У етук инсонни меҳнатсиз тасаввур қилолмайди. Афтидан, янглишмасам, унинг ижодиётида энг кўп учрайдиган сўзлардан бири ҳам шу меҳнат сўзидир, инсон сўзидир. Ватан, халқ сўзидир…
Бутун китобларимни варақ-варақ ахтаринг,
Ҳамиша улуғ инсон Ғафурнинг темасида.
Инсоннинг қатра қони менга оламча мазмун,
Фақат ўзинг буюксан Қуёш системасида.
Ғафур Ғуломнинг сўнгги йиллар ижодиётида табрик оҳанглари, қардош ва жаҳон халқларига қарата мурожаатномалар, агар таъбир жоиз бўлса, саломномалар кенг ўрин тутди. У бир шеърида «мен шарқлик шоирман илҳомим уфқи Курил оролидан Африкагача», деб айтган эди. Унинг шеърлари кенг фазога чиққан, у жуда кўп дунё воқеаларини ўз ичига қамраб олади. У Аргентина далаларига саломлар йўллайди, ҳинд халқига юракдан олқиш тўқийди, эрк курашчиларини алангали сўзлар билан ҳимоя қилади ва олқишлайди. Буларнинг барида бахтиёр шарқлик бир шоирнинг ҳароратли, эҳтиросли нафаси сезилиб туради. У салом йўллаганда ўз халқи номидан туриб сўзлайди. Яъни:
Азиз ўзбек халқимдан буюк оламга салом!
Ҳа, Ғафур Ғулом халқининг кўкрагини баланд қилган, унинг овозини жаҳонга танитган, дўстлар ичра дӱст бир халқнинг эзгу орзу-истаклари билан, юрагидаги қўри билан, заминдаги ўрни билан, тарихий ва замонавий равиши билан дунё халқларини ошно қилишга интилган забардаст устадир.
Ғафур Ғулом ижодиёти ўзбек халқи босиб ўтган тарихий йўлнинг эҳтирослари билан тўлиқ бадиий инъикосидир. Унинг «Кўкан», «Икки васиқа» сингари асарлари халқнинг ҳаётига, унинг фикрлаш тарзига шунчалар яқин эдики, улар ҳали-ҳанузгача деҳқон тўйларида куйланади. Худди шундай гапни шоирнинг насри ҳақида ҳам айтиш мумкин. Унинг «Нетай», «Тирилган мурда», «Ёдгор», «Шум бола» сингари насрий асарлари жуда ёрқин илғаб олинган халқона характерлар ва жонли шоирона ҳаёт воқеаларига бойлиги билан ажралиб туради. Ғафур Ғулом насрининг тили дурдоналар тилидир. Уларда ташбеҳлар, ҳазил-мутойибалар, латифалар, шоирона гўзал ибора ва ифодалар фавворадек отилиб туради.
«Новвот шимган болалар ширинлик лаззатини ўз оғизларида узоқроқ туришини истайдилар. Мен ҳам босилиб чиққан ва энди чиқадиган асарларимнинг жонимга берган ҳузури давомли бўлишини, иложи бўлса, абадий бўлишини истар эдим», – деб ёзган эди Ғафур Ғулом ўз мақолаларидан бирида.
Бугун халқимиз ўз шоирининг тўла асарлар жилдлари билан, русча беш томлик асарлар сайланмаси билан танишмоқда. Унинг асарлари қардош халқлар ва жаҳон адабиётларида кенг таржима қилинмоқда.
Унинг асарларидан халқи абадий ҳузур олади. Фурсат шоирни азиз ва мукаррам қилди. Умрини шоҳ сатрлар билан безаган Ғафур Ғулом инсон ва ҳаёт ҳақидаги фараҳбахш сўзи билан дунё маданиятига қўшилиб боради.
ЗУЛФИЯ ҲАҚИДА УЧ МАҚОЛА
Бу дунё, бу эл ва сизу бизни яратган бу халқ ўз фарзандларидан доимо ҳисоб сўрайди, умрнинг қайси бир дақиқасидан бўлмасин, ҳисоб беришни талаб қилади. Ва инсон фарзандларига инсонлар олдида ҳисоб беришликка тўғри келади. Шу ҳисоб