сир-асрори бор: биз гўё бу асарларни ипидан игнасигача, ҳар бир сатри, ҳар бир мисрасини ёддан биламиз, лекин ҳар сафар Пушкин китобларини қўлга оларканмиз, янгидан-янги фикрлар, туйғулар, тамом янги образлар топамиз! Гўё биринчи бор ўқиётгандай ларзага тушамиз, қайта-қайта кўзёши тўкамиз!
Яқинда мен Пушкиннинг Пугачёв қўзғолони тарихига оид ҳужжатли қиссасини, тўғрироғи сафар таассуротларини қайта ўқиб чиқдим. Бу асарларнинг тасвир кучи шундай зўр, фикрга шундай бой, тили шундай равон ва тиниқ эдики, назаримда у бундан юз эллик йил муқаддам эмас, гениал бир санъаткор қўли билан шу бугун ёзилгандай туюлди! Гўё Пушкин пластик тасвир деб аталмиш ва бугунги кунга хос бўлмиш тасвир услубини ўша замондаёқ мукаммал билгану, шу услубга тўла-тўкис амал қилган!
Пушкин: «…прозада фикр, фикр ва яна бир карра фикр бўлмоғи керак», деб васият қилган. Айни замонда бу фикрни шундай равон услубда ифода қилганки, Лев Толстой Пушкин насрини доим ибрат қилиб кўрсатган.
Ажойиб рус ёзувчиси Юрий Олеша Пушкин услуби ҳақида гапираркан, унинг «Улуғ Пётрнинг ҳабаши» деган қиссасидан шундай бир парча келтиради.
«Иброҳим Подшонинг уйига келади. Пётр уни қизи билан таништиради:
«… Лиза, менинг Ораниенбаумдаги боғимдан сен учун олма ўғирлаб юрадиган кичкина ҳабаш бола бор эди-ку, эсингдами? – деди Пётр қизларидан бирига. – Мана ўша ҳабаш! Танишиб қўй!
Улуғ княгиня кулимсиради-ю дув қизарди…»
Юрий Олеша бу парчани келтираркан: «Ахир бу Лев Толстой насрига хос бир услуб билан ёзилган-ку!» деб хитоб қилади.
Ҳақиқатан, Пушкин прозаси фикрлар зичлиги, ҳиссиёт кучи ва тасвир воситаларининг тиниқлиги билан тоабад сўнмас бир ибрат тимсоли бўлиб қолади. Албатта, ёшликда, Дубровскийни ўқиб, Троекуровнинг зўравонлигидан дарғазаб бўлиб, гўзал Маша билан Дубровскийнинг қовушолмаганидан изтироб чекиб, ҳаяжондан энтикиб юрган пайтларимизда биз ёзувчининг маҳоратию, унинг тасвир воситалари тўғрисида ўйламас эдик. Мен буни энди, китобхонни ларзага солишга қодир асарни яратиш нақадар қийин иш эканини билганимдан кейин ёзаяпман.
Пушкин маҳорати тўғрисида гапирганда унинг яна бир нодир хусусиятларини айтиб ўтмоқчиман, бу ҳам бўлса, гўзалликни ҳис этиш, ҳаётни шоирона бир руҳ билан қамраб олиш қобилиятидир. Бунинг энг ёрқин намунаси сифатида шоирнинг «Қалмиқ қизига» деган машҳур шеърини келтириш мумкин.
Пушкин ижодига хос шоирона руҳни, унинг маҳорат сирларини ифода қилувчи ғалати бир детал бор: шоир «Арзирумга саёҳат» деган йўл таассуротлари китобида қалмиқ даштида бир ўтовга кирганини ҳикоя қилади. Ўтов ичи жуда ивирсиқ бўлиб, ўртадаги қозонда буламиқ пишаётган бўлади. Шоирни кутиб олган қалмиқ хотин буламиқдан татиб кўришни таклиф қилади. Шоир татиб кўрмоқчи бўлади-ю, унинг қўламсиқ ҳидидан чўчийди. Бу шунчаки бир арзимас деталь. Кейин… кейин бу кичик деталь «Қалмиқ қизига» деган машҳур шеърга айланади. Шоир қалмиқ қизининг гўзаллигини, унинг назокати ва латофатини шундай тиниқ бўёқларда тасвирлаб берадики, сиз ҳам