Митч Элбом

Моррининг сешанба дарслари


Скачать книгу

кам учратаман.

      Англияда ҳаво илиқ ва булутли эди, ҳар тонг теннис кортларига яқин икки чети қатор дарахтлар билан қопланган кўча бўйлаб сайрга чиқардим. Йўлимда сотилмай қолган чипталар учун навбатда турган ўсмирлар, қаймоқ ва қулупнай сотиб юрган чайқовчиларга дуч келардим. Дарвоза ёнига илинган янгиликлар пештахтасида яримяланғоч аёлларнинг расмлари, қироллик оиласининг папаратсилар олган суратлари, мунажжимлар башорати, спорт хабарлари, лотерея ўйинлари ва оз-моз ҳақиқий янгиликлар ҳам чоп этилган бир қанча сариқ матбуот рўзномалари сотиларди. Куннинг энг муҳим янгилиги янги келтирилган газеталар тахламига суяб қўйилган кичик бўрдоскага ёзиб қўйилар ва одатда: “Диана ва Чарльз жанжали!” ёки “Газза жамоасига: менга миллионлар керак!” каби сарлавҳалардан иборат бўларди.

      Одамлар мазкур рўзномаларни тезда битта қолдирмай сотиб олишар, уларда берилган ғийбатларни мароқ билан ўқишар эди; олдинги Англия сафарларида мен ҳам ҳеч улардан қолишмасдим. Энди эса ҳар гал бирор аҳмоқона ёки енгил-елпи хабарни ўқиганимда, негадир Морри ёдимга тушарди. Хаёлимда у ҳовлисида қизил заранг дарахти қад кўтариб турган паркет полли уйда нафасини санаб, қолган ҳар бир дақиқасини яқинлари даврасида ўтказаётган ҳолда гавдаланарди. Мен эса бу пайтда соатлаб вақтимни ўзим учун заррача аҳамияти бўлмаган нарсаларга совурардим: кино юлдузлари, супермоделлар, Жон Кеннедининг ўғли, Мадонна ёки Малика Ди ҳаётидаги сўнгги можаролар. Қанчалик ғалати туюлмасин, Моррининг вақти тобора камайиб бораётганига ачинсамда, у бу вақтни мендан кўра мазмунлироқ ўтказаётганига ҳасад қилардим.

      Нега биз вақтимизни бундай бемаъни хабарларга сарфлаймиз? Ўша пайтда АҚШда О. Ж. Симпсон устидан бораётган суд жараёни айни қизғин паллага келган, аксарият кишилар тушликка ажратилган соатларини тўлалигича мазкур жараённи томоша қилишга совурар, улгурмай қолган қисмини эса тунда кўриш мақсадида тасмага ёзиб оларди. Уларнинг ҳеч бири О. Ж. Симпсон билан таниш эмасди. Суд ишига алоқадор кишилар билан ҳам. Аммо улар барибир бошқа бировнинг фожиасига муккасидан кетиб, кунлаб, ҳафталаб умрини қурбон қиларди.

      Моррининг охирги суҳбатимизда айтганлари ёдимга тушди: “Мавжуд қарашларимиз одамларга ўзларидан қониқиш ҳосил қилиш имконини бермайди. Жамиятда мавжуд қарашлар ҳаётингни заҳарласа, уларга амал қилма, дейиш учун жасорат керак”.

      Шу сўзларга амал қилган Морри хасталикка чалинишидан анча олдин ўз қарашларини яратган эди. Муҳокама гуруҳлари, дўстлар билан сайрга чиқиш, Ҳарвард майдонидаги черковда ўз мусиқасига рақс тушиш. Морри ночор одамларга бепул руҳий хасталикларни даволаш хизматларини кўрсатувчи “Иссиқхона” номли лойиҳага асос солганди. У дарслари учун янги ғоялар топиш мақсадида китоблар ўқир, ҳамкасблари билан учрашар, собиқ талабалари билан хабарлашиб турар, узоқдаги дўстлари билан хат ёзишар эди. У бир дақиқасини ҳам телесериаллар ёки “Ҳафта фильмлари” томошасига совурмас, бўш вақтини кўпроқ овқат ва табиатдан баҳра олишга сарфларди. Морри суҳбат, мулоқот ва меҳроқибатдан иборат машғулотлар