талаб қилмагани – эпчиллик ва ҳаётни севиш билан суғорилганди. У аввал таниган бирорта қиз ёки аёл бундай туғма ҳаётий куч-қувватга эга бўлмаган. Унинг малла-олтинранг тўлқинсимон сочлари бетакрор эди. Бурни жуда чиройли шаклда, текис бўлиб, тешикчалари кичкина, катта-катта кўзлари эса одамни ҳаяжонга соладиган тарзда чарақлаб ёниб турарди. Каупервуд бу кўзларнинг ҳаворанг-кулранг тусини ёқтирарди. Қизнинг тақинчоқлари, у аслида бу нарсаларни тақмасада, ҳарамдаги канизакларнинг билагузуклари, оёққа тақиладиган браслетлар, сирға ва бўйинтуморларини ёдга соларди. Эйлин бир неча йил ўтгач, Фрэнкка жон-жон деб тирноғи ва кафтларини қизғиш рангга бўяшини айтганди. Соғлом ва бақувват бўлган қиз доим эркаклар у ҳақида нималар дейишини, бошқа аёллар билан солиштирганда унга қандай қарашларини билишга жуда қизиқарди. Экипажда юриш, Жирард авенюдаги чиройли уйда яшаш, Каупервудларникидек уйларга меҳмонга бо риш – булар ҳаммаси унинг учун жуда катта аҳамиятга эга эди; бироқ ўша йилларнинг ўзидаёқ у ҳаётнинг маъноси фақат шулардагина эмаслигини тушунарди. Бу нарсаси йўқ одамлар ҳам яшаяпти-ку. Шундай бўлса-да, бойлиги ва ўзининг бошқа одамлардан устунлиги қизнинг бошини айлантирарди. Рояль олдида ўтирар экан, кўчада сайр қилаётганида ёки кўзгу олдида турганида ўзининг гўзаллиги, мафтункорлигидан, эркаклар учун бу нима эканлиги ва бошқа аёллар унга ҳасад қилишлари тўғрисидаги фикрдан қизнинг қувончи ичига сиғмасди. Бир хил пайтларда бечора, хунуккина қизларни кўрганида у ачиниб кетар, баъзан эса гўзаллик ёки жамиятдаги ўрни билан рақобатлашмоқчи бўлган қизларга нисбатан тушунарсиз ғараз ҳисси уйғонарди. Баъзан шундай бўлардики, кўзга кўринадиган оилаларнинг қизлари Честнат стритдаги бой дўконларда учрашиб қолганларида ёки паркда экипажда айланиб юришганида яхшироқ тарбияланганларини ва буни ўзлари яхши билишларини исбот қилгандек, бурунларини кўтариб олишарди. Бундай учрашувларда иккала томон ҳам бир-бирларига йўқ қилиб юборгудек назар билан қарарди. Савлати қуруқ, олифта йигитлар унинг эътиборини ўзига тортмаса-да, Эйлин юқори табақага интиларди. У ҳақиқий эркак ҳақида орзу қиларди. Вақти-вақти билан “гўёки тўғри келадиган” эркаклар учраб қолар, бироқ одатда улар отасининг танишлари, майда сиёсий арбоблар ёки жамиятда ўзидан баланд бўлмаган маҳаллий қонун чиқарувчи органларнинг аъзолари бўлиб, қизнинг уларга қизиқиш