овози, мўрилардан кўтарилган тутун ва тезакнинг қўланса ҳиди эди…
Бу оддий сўзларнинг аллақандай теран сири бор эди. Бу сир сизни сеҳрлаб қўяр, кўз олдингизга олис ва нотаниш чечен овули эмас, ўз қишлоғингиз, болаликдан таниш манзаралар келишининг бир сабаби ҳам шу сеҳрда эди!
Китобни бир ўтиришда тугатдим. Ҳожимуроднинг ўлимидан кўнглим вайрон, кўзёшларимни қулт-қулт ютиб, хўроз қичқириқларига, итларнинг вовиллашига қулоқ солиб узоқ ётдим. Сўнг, китобнинг биринчи саҳифасидаги улуғвор чолнинг суратига, пахмоқ қошлар остидаги ўткир кўзларини китобхонга қадаб турган Толстойнинг суратига тикилдим. Бу суратни қайси рассом чизгани ҳозир эсимда йўқ. Шуниси эсимда борки, Толстойнинг узун соқолига, ажойиб дўнг пешанасига, қудрат ёғилиб турган миқти гавдасига, аллақандай шафқатсиз чеҳрасига тикилиб узоқ ётдим, хаёлимда эса ундан ёрдам тилар, фатво беришини илтижо қилардим.. Уйқуга кетганимни билмай қолдим. Бир маҳал туш кўрибман. Тушимда… Толстой!
Эгнида ўша узун кўйлак, катта қадоқ қўлларини ингичка қамиш камарига суқиб, уйимизга секин кириб келган эмиш. Мени чақириб ниманидир дедими ё дегандай бўлдими, билмадим, ойимларнинг овозидан уйғониб кетдим. Тонг отган, ойим сигир соғишга киришган эдилар!
Мен Толстойдан, унинг менга айтадиган гаплари-ю оқ йўл тилашидан айрилганимни сезиб, дод деб юборишимга оз қолди. Худди тушида олтиндан айрилган Афандидай кўзимни қайта юмдим. Йўқ, Толстойни қайтариб бўлмас эди!.. Ойимлардан ранжиб, анча тўлғаниб чиқдим, кейин аста-секин ўзимни юпата бошладим: ахир Толстойнинг уйимизга кириб келгани, мени чақириб, бир нима дегани рост-ку! Шошма. У менга нима деди? Келажакда ёзувчи бўлишимга ишора қилмадими?
Толстойнинг нима деганини эслаш қийин эди, лекин бора-бора у менга яхши гаплар айтгандай туюла бошлади, аста-секин ёзувчиликка фатво берганига ҳам ишона бошладим, назаримда, ҳатто бошимни ҳам силагандай бўлди…
Кўнглим сув ичгандай ёришиб, ўрнимдан турдим. Қувончдан ўзимни қаёққа қўйишимни билмас, тушимни бировга тезроқ айтгим, қувончим билан ўртоқлашгим келарди.
Августнинг ўрталари эди. Мендан бир-икки ёш катта бир ўспирин билан – унинг исми ҳам Одил эди! – кун ора ғўза суғорар эдик. Ўша куни бизнинг навбатимиз эди. Рост, Одил менинг «ёзувчилигимни», ёзган шеър ва ҳикояларимни тан олмас, лекин адабиётни яхши кўрар, китобни кўп ўқир, шу сабаб, иккимиз анча яқин эдик.
Мен боғимиздан чиқиб, пахтазорга буриладиган ёлғизоёқ йўлга қадам қўйганимда, Одил ҳам етиб келди, қўл бериб кўришаркан:
– Ҳа, оғизлар қулоқда-ку? – деб пичинг қилди.
– Менга қара, Одил, бугун ғалати бир туш кўрдим,– дедим. – Кулмасанг айтиб бераман.
– Хўш, хўш?
– Мен бугун тушимда… Толстойни кўрдим.
– Шунақами? – Одил негадир кўзини кўзимдан узиб пахтазорга тикилди. – Хўш, кейин нима бўлди?
– Ҳа, шу… Ва ажойиб одам экан!
– Сенга… ёзувчиликка фатво бергандир?
– Айтсам ишонмайсан-да! Лекин… чиндан