Санобар Нишонова

Ортда қолган йўл


Скачать книгу

отди ва турпоқда юмалаб нола қила бошлади:

      – Дадажонгинам, нега сиз келай демайсиз. Сизни жудаям соғиниб кетдим-ку! Энди кимни дада деб чақираман!

      Холида опа қуюлиб келган кўзёшини энди тиёлмади. Фақат у эмас, ҳамма йиғлади. Гўдак ноласи ҳар бир қалбни йиғлатди.

      Ниҳоят жангчилардан бири уни ердан авайлаб кўтариб олди.

      – Қўй қизим, йиғлама. Мен дадангни кўрган эдим. Сизлар бориб туринглар, мен қизимга портфель олиб бораман, қизим бу йил мактабга боради, деб қолдилар.

      Саодат бирдан йиғидан тўхтади:

      – Ёлғон эмасми? Қаерда кўрдингиз? – деди у кўзёшларини ютиб.

      – Рост айтаяпман, – деди ҳалиги киши. – Ахир мактабга борганингда портфель керак-ку.

      Саодат чапак чалиб юборди.

      Ўқувчиларнинг кўпчилиги бувилари тикиб берган бўз жилдларда мактабга қатнар эди. Бу йил мактабга боришини орзиқиб кутиб юрган Саодатга дадаси портфель келтирса, мазза эмасми! Ҳамманинг унга ҳаваси келади!

      Ниҳоят Саодат юпанди ва жангчини сўроққа тута бошлади:

      – Сиз дадамни танийсизми? У кишининг бўйи бала-а-ндми?

      – Ҳа танийман, бўйи баланд.

      – Кимнинг бўйидай?

      Жангчи ҳаммага аланглади, Тоштемир отада тўхтади.

      – Тоштемир отангдай.

      Бу пайт арава қишлоқ йўлига чиқиб олган, тупроқ йўлдан мойсираган ғилдираги ёқимсиз ғижирлаб борарди. Катталар секин-аста ўзаро суҳбатлашиб кетар, Саодат эса Тоштемир отанинг пинжига кирганича, кўз олдида ота сиймосини чизмоқчи бўлибми, унинг нуроний чеҳрасига тикилиб борарди.

      Холида опанинг эса хаёлидан узоқ йиллар давомида бошидан кечирган ҳаёт йўли липиллаб ўтар эди.

      Дарбадарлик

      30-йиллар. Қишлоқда кечки пайт катта йиғин бўлди. Хонадонлардан ҳамма ёшу қари йиғинга ҳайдаб чиқилди. Йиғинни шаҳардан тушган чарм курткали уч киши ўтказди. Барчага эртаси кундан бошлаб, молу ҳоли, ерини топшириб, жамоа тузиш ҳақида топшириқ берилди. Сўнг беш киши бойқулоқ деб эълон қилинди ва уларни Сибирга сургун қилиш ҳақида буйруқ ўқилди. Улар орасида Соҳиб ака ҳам бор эди. Хайрият, узунқулоқ гаплар қулоғига чалинган бу эркаклар секин-секин кечаси қишлоқдан от-аравасида Каттақўрғонга бориб, у ердан қизил вагонларда боши оққан томонга қараб йўл олади. Узоқ юриб, ёнида тўқайзор бўлган бир даштдаги кичик бекатда тушиб қолдилар. Юриб-юриб, бир гуруҳ кўчманчилар чорва боқиб юрган дарё соҳилидан чиқиб қолдилар. Соҳилда қамишдан қилинган тўрт-бешта қамиш капа бўлиб, чорва эгалари ана шу капаларда истиқомат қилар эди.

      Соҳиб ака бошлиқ қочқинлар улар билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашди. Чорва эгалари уларни капалардан бирига киритиб, ош-сув берди. Кейин шу тўданинг бошлиғи шекилли, мўйсафид бир киши сўради:

      – Меҳмонлар, сир бўлмаса қаерларга йўл олдиларинг?

      Соҳиб ака жаваб берди:

      – Биз мусофирмиз, ота. Агар ижозат берсангиз шу ерда қолиб истиқомат қилсак. Ер очиб деҳқончилик, мол боқиб чорвачилик билан шуғуллансак.

      Мўйсафид