армияга кетиб қолганидан, мен икки уйнинг дастёр йигити бўлиб қолгандим. Шунинг учун ҳам ўзимда қандайдир масъулият ҳис этардим. Бу ойимга жуда ёқарди, пишиқ бўлсин, ёғочдан бошқани билмайдиган отасига ўхшамай, рўзғор ишларига аралашиб, кўзи пишсин, дер эди. Мен аравамни чорбоғнинг четига, кўланкага ҳайдаб келсам, қамчисини қанжиғасига қистириб олган бригадир Ўрозмат оға билан ойим эшик олдида негадир айтишиб турган экан. Уларга яқинлашганимда ойимнинг овози эшитилди:
– Бормайди! Ахир, бу инсофдан эмас-ку. Худодан қўрқишсин! Хотин кишининг арава ҳайдагани нимаси. Худо хайрингни берсин, айланай, келинимга тегма, ўроғини ўриб юраверсин, шусиз ҳам ёлғизлик азобини тортиб, иккала хонадоннинг тирикчилигидан бош қашишга ҳам қўли тегмайди! Бунинг устига, бир ҳафтадан бери белим санчиб, анови жўхорилар қаровсиз қолди. Бахтимга, яхшиям ўша муштдек қизча бор экан…
Ойим одатича рўмол учларини кўйлагининг ёқаси остига қистирар эди.
Ўрозматнинг чайқала-чайқала тинкаси қуриди.
– Оббо сиз-ей, – деди у, – агар тўрт мучалим соғ бўлиб, қўлимдан келса, ўзимоқ илгаригидек қопларни аравага ирғитиб-ирғитиб, отларни чоптириб кетмасмидим! Иложи йўқ-да, ёш келинларга арава ҳайдатиб бўладими, десак, ўзи рози бўлган келинингизни сиз йўлдан урсангиз, бунақада план тўлармиди: бошлиқлар фронтга юбориладиган ғаллани нега тўхтатдинглар, деб столни муштлаб, бизга дўқ урса, ахир нима қилайлик, сиз ҳам тушунинг-да!
Бригадир менинг қамчини судратиб келаётганимни кўриб, гўё миясига бир яхши фикр келгандек хурсанд бўлиб кетди.
– Агар келинимга йўл-пўлда тентак аравакашлар тегажаклик қилади, деб қўрқсангиз, мана, қайниси бор-ку,– деди мени кўрсатиб. – Бу иним янгасига бировни яқин йўлатиш у ёқда турсин, қарагани ҳам қўймас. Сеит ҳам чакана эмас, азамат йигит-ку. Садағаси кетай, жонимизга ора кираётганлар мана шу болалар-да…
Ойим мени кўргач, бригадирнинг сўзини бўлиб, ялина бошлади:
– Қаёқларда тентираб юрибсан, болам? Сочларинг ўсиб, девонага ўхшаб кетибсан-ку. Отаси тушмагур боласининг сочини олишга ҳам қўли тегмайди… Ота эмиш…
– Ундай бўлса, майли, бугун сочини олиб, чол-кампирлар ёнида бир дам олсин, – деди Ўрозмат чеҳраси очилиб, – Сеитжон ука, бугун уйда қолиб, отларингга бир оз дам бер. Эртага Жамилага арава берамиз, янгангни бирга олиб, унга ўзинг бош бўл. Сиз эса, онаси, Сеит бор экан, кўнглингиз тўқ бўлсин, камлик қилса янги келган Дониёрни ҳам қўшиб берай: ўзингиз биласизки, у бировга зиёни тегмайдиган хокисор одам… Ўзларича уч арава бир бригада бўлиб, станцияга қатнайверишсин, майли, буларнинг ёнига бошқаларни қўшмай… Хўш, Сеит, сен нима дейсан? Бу, ойинг Жамилага арава ҳайдатайлик, десак, кўнмаяпти. Қани, ўзинг бир нарса де-чи…
Бир томони, бригадир мени роса кўкларга кўтариб мақтагани, иккинчидан, катта кишилардек мендан ақл сўрагани, бунинг устига, янгам ёнимда арава ҳайдаб юрса қандай маза бўлади, деган болаларча хаёл билан ишбилармон одамлардек ойимга дедим:
– Ҳайдаса