Санобар Нишонова

Ортда қолган йўл


Скачать книгу

нима кўрсин, – деб йиғлаётган эдилар. Тоштемир отам келиб қолиб поччамни роса уришдилар.

      – Кейин нима бўлди? – қизиқиб сўради Турсунбой.

      – Кейин ҳаммалари уйга кириб кетишди. Аллавақтгача гаплашишди, у ёғини мен эшитмадим, – деди Саодат.

      Турсунбой ўйланиб қолди… Шоҳиданинг айни бўйи етган пайти. Совчилар эшигининг турумини бузмоқда эди. Уни ҳар кўрганда Турсунбойнинг юраги алланечук дукуллаб қолар, лекин акасидан безиллаб қолган бу оилани чўчитмаслик учун сирини ҳеч кимга ошкор этмаган эди.

      Саодатнинг сўзлари уни ўйлатиб қўйди. Шоҳида нима дер экан? У рози бўлармикан! Унинг хаёлини яна Саодат бўлди:

      – Нега ўйланиб қолдингиз, ака?

      Турсунбой хаёлидагиларни ҳайдамоқчи бўлиб, Саодатнинг ўзидан сўради.

      – Қани ўқишдан гапиринг-чи, синглим. Баҳолар қалай?

      – Баҳоларнинг ҳаммаси “беш”, ака, – деди Саодат қувноқ ҳолда ва жилдидаги дафтарларини олиб кўрсата бошлади.

      Турсунбой унинг она тили, арифметика, рус тили дафтарларини бирма-бир кўздан кечираркан, бу бежирим ва териб қўйилгандай ёзилган дастхатларга, тўғри ечилиб “беш”га баҳоланган мисол ва масалаларга, русча бажарилган машқларнинг тўғрилигига тасанно ўқиди ва Саодатни мақтаб қўйди.

      – Баракалло, синглим, иш мана бундай бўлипти! Бизнинг сингил олима бўлади.

      – Муаллима денг, Турсунбой ака. Дадам муаллима бўлсин, деганлар, – деди Саодат унга термилиб.

      Саодатнинг Турсунбойнинг мақтовидан кўнгли тоғдай кўтарилган эди.

      Унинг хаёлига ногоҳ ўтган йил қишдаги бир воқеа келди. Саодат тўртинчи синфда ўқир эди. Бир куни қийинроқ масалани очишга қийналиб қолди ва поччасидан ёрдам сўради. Турғунбой эса “Шуни ҳам ечолмасанг, нима қилиб юрибсан бекорга вақт ўтказиб, то ечмагунча чиқармайман”, деб совуқ хонага қамаб қўйди. Моҳира ва Холида опанинг арзу доди билан ярим кечадагина у хонадан чиқишга рухсат берди, холос.

      Бу ўткир “тарбия”дан хулоса чиқарган Саодат иккинчи Турғунбойнинг ёнига йўламайдиган бўлди.

      Ҳозир Саодат шу воқеани Турсунбойга ҳикоя қилар экан, Холида опа келиб қолди.

      – Келинг Турсунбой. Ишли бўлдим деб бунча узоқлаб кетмасангиз?

      Улар кўришар экан, бирин-кетин Шоҳида, Моҳиралар, бир оздан сўнг Турғунбой ҳам ишдан қайтди. Бир зумда ҳовли тўлди. Саодатни Тоштемир отага юборишди. Соат ўнларда идорадаги ишларини тинчитиб, ота ҳам етиб келди.

      Ота келгандан сўнг ошни сузиб, алоҳида хонада ўтирган эркакларга аввал киритиб юборишди. Қизлар ойилари билан сўрида ўтиришди.

      Ош ейилиб бўлгандан сўнг Турғунбой гап очди.

      – Сени чақиришдан мақсадим – биз бу ерда маслаҳатлашиб, сени уйлантириб қўймоқчи бўлдик.

      – Менсиз-а, – деди Турсунбой кўк чойдан ҳўплар экан. – Кимга?

      – Кимга бўлар эди, ўзимиздан, Шоҳидага, – деди Турғунбой.

      – Ўзидан сўрадиларингми? Онаси нима дейди, – деди Турсунбой секин.

      – Ўзидан сўраб нима қиламиз. Қиз бола эрга тегаман дер эдими. Онаси битта супрадан иккита хамиртуруш бермайман, деб тихирлик қиляпти. Аммо опаси менинг қўлимдами, бас,