Теодор Драйзер

Сармоядор


Скачать книгу

қўлдан кетиб қолади: бошқа одам бундан фойдаланади. Уларнинг ҳар бири блокнотини қўлидан қўймасди. Ҳар бирининг кўз қисиб қўйиш услуби, ўзига хос туриш ёки “Яхши. Мен оламан” деган маънони билдирувчи имлаши бор эди. Баъзида улар ҳатто ўз олди-сотдиларини тасдиқламайдиганга ҳам ўхшаб туюларди – ахир бир-бирларини жуда-жуда яхши билишади. Бироқ шундай туюларди, холос. Агар биржада жонланиш бўлиб қолса, у ерда биржа секин ишлаётган кундагидан кўра кўпроқ биржачи ва уларнинг агентлари бўларди. Эрталаб соат ўнда бонг овози операциялар бошланганини билдирар ва агар бир ёки бир нечта компания акцияларининг кўтарилиши ёки пасайиши кутилаётган бўлса, ажойиб манзарани кузатиш мумкин эди. Элликтача, балки юзтача одам таклиф қилинаётган ёки талаб қилинаётган қоғозлардан фойда чиқариш учун баравар бақирар, қўлларини силкитар, у ёқдан-бу ёққа худди қутургандек югурарди.

      – “П” ва “У”нинг беш юзтасига саккиздан беш бераман! – қичқирарди маклерлар – Райверс, Каупервуд ёки бошқа яна кимлардир.

      – Беш юзтаси учун чоракдан! – жавобан қичқирарди кейинчалик керакли акцияларни сотиб олиш ва олинган буюртмани бажариб, яна фарқида бирор нарса ишлаб қолиш умидида шу нархда ёки пасайишга кетаётган баҳода сотишга кўрсатма олган гумашта.

      Агар биржада шу нархдаги акциялар кўп бўлса, у ҳолда мижоз, масалан Райверс, ўзининг “саккиздан бешида” туриб олаверади. Бироқ уни қизиқтирган қоғозларга талаб ўсаётганини сезиб, у “тўртдан уч” тўлайди. Агар профессионал биржачилар Райверснинг у ёки бу акцияларнинг йирик партиясига буюртма олганидан гумонсираб қолса, кейин уларнинг устига қўйиб сотиш учун олдинга югуриб, акцияларни Райверсдан олдин ҳеч бўлмаганда “тўртдан учига” сотиб олишга ҳаракат қилишарди. Бу профессионаллар, албатта, жуда кучли психологлар бўлишарди. Уларнинг муваффақиятлари Тайга ўхшаган бирорта йирик ишбилармоннинг вакили бўлган маклер бозорга таъсир қиладиган ва ўз савдосини пишитгунча уларга ишларини тугатишга имкон берадиган даражада катта буюртмаси бор-йўқлигини топа олиш қобилиятларига боғлиқ эди. Улар рақибининг панжасидаги ўлжани тортиб оладиган дақиқани пойлаётган қирғийга ўхшардилар.

      Тўрт, беш, ўн, ўн беш, йигирма, ўттиз, қирқ, элликта одам, баъзида эса бутун бир оломон у ёки бу қоғозни сотиб ёки сотиб ола туриб, уларнинг нархи ошишидан фойдаланиб қолмоқчи бўларди. Бунақа вазиятда шовқин кўтарилиб кетарди. Алоҳида бир гуруҳлар бошқа қимматбаҳо қоғозларнинг олди-сотдиси билан шуғулланишда давом этар, бироқ жуда кўпчилик қулай вазиятни қўл дан чиқармаслик учун ҳамма ишини ташларди. Ҳамма нарсани биттада қўлга киритиб, курснинг кўтарилиши ёки тушишини ўз фойдаларига ўгирмоқчи бўлган ёшроқ маклер ва клерклар ҳаяжонланганча бармоқлари билан шартли рақамларни кўрсатишиб, имо-ишоралар қилишар ва у ёқдан-бу ёққа югуришарди. Бировларнинг елкалари устидан, бировларнинг қўллари остидан буришиб кетган башаралар кўриниб қоларди. Ҳамма билибми-билмайми, ғалати қийшаярди. Бирортаси