нима қилиқ, ҳар ким ўз билганича ишлайверадими? Қани, қўлингни бер, қўллашганни Худо қўллайди! Ҳой, кичкина бола, аравага чиқ, қопларни жойлаштир!
Жамила Дониёрнинг қўлидан шартта ушлаб, қопни икковлашиб кўтарганида, Дониёр уялганидан қип-қизариб кетди. Шундан кейин ҳам улар қопларни қўллашиб кўтариб босишди, қўллари бир-бирига чирмашиб, қоп устидан аста сирпаниб тушаркан, Дониёр ўнғайсизланиб унга қарамасликка ҳаракат қиларди. Жамила бўлса парвойи фалак, ҳар сафар тарозибон хотиннинг ёнига келганида, у билан ҳазил-ҳузул қилиб, ҳиринг-ҳиринг кулишарди. Жўнаш олдидагина у кўзини бир қисиб қўйиб, Дониёрга:
– Ҳой йигит, исминг нима, Дониёрмиди, кўринишдан эркакка ўхшайсан-ку, қани, йўл бошла! – деди.
Дониёр бу сафар ҳам миқ этмади. Жамилага чўчигандек бир қараб қўйдида, аравани ҳайдаб кетди.
«Оббо шўринг қурғур-эй, мунча уялмасанг!» – деб ачиниб қўйдим унга.
Йўл олис, даштдан йигирма чақиримча йўл босиб, Қоратоғ дарасидан ўтиб, станцияга бориш керак. Шуниси яхшики, хирмондан то станциягача йўл қиялаб боради, отларга ҳам анча енгил эди. Улуғтоғ тоғининг этагидаги кўм-кўк дарахтлар ичига кўмилган овулимиз то дарадан чиқиб кетгунча худди кафтдагидек аниқ кўриниб турарди. Даранинг этагидан эса темирйўл кесиб ўтади.
Шундай қилиб, биз ҳар куни станцияга ғалла ташиб юрдик. Овулдан эрталаб чиқиб, станцияга пешинда етиб борамиз. Тақир йўлдаги шағал арава ғилдираклари остида ғичирларди. Кун исиган сайин отларнинг яғринларидан тер қуйилиб оқарди…
Саратоннинг жазирама қуёши ҳаммаёқни қовжиратиб куйдиради. Станцияга келсанг от-араванинг кўплигидан қадам босолмайсан. Тоғ этагидаги узоқ колхозлардан эшак ва ҳўкизларга ғалла ортиб келган болалар билан хотинларнинг кийимлари тердан шўри чиқиб, чанг босган бетлари қорайиб куйиб, шамолдан лаблари ёрилиб, ялангоёқ, яланг бош ҳориб-толиб келардилар. Заготзернонинг ҳовлиси қий-чув бўлиб, унинг дарвозасига: «Ҳамма ғалла фронт учун!» деган шиор ёзиб қўйилганди. Пахса билан айлантириб олинган пастқам ҳовлининг ташқарисида вагонларни бир-бирига улаб юрган паровоз қайноқ буғ чиқариб, қумурсқадек тинмай ҳаракат қиларди. Сал наридан поездлар қулоқни кар қилгудек даражада бўкиришиб ўтишади. Худди дарвоза олдига чўктирилган туялар ўрнидан тургиси келмай, жини қўзиб, кўпик сочиб овозининг борича бўкирарди.
Каттакон каппоннинг ичига ғалла тоғ-тоғ қилиб уйиб ташланган. Ғалла солинган қопларни орқалаб тахта трапдан ана шу уюмларнинг тепасига олиб чиқиб тўкиш керак. Каппоннинг қизиган тунука томидан чиққан бўёқ аралаш темир ҳиди буғдой чанги билан бирга қўшилиб димоғни қичитарди.
Уйқусизликдан кўзлари қизариб кетган омборчи пастда қўлини пахса қилиб сўкинарди:
– Ҳой бола, кўзингга қара, устига чиқариб тўксанг-чи!
У нега сўкинади? Сўкинмаса бўлмайдими? Ўша ерга олиб чиқиб тўкиш кераклигини ўзимиз ҳам биламиз-ку.
Биз бу ердагина эмас, балки даланинг ўзида, ерга дон ташланган кундан меҳнат қиламиз. Ёш-яланг,