Скачать книгу

боғичини тепага кўтариб боғлаб олган рангпар қулоқчин, пода кетида сас-садосиз, ўйчан келар эди. Тўра бу манзарани кўриб бояги ҳолатни эслади.

      Тарвақайлаб ўсган тол тагида ҳозиргина сувдан чиққан Камола унинг кўз олдида гавдаланди. Онадан қандай туғилган бўлса шундай… «Во ажабо! Ҳали Камол қиз боламиди?!» Тўранинг бошига дафъатан шу фикр келди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб кетгандай бўлди. Ўзига ўзи ишонмай, кўзларини қайта-қайта юмиб очди, кўз ўнгида ҳалиги сурат! Ёпирай!

      Ана, ҳўл сочлари анчагина бўртиб қолган оппоқ кўкраклари устига ёйилиб тушган, бармоқлари билан тараяпти… Ўрмоқчи шекилли! «Бу рўдапо уст-бошлар, қўпол фуфайка, дағал кирза этиклар ичида шундай гўзал бадан яшириниб юрганмиди?!»

      Нима бўлганини ўзи ҳам билмайди, дафъатан Тўранинг аъзойи бадани қўрғошиндек оғирлашиб, дир-дир титраб, ўзини идора қилолмай қолди. У аста ўрнидан туриб, беихтиёр бир-икки қадам олдинга силжиди. Хаёлида фақат бир нарса ҳукмрон: «Камол қиз боламиди?!»

      Тўра Камоланинг қиз бола эканини билар эди-ю, аммо унинг ўғил болаларча муомаласи, ўзини тутиши-ю юриш-туришлари эътиқодига ўғил бола бўлиб сингиб кетган эканми, у ҳамон битта саволни такрорлар эди: «Ёпирай, Камол қиз боламиди?!»

      Тўра шундай хаёл билан беихтиёр силжий-силжий Камоланинг ёнига бориб қолганини сезмади. Тўсатдан унга Камоланинг кўзи тушиб қолди-ю, аввалига шошиб «вой!» деб кўкракларини бекитди, кейин жонҳолатда бақирди:

      – Кет! Кет!

      Товушининг аччиғини! Оламни бузиб юборай дейди-я! Нақ кўзларидан ўт чақнаб кетди. Тўрага худди шундай туюлди. У қизнинг товушидан қаттиқ уйқудан чўчиб уйғонгандек, сапчиб кетди-да, бирдан ўзига келди.

      – Кет деяпман сенга!!!

      Тўра Камола келаётган томонга ҳамон журъат қилиб қараёлмас эди…

      …Тўра ўкинч билан тўла ниҳоясиз хаёллари, аҳён-аҳён қаеринидир жиз этказиб, қаеринидир қитиқлаб ўйнаган ва нима эканлигини ўзи ҳам тузукроқ англаб етмаган ширин ҳислари оғушида, подани ҳайдаб, қишлоққа кириб келганини сезмай қолди.

      Одатда, қишлоққа яқинлашганида сигирлар илдамроқ юришади. Пода кетидан кўтарилган чанг худди ер бағирлаб сузиб юрган булутдай… одам одамни кўриб бўлмас даражада тўзон кўтарилган. Ҳар куни қийқиришиб, бир-бирларини туртишиб пода кетида хушчақчақ кириб келадиган Тўра билан Камолаларда ун йўқ. Кўча бошига кириб келиши билан ўрганиб қолган баъзи сигирлар ўз қўралари томон жадал йўл олишди. Бир тўп бола қий-чув кўтариб, чанг-тўзон орасидан ўз сигирларини қидиришар, топганлари эса олдига солиб қувлашар эди.

      Қишлоқ идорасига яқинлашиб қолишган маҳалда, тўсатдан ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди: узоқда кимнингдир йиғлаб қочгани, кимнингдир уни қувлаб, қарғаб келаётгани кўзига элас-элас чалинди. Қочиб келаётгани – қишлоққа яқинда кўчиб келган Франтишек деган поляк бола, қувлаб келаётгани эса – Ғиёс аканинг келини Зулайҳо хола эди. Бир тўп бола Зулайҳо холанинг кетидан кўча чангитиб чопиб келарди: баъзилари Франтишекни тутиш ниятида, баъзилари эса томошанинг пайида. Франтишек ўзини сигирлар орасига урди. Зулайҳо