эрк бериб.
Ҳабиб ҳеч қачон уйга бугунгидек хурсанд қайтмаган. Унинг хурсандчилиги нима боисдан эканини билмаган ҳолда, оиладаги барчанинг ҳам чиройи очилиб, хурсанд бўлиб кетишди. Айниқса, онаизор…
Орадан бир ҳафта ўтгач, Ҳабиб Нигорага телефон қилди, лекин бугун шанба, Нигора ўқишда эканлиги эсига тушиб, дарҳол гўшакни қўйди. Ётиб китоб ўқиди, миясига ҳеч вақо кирмади.
Тўй қилиш, уйланиш керак!
Эртасига у яна Нигораларнинг уйига сим қоқди, гўшакни Нигоранинг ўзи кўтарди.
– Алло! Бу мен… Салом! Яхшимисиз! – деди Ҳабиб.
– Салом, Ҳабиб ака, яхшимисиз? Жим бўлиб кетдингиз? Ишлар кўпми?
– Дарҳақиқат, кўп бўлди… Учрашайлик.
– Учрашайлик!.. – деб хандон отиб кулди Нигора. Афтидан, уйда ҳеч ким йўққа ўхшайди. Жосуслик қиладиган Севара ҳам йўққа ўхшайди. – Бўпти! Қаерда? Ёки бизникига келасизми?
– Э, бўлмайди! Ота-онангиздан уяламан. Циркка борайлик. Мен сизга анча Афандилар ҳам топиб қўйдим, айтиб бераман.
– Биттасини айтинг, телефонда бўлса ҳам айтинг!
– Циркда айтмоқчи эдим.
– Айта қолинг, – Нигора эркаланди. У ўтган сафар бир дугонасидан шикоят қилиб, лақаби тулки эканини айтган эди.
– Циркда ҳамма ҳайвонларни ўйнатадилар. «Нега тулкини ўйнатмайдилар?» деб сўрабди бир одам Насриддин Афандидан. Афанди айтибдики: «Йўқ, ҳурматли дўстим, тулки одамни ўйнатади», дебди.
– Ха-ха-ха-ха-а! Бораман! Ҳабиб ака. Соат нечада?
– Цирк саккизда бошланади. Еттига келинг, музқаймоқ еб турамиз.
– Албатта бораман. Яна битта Афанди топиб туринг, – у ҳозирча хайрлашиб гўшакни жойига қўйди.
Ҳабиб тезда соқолини қириб, оқ кўйлагини, галстугини кўздан кечирди. Юраги тўлқинланди, севикли қиз билан учрашувга шошиларди. Қадим уйланмаган донишмандларнинг биридан сўрашибди: «Устоз, агар уйланмоқчи бўлсангиз, хотинингиз қандай бўлишини истардингиз?» Донишманд айтибдики, «Аёлда уч фазилат бўлишини жуда ҳам истардим». «Бу нима?» «Поклигу садоқат, оқилалигу олижаноблик ва меҳнатсеварлик». «Лекин минг афсус, – деди ўзига ўзи Ҳабиб, – Патининг синглиси хонадонни куйдирди. Уч эрга тегди, ҳаммаси ҳам ўлади». Охиргиси бир тўйда хотинининг даврага тушиб, ўйнаб, кимгадир жилва қилгани учун эри уйига ҳам олиб бормай, ўша ердан ҳайдаб юборгани ёдига тушди. Ҳабибнинг кўз олдидан таниш хотинлар ўта бошлади. Нега бундай бўляпти, ўзи билмасди.
У соатига қараб, вақт яқинлашаётганини, Нигорадан аввалроқ бориб туришни кўзлаб кийинди, онасига кўчага кетаётганини айтди-да, чиқиб кетди. Тошкентда автобус ҳаракати ниҳоятда расволиги ҳаммага маълум, аммо Ҳабибнинг омади келиб, бекатда бир дақиқача кутиши биланоқ бўшгина автобус келгани яхши бўлди. Бу ёғи ҳам шундай равон кетса… деб ўзига ўзи омад тилади. «Кўчага кетдим» деганидан, ясанганидан она хурсанд, ўғлининг ким биландир боғланишаётганини юраги сезиб турарди. Бу гал Ҳабиб жавобсиз қолган сўзига Нигоранинг жавоб қилишини кутар, «майли, совчи юборинг…» деган гап бўлса керак дерди. Автобусдан