Иқбол Мирзо

БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД


Скачать книгу

юлдузлар шуъласидан чароғон осмонга қараб ҳаёт қандай гўзал, яшаш қандай яхши, деб ҳайқиргинг келади ва айни пайт кўзларингга маржондай йирик ёшлар йиғилади. Фақат бу ҳол яқиндагина севиб қолган, бу туйғудан ҳам хавотирда, ҳам умидвор, ҳам сархуш ўсмирларда бўлса керак.

      Ана шундай эртакнамо оқшомлардан бирида кўкдан юлдуз тушгандай у пайдо бўлди. Юзма-юз лолу гунг турибмизу, бирдан қўл телефонимга жон кирди. Қарасам, ундан қўнғироқ бўляпти. Мен янада ҳайрон бўлиб унга боқдим, у зўраки жилмайди, кейин билсам, қаршисида турган қиз менми, бошқами, аниқлаш учун тугмани босган экан.

      Билмадим қанча вақт, қанча замонлар гоҳ кўз тўқнашиб, гоҳ нигоҳ қочиб шийпон ёнида телбавор қолиб кетдик. Унинг овози жудаям олислардан келарди.

      – Салом, мен келдим! – деди у ниҳоят тилга кириб.

      – Сиз… Қайдан топдингиз мени? – воажаб, менинг-да товушим қулоғимга бегона эшитилди.

      – Хатда ёзгандингиз-ку манзилингизни… – у ўзини қўлга олиб, лутф этди. – Кейин, сизни топиш жуда осон экан. Мен қайдаки чиройли дарахтларни, гулларни, қушларни, капалакларни кўрсам сизни сўраб-сўраб келавердим…

      – Нима деб сўрадингиз?

      – Дунёдаги энг чиройли қиз қайда? Кўрмаган бўлсаларинг ҳам эшитгандирсизлар, дедим.

      – Улар ҳам сизга ўхшаган шоир экан-да? – “шоир” ўрнига “ёлғончи” демоқчи бўлувдим, қарасам, қўполроқ чиқадиган.

      – Сизни кўрган ҳамма шоир бўлади…

      Эй санам, васлингни излаб дарбадар солдим сўроғ,

      Барча айди: “Ул санга жондин яқиндур, сан – йироғ…*

* * *

      У ортига қарай-қарай кетди. Кўз илғамас манзилга етиб, қайрилиб тўхтади, шунда ҳам мен унинг чақноқ нигоҳларини аниқ-аён кўрдим.

      Ажаб, илк учрашувдаёқ у менга кўҳна қадрдондек, минг йиллар дилдош, йўлдош бўлгандек, туғилганману кўзларим унинг кўзига тушган, қулоқларим унинг товушидан очилгандек туюлди.

      Мени ҳайратга солгани шу бўлдики, бобом раҳматли хонтахтага мук тушиб Ҳувайдони қироат қилган чоғлари кўз олдимга… у келар, йўқ, йўқ, тушларимдами, хаёлларимдами, билмайман, ҳарқалай, қачондир мен уни кўрганим рост эди.

      Унга қарадиму мен қачондир йўқотган, эҳтимол, унутган, лекин унутганим эсимдан чиқиб яна соғинган… инсоним, қадрдоним, азизим шу эканини дил-дилимдан англадим.

      Унинг маъюс кўзлари, ҳазин қарашлари, сийрак, аммо тим қора киприклари, учқур заковатини кўрсатиб турган синиқ сиёҳ қошлари, турмуш машаққатини чеккан толиби кутубларда учрайдиган рангпар чеҳраси… бу менга жон қадар яқин эди.

      Мен шу кундан бошлаб ишқ оташига тушдим, кечаю кундуз уни ўйлардим, хаёлан суҳбатлар қурардим, кўнглида нелар борлигини аниқ билгим келарди ва шу истак мени баттарроқ оловларга ташларди.

      Ишқ – роҳатми, азобми? Лаззатми, изтиробми?

      Телбаликми, хорликми? Жонга харидорликми?

* * *

      14 август

      Мен энди ишқ дунёсига ҳижрат қилдим.

      Ундан бошқа ҳамма хилқат бачкана, ҳамма гап майда, ҳамма иш кераксиз, ҳамма қайғу кулгили эди. Қўлларим бешпанжа чаноқлар чангалидан