хат ўз ер-мулкини бошқарувчидан эди. Бошқарувчи, меросхўрлигингизни мустаҳкамлаш учун албатта ўзингиз келишингиз зарур. Бундан ташқари, хўжаликни қандай олиб бориш керак, марҳума княгиня давридагидек олиб бориладими ёки мен бир вақтлар марҳума княгиняга таклиф этганим, энди сиз ёш князга таклиф этаётганим усулда, яъни асбоб-ускуналарни кўпайтириб, деҳқонларга улашиб берилган ерларда ўзимиз ишлаймизми, шу масалани ҳам ҳал қилмоқ зарур, деб ёзган эди. Бошқарувчи ердан шу тариқа фойдаланиш анча қулай бўлади, деб ёзган эди. Шу билан бирга, бошқарувчи одат бўйича ойнинг биринчи куни юбориши лозим бўлган уч минг сўмни бирмунча кечикиб юбораётгани учун узр сўраган эди. Шу пуллар кейинги почта билан юборилар экан. Кечикиб қолганининг сабаби шу эканки, деҳқонлардан йиғиб олиш жуда қийин бўлибди. Деҳқонлар шу қадар ноинсоф бўлиб кетишибдики, улардан пул ундириш учун бошқарувчи ҳукумат идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлибди. Бу хат Нехлюдовга ҳам ёқар, ҳам ёқмас эди. Катта хўжаликнинг эгаси эканлиги унга ёқарди. Ёмон томони шу эдики, Нехлюдов катта ер эгаси бўлатуриб, ёшлик чоғлариданоқ Герберт Спенсернинг мухлиси эди, Спенсер ўзининг «Social statics»8 деган асарида адолат – ерга хусусий эгалик қилишга йўл қўймайди, деб даъво қилган, бу эса Нехлюдовни ҳайратда қолдирганди. У ёшликка хос самимийлик ва қатъият билан, ер хусусий мулк бўлиши мумкин эмас, деб гапирибгина қолмасдан, университетда шу ҳақда илмий асар ёзиш билангина кифояланмасдан, ўша вақтда буни амалга ҳам оширган, ўз эътиқодига хилоф қилмаслик, ер-мулкка эга бўлмаслик учун бир оз ерни (онасига дахли бўлмаган, отасидан ўзига мерос қолган ерни) мужикларга бўлиб берган эди. Энди мерос қолиб, катта ер эгаси бўлиб олгач, у икки йўлдан бирини танлаши лозим эди; ё бундан ўн йил муқаддам отасидан қолган икки юз ботмон ерни инъом қилганидек, ер-мулкидан воз кечиши ёки олдинги фикрининг хато ва нотўғрилигига иқрор бўлиб, индамай юравериши керак эди.
Биринчисини қила олмасди, чунки кун кечириши учун ердан бошқа моддий бойлиги йўқ эди. У хизмат қилишни истамас, бунинг устига у роҳатда яшаб ўрганиб қолган ва бу одатларни тарк этишга кўзи қиймас эди. Бунинг ҳожати ҳам йўқ эди, чунки, энди унда ёшлигидаги қатъийлик, эътиқод кучи ва одамларни ҳайрон қолдириш истаги ва ғурурдан асар ҳам қолмаган эди. Иккинчидан эса, ерга хусусий эгалик қилишнинг ноқонунийлиги ҳақида Спенсернинг «Социал статика» китобида келтирилган ўша ёрқин, шак-шубҳасиз далилларидан воз кеча олмас эди. Нехлюдов кейинчалик, Генри Жоржнинг асарларида бу фикрларини тасдиқловчи аниқ далилларни топган эди.
Мана шунинг учун ҳам бошқарувчининг хати унга ёқмаган эди.
IV
Нехлюдов қаҳва ичиб бўлгач, кабинетига кирди, таклиф қоғозини кўздан кечириб судга соат нечага чақирганларини билмоқчи ва княжнага жавоб ёзиб юбормоқчи бўлди. Кабинетга устахона орқали ўтиларди. Устахонада янги бошланган, орқаси ўгириб қўйилган расм мольберт9 устида турар, этюдлар осиб қўйилган эди. Икки йилдан бери у шу расм устида