вақти йўқ эди. “Excel” дастурининг имкониятидан хабар топгач, молиявий фирмадаги ишидан бўшаб, кейинги қадамни қўйишга тайёргарлик кўриш учун уйига қайтди. Унинг аниқ режаси борлигидан отаонаси мамнун бўлса‐да, ўғилларининг уйда узоқ ўтириб қолишидан ташвишда эдилар. Шу боис, Бен нима қилиб бўлса ҳам, мураккаб дастурлаш тизимини тез ўзлаштириб олиши зарур эди.
Айнан шу ерда Бен аксар ақлий меҳнат ходимларининг янада юқорилашига тўсқинлик қиладиган муаммога дуч келди. Компьютерда дастурлаш каби мураккаб малакани эгаллаш, чалғишларсиз, ишга диққат билан ақлий ёндашишни талаб қиларди. Диққатни жамлашга бўлган ўша эҳтиёж Карл Юнгни Цюрих кўли бўйидаги ўрмонларга етаклаган эди. Бу вазифа, бошқача айтганда, теран ишдир. Кўплаб ақлий меҳнат ходимлари теран ишлашга бўлган қобилиятини йўқотган ва Бен ҳам дастлаб бундан мустасно эмасди.
“Интернетга тез‐тез кириб, электрон почтамни текширар эдим, бундан ўзимни тия олмасдим, у мен учун худди бир мажбуриятдек бўлиб қолганди”, дейди Бен ўзининг молиявий ишидан кетгунгача бўлган ҳаётини тасвирлаб. Ўз мушкулотини янада чуқурроқ тасвирлаш учун Бен молия фирмаси нозири унга берган лойиҳа ҳақида менга гапириб берди. “Улар мендан бизнес режа тузишимни талаб қилишди”, дея тушунтирди у. Бен бизнес режани қандай ёзишни билмасди, шунинг учун беш хил мавжуд намунавий режаларни топиб ўқишга қарор қилди, яъни бошлиқларга нима кераклигини тушуниш мақсадида уларни таққослаб, солиштириб кўрди. Бу жуда яхши фикр эди, лекин у анча қийналди: “Диққатимни умуман жамлай олмасдим. Шундай кунлар бўлдики, деярли ҳар бир дақиқани аниқроғи 98 фоиз вақтимни интернетда маълумот излаб ўтказардим”, давом этди Бен. Афсуски, бизнес режа лойиҳаси – карьерасининг бошида ўзини кўрсатиш имконияти – бир четга чиқиб қолди.
Ишидан бўшагунига қадар ҳам Бен диққат жамлаб ишлай олмаслигини яхши билар эди. У дастурлашни ўрганишга киришганида теран ишлашни ҳам ўрганиши кераклигини тушунарди. У қўллаган усул кескин, аммо самарали эди. “Мен компьютерсиз, фақат дарсликлар, ёзув қайдномалари ва рангли қалам бўлган хонага кириб ичкаридан қулфлаб олдим.” У компьютер дастурлаш ҳақидаги дарсликларни мутолаа қилиб, керакли жойларини остига чизиб, фикрларини карточкаларга ёзар, кейин уларни баланд овозда қайтарарди. Дастлаб электрон воситалардан айри яшаш жуда қийин кечди, лекин ўзига бўлак йўл қолдирмади, кўзлагани материалини ўрганишга мажбур эди ва хонасида уни чалғитадиган нарса йўқлиги айни муддао бўлди. Вақт ўтиши билан у фикру эътиборини бир жойга жамлай бошлади ва бора-бора ташқи халақитларсиз кунига 5-6 соат вақтини хонада ўтириб, янги маҳоратни такомиллаштиришга мунтазам сарфлайдиган бўлди. “Тўлиқ ўргангунимча шу мавзу бўйича тахминан 18 та китобни ўқиб тугатдим” эслайди дастурчининг ўзи. Шу алфозда ўтган икки ой мобайнидаги ўқиб-ўрганишлардан сўнг, Бен анча мураккаб “Dev Bootcamp”га, яъни ҳафтасига юз соатлик веб-иловаларни дастурлаш курсига қатнай бошлади. (Дастур бўйича изланаётганда у “Дев” дастурини