овулда мендан бошқа йигит йўқ, дегандек, аёлларни ҳечам назарписанд қилишмасди. Бир куни пичан ўримида, юр, десам бўлди, орқамдан эргашиб келаверади, деб ўзига ишонганларнинг бири – узоқ қариндошимизнинг ўғли Усмон янгамга тегажаклик қилаверган эди, у Усмоннинг қўлини силтаб юборди-да, ғарам соясида ўтирган жойидан тураркан:
– Тур йўқол! – деб ўшқирди ва тескари қараб олди.– Қўлларингдан модабозлик қилишдан бошқа иш келармиди.
Ғарам остида талтайиб ётган Усмон қалин лабларини нафрат билан буриштириб тўнғиллади:
– Ола, мушукнинг бўйи шифтга осиғлиқ турган гўштга етмай, пуф сассиқ, деган экан… Шунга ўхшаб, кўп ноз қилаверма. Ичингда жон-жон деб турибсану, яна…
Жамила унга ялт этиб қаради-да:
– Жон-жон деб турсам тургандирман. Лекин пешонамга ёзилгани шу экан, нима қилай. Эй, аҳмоқ, бунинг куладиган жойи борми? Жон-жон дейиш у ёқда турсин, минг йил тоқ ўтсам ҳам сенга ўхшаган шумшукларга назаримни солмайман. Аҳмоқсан. Илгаригидек тинч замон бўлганда шундай деб бўпсан эди! – деди.
– Шуни айтяпман-да! Урушнинг касофати билан қамчи емай қутуриб юрибсан-да, – деди истеҳзо билан Усмон кўзларини ўйнатиб тамшанаркан. – Менинг хотиним бўлганингдами, нима қилишимни ўзим билардим!
Жамила лаблари дир-дир титраб, Усмонга еб қўйгудек бўлиб қаради, унга бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтладию, лекин «шу аҳмоқ билан айтишиб нима обрў топдим» деб ўйлади шекилли, жирканч билан «туф» деди-да, ерда ётган паншахасини елкасига ташлаб, индамай нари кетди. Мен бериги томонда араванинг устидан хашак тушираётган эдим. Жамила мени кўриши билан бошқа томонга бурилиб кетди. Янгам менинг қай аҳволда эканимни сезган эди. Назаримда, янгамни эмас, мени ҳақорат қилишгандек изза бўлиб, ғазабим қайнаб кетди. «Нега уларга ёндашасан, нега улар билан гаплашасан?» – деб янгамга жоним ачидию, ичимда уни койидим.
Жамила ўша куни кечгача нохуш юрди, кулмади ҳам, гапирмади ҳам. Мен шоти аравани ҳайдаб ғарам олдига борганимда, Жамила мени гапирмасин деб атайлаб ишга алаҳситиб, дилини ўртаётган ўй-фикрларини яширишга ҳаракат қилди, у паншахасини каттакон пичан ғарамига санчди-да, гўё тоғни ағдараётгандек уни ердан шартта кўтариб, юзини яширганича ғайрат билан пичанни аравага отаверди. Ундан узоқлашар эканман, қайта-қайта орқамга қайрилиб қарардим: янгам паншаха дастасига суяниб бир оз хомуш турар, ўйланиб қолар, кейин яна ишга тушиб кетарди.
Мен аравага охирги марта пичан босар эканман, Жамиланинг ботиб бораётган қуёшга узоқ тикилиб турганини пайқадим. Қуёш дарёнинг нариги ёғида, қозоқ даштларининг аллақаерида ўт ёқилган тандирнинг оғзидек алангаланиб, ҳолдан тойиб, осмонда сузиб юрган паға-паға булут парчаларини қизғиш рангга бўяб, бинафшаранг даштликка сўнгги шуълаларини сочиб, аста-секин уфқ орқасига ўтиб борарди. Жамила қўли билан қуёшни тўсиб, ўша томонда ажиб бир манзара бордек, кўзларини узмай, кулимсираб қараб турарди. Энди унинг чеҳраси очилиб, кўнгли анча кўтарилган эди.
Ўшанда