талпинади. Хуллас, қаватлар сонига кўра ўқувчи етти марта юрагини ҳовучлайди. Зоҳид Яқиннинг қаватдан қаватга кўчиши тасвирида эса драматизм ва таъсир кучи сустроқ. Шунга қарамай, жаҳон адабиёти улуғларининг панжасига панжа урганда мағлубиятдан чўчимаслик керак. Зеро, бундай мағлубиятлар заминида бўлажак ғалабалар уруғи униб чиқса ажабмас.
«Беозор қушнинг қарғиши» китоби, шубҳасиз, чуқур илмий тадқиқотлар, қизғин адабий муҳокамаларга арзирли тўплам. Зеро, ундан жой олган асарлар адабиётимиздаги янгиланаётган бадиий тафаккур, ўзбек ҳикоянавислигининг бугунги даражаси ҳамда замонавий жаҳон ҳикоянавислигида тутган ўрни ҳақида жиддий фикр-мулоҳазалар айтишга имкон беради.
ШУҲРАТ РИЗО МУТОЛАА ҚИЛАДИ
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг бир вақтлар ёш адибларнинг «Чашма» номли тўпламида чоп этилган дастлабки ҳикояларини танқид қилиб, «Киова қуёши»да узоқ Америка ҳиндулари ҳаётидан мавзу танлаб ўтирмай, ўзимиздаги мустамлакачилик сиёсати фожиалари ҳақида очиқ-ошкора ёзса бўлмасмиди, деб муаллифга таъна этганим эсимда. Ўшанда, ҳикоя ёзилган давр – ХХ асрнинг саксонинчи йилларида ҳам худди бундан олтмиш йиллар муқаддам ўз юртимиздаги истибдодга нафратини пардалаб, рамзий маънода «Ҳинд ихтилочилари» ёки «Португалия инқилоби» ҳақида пьесалар ёзиб, дард-армонларини тўкиб солган Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний йўлини тутишга ҳануз маҳкум эканимизни, Америка бизонларини қириб битириш Киова қуёшини сўндиргани каби эрк, озодлик дея майдонга чиққан жадид боболаримиз ёки улардан кейинги не-не зиёлиларимиз қатағон этиб, ўзбек миллати қуёшини сўндирмоқчи бўлганларини ҳали англаб, тушуниб етмаган эканман, шекилли. Хуллас, Хуршид Дўстмуҳаммад деган ёзувчи билан дастлабки танишувим ана шундай ғойибона, унинг илк ҳикоялари орқали бундан роппа-роса чорак аср муқаддам рўй берган эди.
Чорак аср… Ана шу давр мобайнида Хуршид Дўстмуҳаммад «Бозор» романи, бир қатор қиссалар, ҳикоялар, пьеса ва киносценарийлар, юзлаб танқидий ва публицистик мақолалар, 80–90-йиллар ўзбек насри ҳақида салмоқли адабиётшунослик тадқиқоти, журналист одобига доир йирик илмий иш яратди. Мана, энди мазкур сарбаланд хирмондан қалбга энг яқин ҳикоялар ва бир драматургик машқни жамлаб, «Беозор қушнинг қарғиши» тўпламига жо қилибди.
Дастлаб мени китоб бошидаги «Муаллиф ва муҳаррир суҳбати»да баён этилган фикрлар ўйлантириб қўйди. «Бадиий ижоднинг табиати шундай: қўлингиздаги қалам ҳамиша сизнинг юрагингизга таҳлика солиб туради… Мана шу таҳликани, чорловни ва даъватни ҳамиша ҳис этиб турган ижодкор изланишдан, қора меҳнатдан тўхтамайди». Ёки «…ҳикоя яратиш мусобақа эмас», «Ҳар бир ҳикоя – янги ижодий кайфият!», «Ҳаётнинг айнан ўзига ўхшатиб ёзиш жудаям катта маҳорат белгиси эмас, йўқ, ҳикоя айнан ҳаётга ўхшамаган ҳолатлар оламига айланмоғи зарур». Ёки биринчи туркум сўзбошисидаги фикр: «…ҳамдарлик туйғуси шакллана боргани сайин