анча ўзгартириб қўйганди. Энди у қўйлар билан тоғда кезмоқдан бир завқ топа олмасди. Ҳозир оила бошлиғи бўлган эски болалик ўртоқлари унга ҳаддан ташқари ибтидоий кўринарди.
Мадраса таҳсили гарчи ундаги эътиқодни сўндирган, ғоявий хаёлни йиққан бўлса-да, аммо узоқ муддат бир катта умиднинг оташи билан ёнган руҳида умр бўйи ўчмас бир из қолдирганди: мутлақо янги бир нарса топиб инонмоқ, катта бир умидга кўнгил боғламоқ, ҳаётини бир мақсадга воқиф этмоқ эҳтиёжи ва иштиёқи…
Шоҳин домла бу ҳақиқатни фақат ўз юртида атрофлича тушунди. Деҳқон ва ё чўпон бўлиб бу ерда қолишига имкон йўқ эди. Ортиқ қасабасининг қуёшини қадимгидай порлоқ, тупроқларини қадимгидай тоза кўрмас эди.
Охирги пайтларда у мадрасаси ҳақида:
– Бу қоронғиликда яшаб бўлмайди. Асрлардан бери бу ерда яшил бир кеча ҳукм суради, – дейишни одат қилганди.
Ҳозир эса ўз қасабаси ҳақида айни шу гапни тўхтовсиз ўзига ўзи такрорлар эди:
– Мадрасаларнинг яшил кечаси фақат ўз ичларини қоронғиликда бўғиб кифояланмай, мамлакатнинг ҳар тарафини бўғган, ҳар гўшасини қоплаган. Зотан, бунинг бошқача бўлишига ҳам имкон йўқ эди. Ақлларга, виждонларга ҳозирги кунга қадар фақат мадрасалардан етишиб чиққан одамлар раҳбарлик қилардилар. Бу одамлар мамлакатни қоронғиликдан бошқа яна қаерга ҳам етаклай олардилар?..
Шоҳин домла ражаб, шаъбон, рамазон ойларида елкаларига хуржунларини осиб олиб, Онадўли йўлларида сочилиб юрган закотчи хўжаларни бири оқ, бири яшил бошли гала-гала бойқушларга ўхшатарди.
Ҳа, заволли мамлакат, асрлардан бери яшил бир кеча қўйнида яшарди. Халқ, дунёни бор-йўғи мана шу қоронғилик орасидан кўрар эди.
Онадўлида фикрларнинг қолоқлиги, инсонларнинг аянчли аҳволи, ишларнинг ёмон кетиши – ҳаммаси шунинг оқибати эди.
Шоҳин хўжа мамлакатнинг ибтидоий мактабларини кезди. Улар ҳам мадрасанинг парчасидан бошқа бир нарса эмасди. Қуёшли кўчалардан, соя-салқин водийларнинг атрофларидан олиниб бу ерга қамалган болаларга юраги ачий бошлади. Бу таҳсилдан кейин нима бўлишларини ўйлади. Буларнинг энг жонлилари таҳдидларга, таёқларга ҳам қарамасдан бу севимсиз кулбалардан қочар, тупроққа қайтар эдилар. Қолган бир қисми бўлса, Абжад сингари на ўликка ва на тирикка ярамайдиган шундай нарсаларни билиб олишардики, бунда ўзларига ва атрофидагиларга зарардан бошқа бир нарса келмас эди. Кейин бу болалар улғаяр, оталарининг, акаларининг ўринларини олар эдилар. Аммо мия жиҳатидан улардан қилчалик фарқлари бўлмас эди. Улар ҳам шу, ҳозиргилар сингари нима ўйлашларини, нима қилишларини билмас, зарарли ўтлардай ўсган ерларида ўсиб қурир ёхуд катталарнинг ўша Истанбулда минг турда кўрсатадиган фитналарига, манфаатларига восита бўлар, қўй сурувларидай ғоясиз ўлимлар сари ҳайдалар эдилар…
Шоҳин домланинг болаларга бўлган муҳаббати ва марҳамати кундан кунга катталашди, кенгайди, бутун мамлакатга ёйилди ва ниҳоят, бир кун яшил қўшиннинг бу мағлуб аскаридан бошқа бир ғоявий фикр қўшиннинг оташли бир кўнгиллисига айланди, яъни бошланғич мактаб ўқитувчиси бўлди.
III
Шоҳин