кейин уларнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди шекилли, бизга кўп яқинлашмай қўйди. Одам боласи ҳар қандай шароитга кўникаркан. “Бошга тушса кўз кўрар деб” бекорга айтишмас экан. Мана шу кундузи сокин, кечаси нотинч бўлган Алвастисойда биз охир кузгача яшадик. Чунки бу ерда ҳамма нарса мўл-кўл эди. Овлаш учун ёввойи ҳайвон дейсизми, турли хил паррандалар дейсизми, ҳар хил мева-чева дейсизми, асал дейсизми, ҳаммаси бор эди. Охир кузда биз яна ўзимизнинг кошона кулбамизга–ертўламизга равона бўлдик. Ҳар доимгидай ҳеч қаёққа чиқмай қишки ҳаётимизни давом эттира бошладик.
Ҳа, азиз болаларим, азиз набираларим, азиз китобхонларим, мен ана шундай қизиқарли, лекин четдан қараганда ачинарли бечораҳол ҳаётда, лекин жуда гўзал ва ҳақиқий асл ёввойи табиат қўйнида ўсдим. Менинг пешанамга ёзилгани шу экан. Балки шу ҳам мен учун Аллоҳнинг синови бўлгандир.
Бу воқеа менинг ҳаётимдаги бир ёз ва бир кузда бўлиб ўтган. Менинг ёшлик ҳаётимда қизиқарли кунлардан ташқари жуда ҳам хатарли кунлар ҳам бўлган. Кузнинг охирги кунларидан бири эди. Кун жуда қаттиқ совуқ бўлмаса-да, изғирин шамол эсиб турарди. Мен табиат қўйнида, очиқ ҳавода ўсганим учун унча-мунча совуқни сезмас эдим. Устимда биргина кўйлак ва шалварим бор эди, холос. Оёғимда эса ҳеч нарса йўқ, ялангоёқ юрар эдим. Шу куни мен ертўладан анча узоқроқ кетиб қолган эканман. Баланд бир қоятош устида пастга қараб табиатни томоша қилиб, оёғимни пастга саланглатиб ўтирардим. Мен ҳар доим бир ўзим арчалар оралаб, қоятошлар устида ўйнаб юрардим. Бу менинг кундалик ҳаётим эди. Агар уйга яқинроқ жойда бўлганимда адашиб қолмаган бўлар эдим. Кун ҳам кеч бўлай деб қолган эди. Бир пайт паст томондан, арча ва бўталар орасидан одамлар овози эшитила бошлади. Мен яхшилаб қулоқ солиб кузатиб турдим. Кўп ўтмай уларнинг ўзлари ҳам кўринди. Улар мендан саксон-юз метрча нарида эди. Иккитаси аста атрофга назар солиб сўзлашиб келарди.
Уларнинг иккаласининг ҳам елкасида милтиқлари бор эди. Мен бу пайтда олти ёшдан ўтиб қолган бола эдим. Бир маҳал иккаласи мени кўрди-ю, бири-бирига қараб: “Анавини қара, бу ким-а, маймунми, айиқ боласими ёки одам боласими?” деб елкасидан милтиқларини олиб ўқлай бошлашди. “Бу ерда, бир тоғ орасида одам боласи нима қилади, отиб олсак кейин биламиз”, – дейишди. Қарасам отадиган, мен шоша-пиша қўрққанимдан тезда ўрнимдан сакраб туриб бор жон-жаҳдим билан жоним борича югуриб қочиб қолдим. Шунчалик тез югурдимки, бир зумда кўздан ғойиб бўлдим. Улар мени отишга улгуришмади. Орқамдан қанча вақт ва қаергача қувишди билмайман. Лекин топиша олмади. Худонинг ўзи бир сақлади. Ажалим етмаган экан. Мен улар етиб олса мени отиб ўлдириб қўяди, деган қаттиқ қўрқув натижасида сой бўйлаб тўхтовсиз югурардим. Анча вақт ўтгач йўлдан адашиб қолдим. Қоронғи туша бошлади. Қаттиқ изғирин шамол эса бошлади. Кун ҳам совуб кетди. Қаттиқ шамол таъсирида арча ва дов-дарахтлар шовиллаб овоз чиқарар эди. Эски, қуриган шох-шаббалар қарсиллаб синиб ерга тушарди.
Мен эса йўлимда давом этардим. Қанчалик узоқ юрдим, қаерга келиб қолдим