даладан юриш қийинлашди. Асет учун мен ҳам Бўрибосарга ўхшаб оёққа тушов бўлиб қолдим. Илгарилаган сайин битта-яримта ёввойи жийда, жинғил, тўранғил учрай бошлади. Шохлари қордан салқи тушган. Сал тегиб кетсанг, дув қор тўкилади. Бора-бора қинғир-қийшиқ ўсган дарахтлар кўпая борди.
– Тўқайга яқинлашиб қолдик, – деди Асет тўхтаб. Унинг олдига бордим. – Мана, ов изи ҳам чиқиб қолди… Қани, топ-чи, бу ниманинг изи?
Бундай энгашиб қарасам, мушукникига ўхшайди. Қор қалин бўлгани учун қорни қорга тегиб изни суркаб кетибди, деб ўйладим.
– Мушукники.
– Мушук шунчалик узун бўладими? Буни қара, олдинги оёғи билан орқа оёғи изининг ораси ярим метрча келади. Бу тулкиники, – деди Асет. – Кўрмайсанми, изни думи билан текислаб кетибди.
У милтиғига ўқ жойлаб, олдинга юрган эди, Бўрибосар ғингшиб, орқага тисланди. Кўриб турибман, Асетнинг жаҳли чиқиб кетди. Бўйнига арқонни маҳкам ўраб қўйиб юборди.
– Йўқол! – Бўрибосар думини сонига қисганича ғингшиб овулга қараб қочди. – Бўйнидан бойлаган ит овга ярамайди! Милтиқдан қўрқади. Кузда қозон-товоққа текканида сочмасиз қуруқ дори билан отган эдим, шундан бери қўрқиб қолган. Милтиқдан қочади.
Бўрибосарнинг қораси кўринмай кетди. Бироқ ҳалиги Асетнинг: «Бўйнидан бойлаган ит овга ярамайди», деган гапи менга ҳам сал тегиб кетди. Кейин олов ёқиб исиниш тўғрисида лом-мим демадим. Асет ов изига тушса, қаттиқ юраркан. Орқасидан эргашаман, деб терлаб кетдим. Из бизларни айлантириб тўқайга бошлаб кирди. Вой у жойдаги изларни! Минг хил. Қуённики дейсизми, тулкиники дейсизми, турли қушларники дейсизми… ўҳ-ҳў, жуда кўп!
Қалин қамишзор орасига шўнғиб кетдик. Қамиш поялари оппоқ қиров. Тегиб кетсанг, шохидаги оппоқ қор, қировлар елкаларингга, бўйинларингга дув этиб тўкилади, танангни жунжиктиради. Бир маҳал тўхтаб атрофга қулоқ солдик. Қаердадир қамишлар орасида бир қирғовул сайраб ўз шеригини чақирарди, ўқтин-ўқтин гумбурлаб милтиқ отилади. Унинг товуши бизларга зўрға бўғиқ етиб келади…
Мен мўлтираб Асетнинг кўзларига қарадим:
– Адашдикми?
– Ова, – деди у кулиб. Жаҳлим чиқиб кетди.
– Нега куласан? Ундан кўра, тезроқ кетайлик бу ердан.
– Ҳа, қўрқяпсанми?
– Қўрқаётганим йўғу… – деб ғудрандим, – тўқайдан ташқарида ҳам қуён бордир.
Асет гапимга унча аҳамият бермай, қамишларнинг қалинроқ ўсган жойига кириб кетди. Ёлғиз туришга қўрқиб, мен ҳам унга эргашдим.
– Қаёққа?
– Буёққа кел, – деди у қамишлар орасидан.
Борсам, бир тўп қамишга қараб турган экан.
– Овулимиз мана бу томонда, ўша ёққа юришимиз керак.
– Қаёқдан биласан?
– Мана шу қамишга қара,– деди қўлини чўзиб. – Кўрдингми, япроғи бир томондан ўсган-а?
– Ҳовва.
– Япроқ қайси томонда кўпроқ ўсади?
– Мен қаёқдан биламан?
– Ботаникадан мазанг йўқ, – деди Асет катта кишилардай. – Бундан сўнг эсингдан чиқарма. Қамишнинг