Дэн Браун

Рақамли қалъа


Скачать книгу

унга қараб, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбораёзди:

      – Ечиб бўлмайди? Бу нима дегани? Баъзи кодлар ҳақиқатанам узоқроқ вақт олиши мумкин, лекин эртами, кечми машина барибир бир тўхтамга келарди. Нима демоқчилигингизни англамадим, жаноб.

      – Бу кодни ечиб бўлмайди, – афсус билан сўзларини такрорлади командор.

      Ечиб бўлмайди? Сьюзан код таҳлили бўйича йигирма етти йиллик тажрибага эга одам оғзидан чиққан бу гапга асло ишонолмасди.

      – Командор, Бергофский қонуничи?

      Бергофский тамойили ҳақида Сьюзан криптограф сифатида янги иш бошлаган кезлари билганди. Бу қонунга мувофиқ агар компьютер кераклича калит сўзларни синаб кўрса, улар орасидан тўғрисини топиши исботланганди. Компьютер тўғрисини тополмаса, бунга сабаб коднинг ўта ҳимоялангани эмас, машинага ишни бажариш учун етарлича вақт берилмаганида бўларди. Бу қонун код ечишдаги «шафқатсиз ҳужум» усулининг тамал тоши эди. Айнан шу тамойил Стратморга Трансхабарни қуриш учун илҳом бағишлаганди.

      Командор яна бош чайқади:

      – Бу код бошқача деяпман-ку.

      – Бошқача? – қизнинг кўзларида савол қотиб қолди. Ечиб бўлмас код мавжуд бўлиши математик эҳтимолдан бутунлай йироқ эди. Командор буни жуда яхши биларди.

      Стратмор чаккасидаги тер томчиларини қўли билан сидириб ташлади ва тушунтиришга киришди:

      – Бу кодни бизга бутунлай нотаниш энг сўнгги русумдаги шифрлаш алгоритми ёзган.

      Сьюзаннинг шубҳаси янада ортди. Шифрлаш алгоритмлари шунчаки, матнни кодга айлантиришга хизмат қилувчи математик формулалар эди холос. Дастурчилар ҳар куни янги алгоритмларни яратарди. Техника дўконларидан уларнинг PGP, ZIP, IDEA каби юзлаб турини топиш мумкин эди. Трансхабар бундай алгоритмлар ёзган кодларнинг барчасини ҳеч қандай муаммосиз синдириб келган. Машина учун шифрни қайси алгоритм тузгани аҳамиятсиз эди.

      – Мен тушунмаяпман, жаноб, – Сьюзан эътироз билдирди. – PGP, Люцифер, DSA – фарқи йўқ, ҳар бир алгоритм ўзи хавфсиз деб билган калитни яратади, Трансхабар эса уни топмагунича тўхтамайди.

      Стратмор сабр билан жавоб қайтарди:

      – Ҳақсан, Сьюзан, Трансхабар кодни ечиш учун зарур бўлган калит сўзни ҳамиша топади, ҳатто унинг ҳажми жуда узун бўлса ҳам. Агар… – муҳим гапни айтмоқчидек чуқур нафас олди.

      – Нима агар? – Сьюзан командорнинг оғзини пойлади.

      – Агар компьютер кодни топганини ўзи сезмаса-чи?

      Кутилмаган фикрдан Сьюзан стулдан йиқилиб тушаёзди:

      – Нима-а-а?

      – Агар Трансхабар тўғри калит сўзни узоқ муддат тахмин қилишда давом этса, бунга ягона сабаб у керакли калит сўзга дуч келганини англамаслиги бўлиши мумкин. – Стратмор бироз тин олиб, умидсиз оҳангда қўшиб қўйди. – Менимча, бу алгоритм айланма матндан ташкил топган.

      Қизнинг оғзи ҳайратдан очилиб қолди.

      Айланма матн тушунчаси биринчи марта 1987 йили венгриялик математик Жозеф Гарн томонидан ўртага ташланганди. Компьютер шифрланган матнни ўқиш учун хабардаги кўзга ташланувчи белгилар, уларнинг жойлашувини таҳлил қилишга таянишини ҳисобга олиб, Жозеф матндаги ҳарфлар ва рақамларнинг ўрнини