Дэн Браун

Рақамли қалъа


Скачать книгу

улар Танкадонинг келиб чиқиши, АҚШга муносабати, келгуси режалари ҳақида дўстона суҳбатлашдилар. Беш ҳафта давом этган текшириш жараёнида йигит ёлғон детекторидан, турли психологик тестлардан муваффақиятли ўтиб, МХАнинг Криптография бўлимида иш бошлади. Унинг юрагида Америкага нисбатан зиғирча ҳам нафрат учқуни қолмаганди.

      Катта маош олишига қарамасдан, Танкадо ишга эски мопедида қатнарди, ходимлар учун тайёрланган шоҳона тушликни рад этиб, қўлбола гамбургерини ошхонага ҳам кирмасдан, столида тановул этарди. Бўлимдаги бошқа криптографлар Танкадони жуда ҳурмат қиларди, чунки Энзай ҳақиқатан ҳам учратиш мумкин бўлган энг моҳир, уддабурон, зеҳнли дастурчи эди. Бундан ташқари, Танкадо ўзидаги меҳрибонлик, тўғрисўзлик, одоб каби юксак инсоний хислатлари билан ҳам эътирофга сазовор бўлганди. Йигит учун ахлоқий фазилатлар, ҳақиқатгўйлик жуда муҳим эди. Лекин айнан мана шу хислатлари МХАдан ҳайдалишига сабабчи бўлиши ҳеч кимнинг тушига ҳам кирмаганди.

* * *

      Трансхабарни қуриш устида ишлаётган деярли барча муҳандислар-у дастурловчилар уни тўла қонун доирасида ишлайди деб ўйлашарди. Федерал қидирув бюроси кимнингдир телефонига «қўнғиз» – эшитиш датчиги ўрнатиши учун Федерал суднинг ижозатини олиши керак бўлганидек, МХА ҳам бирор электрон хабарни ўқиши учун албатта суд ҳокимиятининг рухсатномаси зарур деган фикр уларга уқтирилган эди. Шу сабаб Трансхабарга Федерал бюро ва суднинг тасдиғидан кейингина ишга тушишни таъминловчи махсус дастур ўрнатилиш кўзланганди. Айнан мана шу йўл билан МХАнинг дунёдаги исталган одамнинг маълумотларини рухсатсиз ўқишига чек қўйилиши назарда тутилганди.

      Бироқ дастурни Трансхабарга жойлаштириш вақти келганда ишчи гуруҳга режада ўзгариш бўлганини айтишди. Ҳар бир хабар учун суд рухсатини кутиш баъзан узоқ вақт олиши мумкинлиги МХАнинг фавқулодда тезлик талаб қилувчи аксилтеррор ҳаракатлари ишини кечиктирарди. Шуни ҳисобга олиб, Трансхабар фақатгина МХА томонидан бошқариладиган код ечувчи машина бўлиши режалаштирилганди.

      Бу хабарни эшитиб, Энзай Танкадо ғазабдан жунбушга келди. МХАга Трансхабарни бошқаришни тўлиқ топшириш шерни кийиклар лим ўтлоққа қўйиб юборишдек гап эди. МХА энди истаган вақтида, истаган одамнинг хабарларини берухсат, ўзига сездирмаган ҳолда ўқиш имкониятини қўлга киритганди. Бу ҳолат Танкадонинг ҳақиқатгўйлик, адолат тамойилларига асло мос келмасди. Стратмор йигитга Трансхабардан МХАнинг фойдаланиши жиноятчиликнинг кескин камайишига олиб келишини тушунтиришга уриниши бесамар кетди. Танкадо иш жойини тарк этди ҳамда Электрон хабарлар хавфсизлиги идораси билан боғланиб, бор гапни айтиб беришга уринди. Агар Энзай Танкадо дунёга барча компьютерларни яширинча ўқий оладиган махфий машина – Трансхабар мавжудлиги ҳақидаги ҳикоясини маълум қилса, бу қилиғи орқали МХАнинг хавфсизлигига жиддий зарар етказиши муқаррар эди. Бундан ваҳимага тушган Миллий хавфсизлик агентлиги бечора ҳақиқатпарвар йигитнинг оғзини қай йўл