бегона бўлган эмас. Шунинг учун ҳам уни Она дейдилар. Шу Она қалбини ҳаққоний диалектик ёритиш унинг ўлмас замонавийлигини таъминлаб қўяди. Шу маънода Одил Ёқубовнинг янги романи ўтмишни англаб туриб замонни олға жилдириш жараён мақсадларига хизмат қилади деб ишонамиз.
«Улуғбек хазинаси»ни ўқиган китобхон адиб асарни яратиш учун қанча меҳнат қилганлигини яхши англайди. Шунинг учун ҳам ундаги камчиликларга қараганда, шу меҳнатни тақдирлаб туриб қарамоқ керак.
Назаримда, романда ҳаммадан бурун адабий қолиплар кўзга кўпроқ ташланади.
«Улуғбек хазинаси» қаҳрамонларининг деярли барча оғирроқ кечинмалари кўкка тавалло билан якунланади. Улар барча туғёнли дамларда кўкка ёлворадилар. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Машраб ёзади: «Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган халқни кўрдим». Бу муболаға эмас. Лекин гап ҳозирги замоннинг асари ҳақида борганда, бу қолиплар маълум бир ўринда ўзини оқласа, бошқа ерларда ҳадеб такрорлана бергач, риторикага айланиб кетади ва бадиий заифлик аломати сифатида қаралади.
«Фауст»нинг персонажларидан бирида Шоирнинг шундай бир гапи бор: «Бас, ўйлар тошқинин тиндиролсак биз, мукаммал гўзаллик шунда туғилар». «Хазина» муаллифи романда туғёнли онларга кўп ўрин беради. Лекин бу тошқин кўп ўринларда меъёрсиз ифодаланади ва теран фикрларнинг юзини тўсади. Мен яна риторик туғёнлар ҳақида гапиряпман. Чамамда, булар тасвирни лойқалатади. Баъзан ҳолатлар тасвирида ҳам бир туслик мавжуд. Масалан, қаҳрамонлар ўлаётганларида кўз олдиларига бирон нарсани келтириб, пичирлаб, сўнг ўладилар. Худди бир одам бир неча марта ўлганга ўхшаб қолади. Мирзо Улуғбек, Мирзо Абдуллатиф, Қаландар, Хуршида бону сўнгги дақиқалари тасвири деярли бир қолипдадир. Бу ўз-ўзидан айб эмас, лекин у тасвирни қашшоқлаштиради…
Баъзан персонажлар тақдири якун топмай ямланганча қолиб кетади. Хусусан, шаҳзода Абдулазиз тақдирини назарда тутаётирмиз.
Баъзан тилда колорит ва кўтаринкилик яратиш мақсадида киритилган семантик элементлар, ташбеҳлар турли ерларда такрорланаверадилар. Масалан, деярли қаерда бирон шаҳарнинг номи келса, унинг сифати доимо «олис» бўлади: «олис Қоҳираи Мисрия», «олис Қарноқ» ва ҳ. к.
Буларнинг бари санъаткор адибнинг катта роман ёзгач, йўл қўймаслиги керак бўлган гаплардир. Биз мумтоз адиблар бир сўз учун талашганларини, Флобер бир табоқ ҳажмда иккита ўхшаш ибора ишлатмаганлигини биламиз. Менинг назаримда, юқоридагига ўхшаш турли камчиликлар бадиий санъатга оид бўлиб, улар маълум даражада адибларнинг асримизга монанд тезкорликлари оқибатида йўл қўйилгандек бўлиб кўринади. Биз мумтоз адибларнинг азамат романларига уларнинг ўн йиллаб қилган меҳнатлари туфайли китобхон сифатида меросхўрлик шарафига муяссар бўлганмиз.
Одил Ёқубов «Улуғбек хазинаси»ни носир сифатида кучга тўлган ёшда яратди. Биз кучга тўлиқ ёшда ёзилган бу асар китобхон томонидан узоқ йиллар қўлдан қўймай ўқилишини, роман Улуғбек ва замондошлари тарихининг