Xurshid Do`stmuhammad

Изхор


Скачать книгу

кўплаб асарлар яратилган. «Жим ўтирган одам» ҳикояси ҳам шу мавзуга бағишланган бўлса-да, асар енгил ҳажв билан йўғрилган, яъни унда фожиавийлик юмор воситасида кўрсатилган. Бу жиҳатдан «Жим ўтирган одам»ни Чеховнинг «Унтер Пришибеев», «Семиз ва ориқ» каби ҳикояларига ўхшатиш мумкин. Ҳикоя қаҳрамони Қурбонали бир пайтлар «ботиргапчи» бўлиб, айримлар унинг бу хислатига ҳавас ҳам қилишган. Аммо уч оғиз жумла «шарофатига» ўн йилдан ошиқ ўтириб келган падари бузруквори бир ҳикматни фарзандининг қулоғига қуйган: «Худо душманни ҳар банданинг оғзига жойлаб қўйибди. У душманнинг оти – тил, забон! Ёруғ дунёда эсон-омон яшаб, ўз ажалинг билан ўлмоқчимисан – тилингга тугун солиб юр». Отасининг ўлимидан сўнг Қурбонали унинг бу ҳикматига васият каби амал қилади. Бироқ тузумнинг қабоҳати шу даражадаки, ҳатто «жим ўтирган одам» ҳам ўзини «гуноҳ»дан соқит ҳис қилолмайди: «Унинг шуурию вужудини қўрқув забт этган, қон томирларида қон эмас, қўрқув зир югура бошлаган эди!» Ҳикояда эпизодик тарзда кўринса-да, эсда қоладиган образлардан бири ниҳоятда қитмир, ўзига гард юқтирмаслик учун «нохуш» гап қўзиган даврадан дарҳол жуфтакни ростлайдиган Тўлаш тараша. У Қурбоналидан ҳам эҳтиёткор ва тилига пишиқ одам. Бироқ тузум разолатига ҳад йўқлиги шундан аён бўладики, унда Тўлаш тараша каби одам ҳам шубҳаю таъқибдан эмин яшаши даргумон.

      Х.Дўстмуҳаммаднинг бозор мавзусига бағишланган илк асарларидан бири «Жажман» ҳикояси миллий ҳикоянавислик ютуғи сифатида эътироф этилган. Жажман ҳикояда юҳо нафс тимсолидир. Олдин уни беозор махлуқ кўриб, эрк берган одамлар сўнгра даҳшатга тушади: «Шуни ўлдириб, тинч яшайлик!» Бироқ Жажманни, яъни ҳакалак отиб кетган балои нафсни ўлдириш осонми?! Илк бор 1989 йилда эълон қилинган ҳикояда бозорчиларнинг саъй-ҳаракати натижасида «ўлди», деб ҳисобланган Жажманнинг икки баробар катталикда тирилиб келиши гўё адабий башоратдек бўлди.

      Тўпламдаги айрим ҳикояларнинг жозиба кучи шунчаликки, уларни охиригача ўқиб улгурмаёқ, китобхонда олдинги саҳифаларга такрор кўз югуртириш, асарнинг мазмун-моҳиятини илғаш, таг қатламларига чуқурроқ етиш иштиёқи пайдо бўлади. «Ўн биринчи эшик» шундай ҳикоялардан бири. Сўлим истироҳат боғида Расул ўз севгилиси Башорат билан кезмоқда. Сайру саёҳат учун барча нарса муҳайё: дарахтзор, кўл соҳили, сайҳонлик. Бироқ Расул тинимсиз боғнинг деворлари, эшик-дарвозаларини излайди. Расул билан «дунёнинг энг олис бурчакларигача кетиб қолишга тайёр» Башорат унга ҳамдардлик билан дейди: «– Қизиқсиз-а, Расул ака… «Девор, дарвоза» деяпсиз-у… мана шу одамлар-да, девор! Дарвозаю эшиклар – одамларнинг юраги, қалби, мана шу юрак ва қалблар тушунсагина дарвоза тавақалари очилган ҳисобланади биз учун!»

      Бу сатрлардан сўнг китобхонга ҳикоя рамзлар асосига қурилгани, асар қаҳрамонлари номлари ҳам рамзийлиги аён бўлади. Диққат таранглашиб, Расул девор-дарвозаларни қидириш ва очишга зўр бергани сайин, ўқувчи ақл ва тасаввурларини ишга солиб, рамзлар қатига яширинган мазмун-моҳиятни