Кэл Ньюпорт

Диққат: Чалғитувчи дунёда муваффақият сирлари


Скачать книгу

бир Жорж Пеккер ўзининг нега ижтимоий тармоқда ёзмаслиги ҳақидаги эссесида шундай дейди: “‘Twitter’ медиага муккасидан кетганларга қопқондир. Ундан чўчишимнинг асосий сабаби ундан маънавий устунлигим эмас, балки у билан ишлай олмаслигимда. Агар шундай қилганимда, ўғлим оч қолиши муқаррар эди.” Дарҳақиқат, у ўша эссени эълон қилганида “Чигални ёзиш” номли китобини ҳам ёзаётганди. У гарчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаса ҳам, бу асар нашр қилингандан ҳеч қанча ўтмай Миллий китоб мукофотига (National Book Award) сазовор бўлди.

      Хулоса шуки, ҳозирги бизнесдаги йирик трендлар одамларнинг теран ишлаш маҳоратини фаол сусайтирмоқда, ваҳоланки, бу трендлар ваъда қилган фойда (масалан, омадли тасодифлар, сўровларга тезкор жавоблар ва танилиш) теран иш орқали (мураккаб нарсаларни тез ўрганиш, асил натижалар кўрсатиш) топиладиган даромаддан анча кам. Бу бобдан кўзланган асосий мақсад ҳам ана шу номутаносибликка ойдинлик киритишдир. Теран ишлашнинг камёблиги мазкур одатнинг баъзи бир камчиликлари сабабли эмас. Иш жойимиздаги чалғишларни жон деб қабул қилишимизнинг сабабига чуқур назар ташласак, улар кутганимиздан анча мантиқсиз эканлиги – хато мулоҳаза ва ақлий меҳнат кишиларининг бетайинлиги натижаси эканини англаймиз. Мақсадим – гарчи чалғишларга қучоқ очишимиз кўз юмиб бўлмас ҳодиса бўлса‐да, унинг асоси мўртлиги, теран ишлаш этикасини шакллантиришга қарор қилганингизда ундан осонгина қутулиш мумкинлигига сизни ишонтиришдир.

МЕТРИК ҚОРА ТУЙНУК

      2012 йилнинг кузида “Atlantic Media”нинг технологиялар бўйича бош директори Том Кохран вақти электрон почтада ўтиб кетаётганидан ташвишга тушди. Бошқа яхши технологлар каби у ҳам бу миқдорни ҳисоблаб кўришга аҳд қилди. Ўз хатти-ҳаракатларини кузатиб, бир ҳафтада 511 электрон хат олиб, 284 та жўнатганини аниқлади. Бу эса беш кунлик иш ҳафтаси учун кунига 160 та электрон хатга тўғри келади. Кохран яна ҳисобладики, битта электрон хабарга ўртача ярим дақиқа сарфласа ҳам, кунига барибир умумий ҳисобда бир ярим соати худди тармоқ роутери каби маълумот узатишига кетиб қолар экан. Бу эса Кохранга ишининг асосий қисми бўлмаган юмушга кўп вақт сарфлаётгандек туюлди.

      У “Harvard Business Review” учун ўтказган тадқиқоти ҳақидаги блогпостида бу оддий статистика компаниядаги умумий аҳвол ҳақида ўйлантириб қўйганини ёзган. “Atlantic Media” ходимлари ўзларига юклатилган махсус вазифага диққат қаратиш ўрнига қанча вақтини хат алмашишга сарфлаяпти? Шу саволга жавоб топиш илинжида Кохран компания миқёсида кунига нечта электрон хат жўнатилиши ва улардаги сўзлар сони бўйича статистик таҳлил ўтказди. Ва бу рақамларни ҳар бир ходимнинг ёзиш ва ўқиш тезлиги, маоши билан қўшиб таҳлил қилди. Натижа эса қуйидагича: “Atlantic Media” учун ҳар бир юборилган ёки қабул қилинган хат 95 центдан тушган, яъни ходимларга эмейлда ўтказган вақти учун ҳам йилига бир миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган. “Юмшоқ” алоқа усули кичикроқ компания – “Learjet”ни сотиб олишга етадиган маблағни еб юборган, деб хулоса қилади Кохран.

      Том