ва интернет телефонларга қараганда минг марта хавфсиз, деган фикр омманинг хаёлига ўрнашиб қолди. Шу сабабли ҳам глобал ахборот алмашув воситаларининг янги турлари жиноятчилар, террорчилар ва жосуслар учун айни муддао бўлди, чунки уларни телефондаги махфий суҳбатларини яширинча эшитилиш хавфи доимо безовта қилиб келарди.
Шунга қарамасдан, МХАнинг техник мутахассислари учун интернет бўйлаб юборилаётган шахсий ахборотни топиб, ушлаб қолиш хамирдан қил суғургандек осон эди. E-mail орқали ноқонуний бизнес билан шуғулланаётган олғир кимсалар тез орада уларнинг шахсий сирлари ўзлари ўйлаганчилик шахсий эмаслигини тушуниб етдилар, чунки АҚШнинг Федерал қидирув бюроси, Наркотикка қарши кураш идораси, Солиқ қўмитаси каби бир қатор ташкилотлари МХАнинг хакерлар гуруҳи бузиб кириб, одамларнинг почтасидан тўплаган маълумотлар ва далиллар ёрдамида юзлаб, минглаб жиноятларни фош этаётганди.
Компьютер фойдаланувчилари АҚШ ҳукумати одамларнинг шахсий электрон почта хабарларини текширишга имконияти борлигидан воқиф бўлганидан сўнг бу маълумот уларни ғазаблантириб, оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Сиёсат ва жиноятга алоқаси йўқ оддий халқ вакиллари ҳам электрон почтадан фойдаланишга хавфсираб қолишди. МХАга жавоб тариқасида уддабурон дастурчилар электрон почтани ҳимоялаш усуллари устида бош қотиришни бошлашди ҳамда оммабоп калит номли шифрни ўйлаб топдилар. Бу шифр фойдаланишга қулай компьютер дастуридан иборат бўлиб, унинг вазифаси юборилган хабарни ўқиб бўлмас даражада кодлаштириш эди. Энди хабар йўлловчи юборган мактуб қабул қилувчидан бошқанинг қўлига тушиб қолган тақдирда ҳам уни ўқишнинг сира иложи йўқ эди, чунки бегона экранда ёзишма ўрнига маъносиз белгилар жамланмаси намоён бўларди. Фақат хабар йўлланган шахсгина ҳеч муаммосиз уни ўқий оларди.
Бундай хабарларни ўқишнинг ягона йўли хат юборувчининг махсус калит сўзидан хабардор бўлиш эди. Калит сўз PIN-кодга ўхшаб кетса-да, унга қараганда узунроқ ва мураккаброқ бўлган белгилардан иборат бўлиб, ўзида қай усулда мактубни расшифровка қилиш тўғрисидаги маълумотни жамлаганди.
Дастлаб фойдаланилган калит сўзлар МХА ҳисоблаш машиналари тахмин қилиб топиши мумкин бўлган даражада қисқа эди. Масалан, агар керакли калит сўз ўнта рақамдан иборат бўлса, компьютерга 0000000000 дан 9999999999 гача сонларнинг барчасини калит сўз сифатида синаб кўришга буйруқ бериларди, натижада эртами, кечми тўғри шифрни топиш имкони бор эди. Расшифровканинг бу тури «шафқатсиз ҳужум» деб аталиб, кўп вақт талаб этадиган, лекин натижа бериши муқаррар бўлган усуллардан эди.
Лекин вақт ўтгани сайин калит сўзлар ҳам узунлашиб, мураккаблаша борди. 1990-йилларга келиб битта калит сўзнинг ўзи элликдан ошиқ белгиларга эга бўлиб, ASCII алифбосининг 256 та рақам ва рамзини ўз ичига оларди. Олдин электрон машиналар калит сўзларни тахмин қилиб топиши учун бир неча кун сарфлаган бўлса, эндиликда биргина калит сўзни топишга ой тугул йиллар ҳам етарли бўлмай қолганди. Тўғри калит