очиб, юзига яқинлаштираётганда рўпарада ўтирган ўша кимсага кўзи тушиб, дарҳол қўлини пастга туширган, гўё лабига қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган эди.
Ўша вақтда бу ишни текшириш вилоят Ижроия қўмитаси аъзоси Зулфиқоров бошлиқ комиссияга топширилиб, юқори мартабали бир аёл Вакиловни ҳаддан зиёд қийнаган эди. Унинг ишдан бекор бўлиши у ёқда турсин, партия сафидан ўчирилиши ҳам аниқ бўлиб қолганди. Бунинг устига қон босими баланд Вакилов юрак дардига ҳам мубтало бўлган эди. Инфаркт бўлиб ўлсам ўлай, ишқилиб, партия сафидан ўчиришмасин, деб бечора Вакилов ухламай тонг оттириб чиқарди. Бу воқеаларга лоқайд қараб туришга Зулфиқоровнинг виждони йўл бермай, мамлакат ҳимоясида қон кечиб келган бир фронтчи кишини ҳимоя қилди. Лекин жангари макиён – раҳбарлик ишда ўтирган, ахлоқий суст бўлса ҳам атрофдагилар миқ этмаётган бир аёл раҳбар «жаҳолат ва динга муккасидан кетган» ижроқўм раисини партия сафидан ўчириб, ишдан олмоқчи бўлди. Бу ишнинг ҳам илдизи чуқур – иғвогарнинг хотини мансабдор аёлнинг қон-қариндоши эди. У Вакилов устидан ҳужжатлар тўплаттирди, маҳаллага одам юборди, таржимаи ҳолидан хато излади ва ҳатто партия бадалини тўғри тўламаяпти деб, бухгалтерларга хат ёздирди. Қандай бўлмасин, уни супуриб ташлашнинг кетига тушди. «Миллий тилимиз ва миллий либослар ҳам фахримиз…» деган гапини ҳам қайси бир стенограммадан топиб, Вакиловга сиёсий айб, «миллат»чи деган бўҳтонни ҳам ёпиштирди. Бўлаётган «ҳангома»га мундоқ разм солган Вакилов ўзининг паймонаси тўлганини, бу жангари мансабдор хотин қўлидан омон чиқмоқ амримаҳол эканини фаҳмлади. Гап бу хотинда ҳам эмас, эҳтимол, менга ўхшаган баъзи «ўзбек»лар ҳозирги даврда қурбон қилиниши керакдир, деди ўзига ўзи. Ахир 1937 йили ҳар бир шаҳар, ҳар бир районга мунчадан «Халқ душмани» топиб берасизлар, деган буйруқ келган-ку! Юқорида яна шунга ўхшаган махфий буйруқ бордир, эҳтимол, Октябрь райони бўйича бир қанча «миллатчи»лар топиш керакдир, бу районда ўзбеклар тиғиз. Ахир бу катта район, ҳар хил одамлар кўп, эҳтимол, шу «разнарядка»га Вакилов ҳам тушгандир… Бўрсиб, кўкариб кетган Вакилов бир ой касалхонада ётиб чиқди, йўқ, «мансабдор раҳбар хотин» уни яна жиддийроқ «текшира бошлади», кирай деса ер қаттиқ, учай деса осмон узоқ…
Таъқибга учрайверса, табиийки, айбсиз киши ҳам ўзини айбдордек ҳисоблай бошлайди, руҳи сўниб, илон авраган чумчуқдек пириллаб келиб, унинг оғзига кириб кетар экан. Бир куни ўғли билан машинада Қодирия гидростанциясидан кела туриб, Тоштурма дарвозаси ёнидан ўтишди – у негадир турма дарвозасига тикилиб, юраги шиғиллаб кетди. Чумчуқ мисол шу дарвоза ичига кириб кетадиганга ўхшади.
– Дада, чарчадингизми? Нега юзингиз оқариб, титраяпсиз?
– Йўқ, ўғлим, чарчаганим йўқ. Кейинги пайтда машинада юрсам, кўнглим беҳузур бўляпти. Бу нимадан эканини билмаётирман.
– Анави туҳматчини кўп ўйлаяпсиз, – деди ўғли. – Ўйламанг! Сиз фронтчисиз, ҳалол одамсиз, нимасидан қўрқасиз? Ўша Миёнхўжа деган одам Улуғ Ватан уруши йилларида