Наргиз Асадова

Афсун


Скачать книгу

кўнгли завқ-шавққа тўла ўша шоирларнинг нағмасини қаранг. Нима эмиш, гўё тилимиз камбағал эмиш, э, йўқ, уларнинг ўзлари камбағал, афандим! Фикри ожизимча, ҳаётдаги муҳтожлик ва етишмовчиликлар билан солиштирганда, аслида, тилимиз бой, ниҳоятда бой. Азоб-изтиробларга келсак, уларнинг ҳам ўз сарҳадлари бор: ожизликнинг жисмоний, калтафаҳмликнинг эса руҳий сарҳади мавжуд – бахт ва омад бобида ҳам худди шундай! Инсоннинг ўз фикрини баён қилиш эҳтиёжи сабаб товушлар дунёга келган ва улар воситасида ана ўша сарҳадлар оша ёлғонлар тўқилиб келинган. Нима, бунга мен айбдорми? Ёки бўлмаса, аслида йўқ ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотаётган маълум сўзлар таъсирида фақат менинг эсим оғиб қолаётганмикан?..

      Мен ана шундай иштиёқ-ла ўзимнинг улкан тасаввур-тушунчаларимга мос саргузаштларга тўлибтошган катта ҳаётга қадам қўйдим. Худо шоҳид, афсуски, ўзим кутган таассуротлардан баҳра олиш менга насиб этмаган экан! Камина дунёнинг кўкларга кўтариб мақталган жойларини ҳам бориб кўрдим, инсоният энг дабдабали сўзлар билан айланиб-ўргиладиган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш учун узоқ вақт дарбадар кездим; ниҳоят, улар билан юзма-юз турарканман, ўзимга ўзим шундай дедим: нақадар гўзал. Бироқ бундан-да гўзалроқ нарсалар йўқмикан? Бори шумикан? Камина «воқелик», «ҳақиқат» деган сўзларни тушунолмайман; бу билан ҳамма гапни айтиб бўлдим, чоғи. Қачонлардир, аниқ вақти эсимда йўқ, дунёнинг қай бир гўшасида, тоғ устида, торгина чуқур дара тепасида турардим. Қоя деворлари тик ва яланғоч эди, ҳув пастда эса тошдан тошга урилиб, пишқириб оқаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди. Пастга қараб туриб, ўзимча ўйладим: ҳозир қулаб тушсам, нима бўлади? Ўзимга жавобим ҳам тайёр эди: мабодо шу ҳодиса рўй бергудек бўлса, йиқилаётиб ўз-ўзимга шундай деган бўлардим: «Ниҳоят, пастга қулаяпсан, билсанг, мана шу ҳақиқат!» Хўш, ҳақиқат дегани нима ўзи?..

      Кўрган-кечирганларим бироз ҳангома қилишга етади, десам ишонасизми? Бундан кўп йиллар муқаддам бир қизни севардим, у шундай бир гўзал хилқат эдики, уни жон деб ўз ҳимоямга олган бўлардим; бироқ қиз мени севмасди, бунинг эса ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, мен бўлмасам, бошқаси… Бироқ мен учун бундан баттар кўргилик бўлиши мумкинмиди? Лаззат ўрнига аччиқ мусибат келтирган ушбу воқеадан ҳам кўра оғирроқ азоб бормиди менга?.. Шундан сўнг қанчадан-қанча тунларни мижжа қоқмай, бедор ўтказдим, алалхусус, бир ўй мудом миямда чарх урарди: зўр мусибат дегани мана шу! Ниҳоят, уни бошдан кечиряпман! Хўш, мусибат дегани нима ўзи?..

      Энди сизга ҳаётимдаги бахту омад ҳақида ҳам гапириб беришим шартмикан? Инчунин, бошимга бахт қуши қўнган пайтлар ҳам бўлган, лекин денг, бахт-иқболдан ҳам кўнглим қолган… Ҳожати йўқ; чунки мен сизга айтмоқчи бўлганим мисоллар кўнглимни қолдирган, ҳафсаламни пир қилган, умидсизликка чулғанган ўша ҳаётнинг ўртамиёна, зерикарли ва бемаъни кечганини сизга барибир тушунтириб беролмайман.

      «Ярим маъбуд дея мақталган Инсон – ким ўзи у?» деб ёзган эди ёш Вертер бир замонлар. Нима, ўзига ниҳоятда