Анча юқорига кўтарилиб, бир тошнинг устига ўтириб, ҳушимни йиғиб пастга қарадим. Яхшилаб эътибор берсам, тўғри бизнинг ертўлага борадиган тоғнинг устига чиқиб қолган эканман. Пастга қараб шоша-пиша чопиб кетдим. Уйга кириб қарасам отам йўқ. Қорним жуда оч, ичим-ичимга ёпишгандай. Дарров дастурхонни титкилай бошладим. Лекин бир тўғрам ҳам нон ёки егулик нарса топа олмадим. Кейин қозоннинг қопқоғини очиб қарадим. Қозонда ҳам хеч нарса йўқ экан. Отам овга кетишида “Рисбек, мен қопқон ва тузоқларни кўриб келиб, кейин овқат тайёрлайман”, – деб кетган эди. Демак отам қайтиб келганда мен уйда бўлмаганман. Отам овқатга ҳам уринмай мени излаб чиқиб кетган.
На илож, барибир бирон нарса ейиш керак-ку. Дарҳол хамир қиладиган товоқни олиб, озгина ун солиб, сув қуйиб хамир қилдим. Лекин тузни топа олмадим. Хечқиси йўқ, бўлаверади. Тузсиз хамирни иккига бўлиб узунчоқ шаклда юмалоқлаб қўйдим-да, сўнг олов ёқиб, чўғ бўлгунча кутиб ўтирдим. Олов ёниб чўғ ҳосил бўлгандан кейин, юмалоқланган хамирни чўққа кўмиб қўйиб, сабрсизлик билан кутиб ўтирдим. Бироз ўтгач, хамирни чиқариб олдим. Мен учун шохона таом тайёр бўлди. Қўл бола ноннинг ярим қорайиб қўйган, ярми оқроқ кулга беланган. На чора, шунинг ҳам борига шукур. Дарров нонни пуф-пуфлаб тозалаб, сув билан худди биров еб қўядигандай шоша-пиша тез-тез ейишни бошладим. Ҳарҳолда қоринга бир нарса киргандай бўлди. Сўнг уйдан ташқарига чиқиб, ҳар томонга қараб, “ота-ота” деб бир неча бор овозим билан бақирдим. Кечаси овоз қаттиқ чиқар эканми, тоғ жаранглаб кетгандай бўлди. Аммо хеч ким жавоб бермади. Кейин ертўлага қайтиб кирдим. Жуда чарчаганман, совуқ ўтиб кетган. Бироз вақт қўл ва оёқларимни чўққа тутиб исиниб олдим-да, уйдаги бор нарсани – кўрпани, кийимларнинг ҳаммасини устимга ёпиб, уйқуга кетдим.
Конец ознакомительного фрагмента.
Текст предоставлен ООО «ЛитРес».
Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на ЛитРес.
Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.