Чингиз Айтматов

Танланган асарлар: Қиссалар


Скачать книгу

саҳарда туриб, ялангоёқ, ялангбош шабнам тушган бедазор орқали ўтлоқдаги тушовланган отларнинг олдига бораётганимда ҳам бу куй менга ҳамроҳ бўларди. Тоғ орқасидан мўралаб кўтарилган қуёш худди менинг қувончимга шерик бўлгандек жилмайиб нур сочарди.

      Олтин доналари каби кекса хирмончиларнинг паншахаларидан сачраб тушаётган буғдой доналарининг майин шилдирашида ҳам, кўкда парвоз қилиб юрган ёлғиз калхатнинг қанот қоқишида ҳам, хуллас, кўриб, уқиб, сезиб юрган нарсаларимнинг ҳаммасидан Дониёрнинг куйи эшитилаётгандек бўларди.

      Кечқурун дарада арава ҳайдаб бораётганимизда мен ўзимни худди бошқа бир оламга кириб бораётгандек ҳис қилардим. Кўзларимни юмиб Дониёрнинг ашуласига қулоқ солар эканман, она сути билан қонимга сингиб, бир қаричлигимдан таниш бўлган манзаралар кўз ўнгимдан бирма-бир ўта бошларди: гоҳ овулнинг зумрад осмонидан паға-паға булутлар сузиб ўтишар, гоҳ ўтлаб юрган йилқилар уюри дукурлашиб, кишнашиб яйловда чопиб қолишар, қулунлар кокилларини ўйнатиб қопқора кўзларини жавдиратганларича оналарини қидиришиб қолар, гоҳ сурув-сурув қўйлар тепаликларда ўтлаб юришар, гоҳ қоялардан оқиб тушаётган шалола ойнадек ярқираб кўзларни қамаштирар, денгиздек мавжланиб ётган қамишзорлар орасига чўкиб бораётган қуёшни лоларанг уфқ сари йўртиб бораётган ёлғиз отлиқ мана ҳозир қўли билан ушлаб оладигандек бўлиб туюларди, кейин ўзи ҳам қуёш билан бирга буталар орасига кириб ғойиб бўларди.

      Ў, жонажон бепоён далам! Қозоқ жондошимнинг ери билан пайванд бўлган азамат далам. Мана, тоғларимизни икки ёққа айириб ташлаб, қамиш ва шувоқларга кўмилиб, буюк бир денгиздай чайқалиб ётасан. Нималарга қодир эканлигингни ким билади сенинг! Қароғим, сиртингдан қараса қимирлаган жон йўқдек бўзариб ётганинг ётган. Аммо кечагина қон-қардошларинг униб-ўсган бағрингда уруш бошланиб, душманлар ўлкамизга чанг солганда, қучоғингдаги гиёҳлар ёниб, довюрак чавандозларинг душман устига шердек ташланганда, мусаффо осмонингни иссиқ чанг қоплади, еру кўк ларзага келди. Ўшанда қирғоқнинг нариги бетидан от ўйнатиб келган қозоқ хабарчиси:

      – Отлан, қирғиз, отлан! Ёв келди! – деб саратон қуюни ичида яна қаёққадир отини елдек учириб кетди.

      Ўшанда кенг далам, дарёларим, тоғларим ларзага келиб, ўз элини отга мингизди. Йигитлар жангга отланганда осмону замин титраб, ёвни маҳв этишга чорлаб бонг урилди. Минглаб узангилар бир-бирига тегиб шақирлашиб, сонсаноқсиз чавандозларнинг кўзларидан қаҳр ва ғазаб ўти чақнаб, эл билан, юрт билан хўшлашди. Уларнинг олдида қизил байроқлар ҳилпираб, орқада отларнинг туёғидан чиққан чанг орасида оналар ва жувонлар: «Кенг даламиз мададкор бўлсин! Хосиятли она Ер мадад берсин! Буюк Манаснинг руҳи ёр бўлсин!» – деб бўзлаб қолишди.

      Сенга жоним фидо, эй муқаддас далам, тоғларим! Элимга шу куч-қудратни сен ўзинг бердинг.

      Мана шуларнинг барисини Дониёр куйга солиб, кўз ўнгимда ёрқин гавдалантириб, сермазмун кенг оламнинг бутун зеб-зийнатини, кўркини очиб кўрсатди.