бирон нарсага кўзи тушмади. Уй томларидан тутунлар юқори кўтарилиб борар, мактаб ёнидаги болаларнинг овозлари, шунингдек, отларнинг кишнаши, итларнинг вовиллаши хиёл эшитилиб турар эди… Бироқ Исмоилни биринчи навбатда уйида, ўз кулбасида нималар содир бўлаётгани қизиқтирарди, афсуски, тағин ҳам бирор-бир нарсани аниқроқ кўриш ёки фарқлаб олишнинг иложи бўлмади. Шундай бўлса-да, у ердаги қандайдир ғимир-ғимир ҳаракатлардан нималарнидир пайқаб олиш мумкин эди. Бироқ у ерда айнан қандай воқеа юз берганини аниқ билиш мушкул эди. Балки у яқинроқ борса, эҳтимол, манзара бирмунча ойдинлашармиди, аммо у бундай таваккалчиликка журъат қилмади. У тушгача шу зайлда бутазорда яшириниб, қаттиқ совқотган ҳолда беҳудага қулоқ тутиб, кўз тикиб жуда қийналиб кетди. Сўнгра ўзини пана жойга – бошпанасига олди, кечга яқин эса чор тарафга сергак назар ташлаганича яна аввалги жойига қайтиб келди. Энди у бу сафар ўз фаҳм-фаросати билан онаси аниқ қазо қилганини сезди: ҳовлидаги ғимирғимиру ҳўнграшлар онасининг ўлими у озиқ-овқати ва қуроли сақланаётган пана жойга борган кезларда содир бўлганидан далолат берарди.
Энди ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолмаган эди. Онаси оламдан ўтган. Шу сабабдан у ўзини фавқулодда оғир юк остида қолгандай ҳис этди. У бутазор тагида ўлдирилган қўрқинчли йиртқич қиёфасида чўзилиб ётар эди.
Исмоил кеч кириб, оқшом охирлаб қолганда ўнқир-чўнқирликлар бўйлаб юриб қишги полиз экинлари ёнига келиб тўхтади ва бир оз муддатдан сўнг ўтган кечаси термилиб тургани – ўша терак томон юрди ва шу ерда қоққан қозиқдек туриб қолди. Энди эса онасининг бу ёруғ оламни тарк этганига сира шак-шубҳа қолмаган эди. Ҳовлида ўчоқда олов ёниб турарди: афтидан, дошқозонда сув иситишаётган бўлишса керак. Турфа товушлар қулоққа чалинарди. У тағин ўша бир қўлли Мирзақулнинг таниш овозини эшитди. У бу ерда маслаҳатлар бериб, кайвонилик қилиб турарди. Одамлар унга қандайдир жавоблар қайтариб хайрихоҳлик қилишарди. Отлиқ кишилар ҳам келиб-кетиб туришибди. Демак, энасини эртага дафн этишади. Эрталабдан тайёргарлик ишлари бошланади, йиғи-сиғи қилишади; жаноза ўқилади, пешин пайтида эса жасадни овулнинг юқори қисмида жойлашган қиятепадаги қабристонга олиб боришади. Ўшандагина Исмоилнинг хаёлига, ахир олдин гўр қазиш керак-ку, деган фикр келиб қолди. Бу ишни ким бажарар экан? Гўр қазилдимикин ёки бу ишни эрталабга қолдиришдими? У қайтишда қабристонни бориб кўришга ва қабр қазилган ёки қазилмагани ҳақида ишонч ҳосил қилишга қарор қилди. У шу тариқа ўта гарангсиган, дили вайрон бўлган, паришонхотир ҳолатда терак остида турарди.
Сўнгра у овулнинг чеккаси бўйлаб қиятепадаги катта қабристон томон оҳиста одимлаб кетди. У тун қоронғисида тусмоллаб қадам ташлар, аламли қайғудан эзилиб, тинмай йиғлайверганидан кўзлари хиралашиб қолгани учун гоҳ йўлдаги ўнқир-чўнқирларга йиқилиб тушар, гоҳ аллақандай тўсиқларга тўқнашиб кетар эди. Шунда у ҳаттоки: – Мен кимман ўзи, қаёққа кетаяпман, жин урганми мени, бу оламда нима учун яшаяпман-а? – деб ўйлаб ҳам қолар эди.
Қиятепадаги кўҳна қабристонга анча