Чингиз Айтматов

Танланган асарлар: Қиссалар


Скачать книгу

сув жимирлаб оқмоқда. Сув ўртасида кўкариб турган бинафшаранг ялпиздан атрофга муаттар ҳид тараларди.

      «Қани энди рассом бўлсаму, мусаффо гўзал тонгни, кўк билан ўпишган азамат тоғларни, шудринг қўнган кўм-кўк бедазорни, ариқ бўйидаги бир туп кунгабоқарни суратга солсам!»

      Бироқ хирмонга келишим билан бу ширин хаёлларимдан асар ҳам қолмай, кўнглим ғаш бўлди. Афтидан, Жамила ўтган кечаси ухламай чиққан бўлса керак, кўзлари киртайиб, қовоғидан қор ёғиб турарди. Менга у ҳеч нарса демади, қайрилиб қарамади ҳам. Хирмонга бригадир Ўрозмат келиб, энди отидан тушаётганида, Жамила унинг ёнига борди-да, салом-алик ҳам қилмай, томдан тараша тушгандек гапириб қолди:

      – Аравангизни олинг! Қаёққа юборсаларинг ҳам майли, лекин станцияга ғалла ташимайман!

      – Ие, сенга нима бўлди, Жамилахон, жин тегдими? – деди Ўрозмат ҳазиллашиб.

      – Жин теккани йўғу, лекин бормайман дедимми, бормайман.

      Ўрозматнинг жаҳли чиқди:

      – Бу гапингни қўй, ғалла ташийсан, вассалом! – деди у қўлтиқтаёғини ерга дўқ эткизиб уриб. – Агар биров хафа қилган бўлса, айт, мана шу таёғим билан гарданига бир туширай. Бўлмаса, ишингга жўна. Ғалла менга эмас, фронтга керак, эринг ҳам фронтда-ку.– Бригадир жаҳл билан шартта бурилди-да, тез-тез одимлаб кетди.

      Жамила ғинг деёлмай, қўлидаги қамчинини ўйнатиб, айбдор одамдек, қизарганича туриб қолди. Бериги ёқда турган Дониёрни кўрди-ю, сир бой бермай, оғир хўрсиниб қўйди. Дониёр ҳамма гапни эшитди-ю, лекин сездирмади. У тескари қараганча хомут ипларини қаттиқ тортиб боғлай бошлади. Жамила ҳам хирмон ўртасида бирпас турди-да, сўнг: «Э, нима бўлса бўлар», дегандек қўл силтаб араваси томон кетди.

      Ўша куни биз овулга ҳар кунгидан барвақт қайтдик. Чунки бораётганда ҳам, келаётганда ҳам Дониёр отларини зовталаб ҳайдаб борди. Жамила ғамгин, гапирмас эди. Мен қақраган бийдай далани кўриб кўзларимга ишонмасдим: ахир куни кеча у худди афсоналарда тасвирлангандек гуллаб-яшнаб турганди-ку… Кечаги ажойиб манзара, Дониёр билан Жамиланинг аравада ёнма-ён ўтирганлари сира кўз ўнгимдан кетмас эди. Гўё ҳаётнинг энг гўзал бир лавҳасини қўлимда ушлаб тургандек бўлардим. Ўша ажиб бир лавҳа бутун фикр-ёдимни банд қилган эди. Ўйлаган мақсадимга етмагунимча жоним тинчлик топмайдигандек эди. Хирмондаги ҳисобчининг бир варақ қалин қоғозини ўғирлаб олиб, ғарам орқасига яшириб, ғалла совурадиган курак устига қўйганимда юрагим чиқиб кетаётгандек дукиллаб бўғзимга тиқилди. Отам мени биринчи марта от устига мингизгандаги каби «Бисмилло!» дедим-да, қаламни қоғозга теккиздим. Ана-мана дегунча Дониёрнинг қиёфасини қоғозга чиза бошладим. Лекин бу ҳали мукаммал бўлмаган, шунчаки ўргамчикка чизилган сурат эди. Лекин Дониёрнинг қомати ўзига анча ўхшай бошлаганида бошим кўкларга етиб, у ердалигимни, нима иш қилаётганимни ҳам унутиб қўйдим. Ўша август туни, ястаниб ётган бепоён дала қоғоз бетида жилолангандек, Дониёрнинг дилрабо куйи ҳозир ҳам қулоғим остида жаранглаб тургандек бўлди. Кўз ўнгимда солдатча кўйлагининг