Комил Синдаров

ТЕРГОВЧИ. ДОРИХОНАДАГИ ҚОТИЛЛИК


Скачать книгу

биламан. Марказда жойлашган, Луқмоннинг дорихонасидан икки-уч баробар катта. Нима сабабдан шундай катта дорихонани каталакдай кичкина жойга алмаштиришни талаб қилганига ҳайронман.

      – Балки савдоси каттадир?

      – Мен ҳам бошида шундай деб ўйлагандим, – раҳбарнинг диққат билан тинглаб тургани ёш терговчини руҳлантириб юборди, – лекин тезда давлат солиқ инспекциясидан ҳар иккала дорихонанинг ўтган йилги ва жорий йилнинг олти ойлик савдо айланмаси юзасидан ҳисоботларини олиб, таҳлил қилиб чиқдим. Натижа мен кутгандай чиқмади. «Билол А»нинг савдо айланмаси қарийб икки баробар катта чиқди.

      – Шунақа денг… – Санжарбек бир нуқтага тикилгунча бир муддат ўйланиб қолди, – Осим ва Жасимни сўроқ қилдим. Улар ҳам шуни айтишди. Отасининг Луқмонга айнан шу дорихонани мерос қолдирганини ҳамон ҳазм қилолмай юришибди. Ораларидаги нифоққа ҳам сабаб шу. «Нега бу товуқнинг инидай кичкина дорихонага бунчалик ёпишиб қолдинглар?» десам «Бу савдо нуқтаси кичкина бўлгани билан қандайдир қут-баракали, «шоколад» жой, отамиз ҳам шунча савдо нуқтаси бўлса-да шу жойда ўтирган, табаррук макон», деган жавобни беришди. Дорихонада бизга маълум бўлмаган бирор сир бормикан, деб ўйланиб қолдим.

      – Қандай сир бўлиши мумкин? Бу йигитлар савдогар халқ, фойда-зиённи ҳамма нарсадан устун қўйишади. Менимча, дорихона дори-дармон савдосидан ташқари, қандайдир бир бошқа яширин фаолият тури билан шуғулланса керак-да!

      – Менинг хаёлимга ҳам шу фикр келганди. Дори сотиш улар учун «конспирация». Аммо дорихона бизга номаълум бўлган даромадбоп фаолият тури билан шуғулланиб келган бўлса ажабмас! Рақобат бозори эса ҳамиша қурбонларни талаб қилади. Бу бозорда қонуний ғолиб бўлишни уддалай олмайдиган шаввозлар ғирром йўлни танлаб, бизнес рақибни жисмонан йўқ қилиш йўлини танлайдилар.

      – Демак, ишда яна бир тахмин…

      – Тўғри айтасиз, – Санжарбек мантиқни ишга солди, – ишимизда яна бир тахмин пайдо бўлди. «Навбатчи» ёки чорасизлик тахмини эмас, эҳтимоллиги анчагина юқори бўлган асосий тахмин. Энди сиз билан бизнинг вазифамиз – дорихонанинг қандай яширин фаолият билан шуғулланганини аниқлаш! Бу эса бизга Луқмоннинг рақобатчиларини топиш ва шу йўл билан гумондорлар доирасини анчагина қисқартиришга асос бўлади.

      – Санжар ака, сиз бу ишга кечагина киришдингиз, – раҳбарнинг самимий ва сермулоҳазалиги Умидни ҳам фикрини эркин ифодалашга ундади, – биз шунча кундан бери дорихонанинг бирор бир ноқонуний фаолият билан шуғулланиб келганини сезмадик. Дорихонада ўтказилган тафтиш, гувоҳларнинг кўрсатмалари, дорихона ва унинг атрофидаги корхоналарда ўрнатилган видеокузатув тасвирлари бу жойда одам гавжум бўлгани, гиёҳвандлик моддалари сотилгани ёки ўзгача шаклда яширин «цех» мавжудлигини истисно қилмоқда.

      – «Истина рождается в споре», дейишади, – Санжарбек ёш терговчига яқин келди, – мана, кўрдингизми, мунозара, мушоҳадада гап кўп. Шу тобда Осимнинг бир гапи ёдимга тушди. У «Отам шунча точкаси бўлишига қарамай шу дорихонада