де, кичкина бола, кетдик!» – дердида, ўтирган еридан сапчиб туриб, қийқириб, қамчинини ўйнатганча аравани ҳайдаб кетарди. Мен ҳам ундан қолишмасдим. Ҳаш-паш дегунча олдинда бораётган Дониёрни қувиб ўтиб кетардик. Дониёр орқада чанг-тўзон ичида қоларди. Аслида бу ҳазил бўлса-да, лекин бундай ҳазилга ҳамма ҳам чидайвермасди. Бироқ Дониёр ғинг демас, ранжимас эди. Биз чанг-тўзон кўтариб, унинг ёнидан тасира-тусур қилиб ўтиб кетсак ҳам у гўё айбдор кишидек мулойимгина кулимсираб, аравада тик турганича отларга устма-уст қамчи босиб бораётган Жамилага ажабланиб, индамай қараб қоларди. Унинг жаҳли чиқдимикин, деб орқамга қайрилиб қараганимда, чанг қуюни ичида қолган Дониёрнинг мамнун бўлгандек Жамиладан кўзини олмай тикилиб турганини пайқардим. Унинг бу қарашида ўта кўнгилчанлик, олижаноблик билан бирга, юрагини куйдираётган аллақандай сирли бир ҳасрат борлиги сезилиб турарди. Жамиланинг бу қилиқларини, истеҳзоли кулишларини, ёнидан гўё менсимаган кишидек индамай ўтишларини Дониёр ҳечам кўнглига оғир олмас, барига чидаб, бир оғиз сўз қайтармас эди. Баъзида Дониёрга раҳмим келиб:
– Қўйдай ювош одамнинг дилини оғритганинг нимаси, янга? – десам, Жамила менга:
– Ке, қўй, шуни гапирма! – деб қўлини силтаб кулиб қўярди. – Э, шунчаки бекорчиликдан ҳазиллашаман-да. Нима, бирон жойи камайиб қолармиди!
Бора-бора янгамга қўшилиб мен ҳам ҳазил-ҳузул қиладиган бўлдим. Чунки Дониёрнинг Жамилага маъноли тикилиб қарашлари менга ғалати туюла бошлади. Айниқса, Жамила қоп кўтарганида Дониёр кўзининг қири билан унга тикилиб қоларди. Ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, кўпчилик иш билан алаҳсиб, буни пайқамайди, деб ўйлайди шекилли. Аравакашлар қийқириғи отараваларнинг кўплигидан станциянинг худди бозорга ўхшаб кетган тўстўполон ҳовлисида Жамила қанчалик қийналмасин, сира бўш келмай елибюгуриб ишлаганидан, қаҳқаҳа уриб кулганидан у ҳаммадан ажралиб кўзга яққол ташланиб турарди. Жамила арава четига қўйилган қопларни кўкрагини кериб елкасига оларкан, қоп-қора қўнғир соч ўримлари ерга тегай-тегай деб кетар, салмоқ билан орқасига бурилганида эса қисиқ кўзларининг қорачиқлари киприклари орасидан ялт этиб кўринарди. Ўшанда қоп кўтарган Жамила каппоннинг эшигига етгунга қадар Дониёр уни зимдан кузатиб қоларди. Мен буни пайқаб юрардим. Ҳадеганда кўнглимга оғир олмаган бўлсам ҳам, лекин кейинчалик Дониёрнинг янгамга бундай зимдан назар ташлаб юриши менга ёқмади, ҳатто иззат-нафсимга теккандек бўлди: ҳеч кимга раво кўрмай қизғаниб юрсаму Жамилага бошқалар қолиб, Дониёрбой кўз тиксая. «Дониёрки, Жамилага кўз тикдими, бошқалардан хафа бўлмасам ҳам бўларкан! Тавба!» – дердим жаҳлим чиқиб ўзимга ўзим.
Энди Дониёрни мўмин-қобил йигит деб аямоқ у ёқда турсин, ёмон кўра бошладим. Шундан кейин мен яна янгамга қўшилиб, уни масхара қила бошладим. Аммо бу ҳазилимизнинг таги зил бўлди.
Ғалла ташиб юрган қопларимиз орасида олачадан тикилган етти пудли катта бир қоп бор эди. Ҳамиша янгам икковимиз уни каппонга олиб бориб ерга тўкардик,