шекилли, унга қарамай куйлайверди. Бир оздан сўнг Жамила қўлларини аста-секин Дониёрнинг елкасига ташладида, унга суяниб, бошини елкасига қўйди. Шунда Дониёрнинг товуши бир зум титради-ю, кейин яна ҳам кучайиб, қўнғироқдек янгради. У севги ҳақида куйларди.
Тонг отиб, гуллаган водий юзидан қора парда кўтарилганда мен ўша кенг дала ўртасида севишган икки ёшни кўрдим.
Улар менга ҳеч назар солмасалар ҳам кўз остидан қараб, сеҳрлангандек эргашиб борардим. Севишганлар мен билан иши бўлмай, фақат менигина эмас, балки бутун борлиқни ҳам унутиб юборгандек, жонга ором берувчи куй оқимида чайқалиб, бир-бирига термилишиб секин боришарди. Назаримда, Дониёр билан Жамила бутунлай бошқача бўлиб қолгандек эди.
Булар мен илгари кўрмаган-билмаган қандайдир янги, бахти кулиб боққан кишилар эди.
Ҳа, уларнинг бири кўзи қоронғида ўтдек ёниб, эски кўйлагининг ёқасини очиб юбориб, дала-даштга янгроқ куй таратиб бораётган Дониёр эди.
Ҳа, иккинчиси, Дониёрга эркаланиб жимгина ўтирган менинг янгам Жамила эди! Унинг киприкларида севинч ёшлари милтирар, юзида бахт нури порлар эди.
Чинакам бахт шу эмасми? Дониёр ўзидаги она Ватанга, ёруғ дунёга бўлган оташин, юксак меҳр-муҳаббатини ҳам, ана шу улуғ севги туғдирган дилрабо куйни ҳам Жамилага тортиқ этди. У Жамила учун, Жамила ҳақида куйларди. Ахир бахт дегани шу эмасми?! Уларга юрагимдан бахт-саодат тиладим. Дониёрнинг куйлари мени яна ҳаяжонга солди-да, бирдан, кутилмаганда миямга ғалати бир фикр келди: «Мен уларнинг суратини чизаман!» – дедим ўзимча ва гўё нодир бир нарса топиб олгандай ўзимда йўқ суюниб кетдим. Лекин шу заҳоти ўз фикримдан ўзим чўчиб кетдим: «Бу иш менинг қўлимдан келармикин, эплай олармикинман?» Лекин орзу-истак қўрқувдан кучли келди. «Ҳа, мен уларнинг суратини албатта чизаман, мен уларни худди ҳозиргидек бахтиёр қилиб тасвирлайман!» – дердим.
Мен шундай ширин орзу-хаёллар оғушида маст бўлиб, атрофга назар ташлар эканман, август туни кўзимга яна ҳам гўзал кўриниб, дала гуллабяшнаётгандек бўлиб туюларди. Орзу-ниятимга худди ҳозир етадигандек бўлардим. Лекин энди билсам, ўшанда жуда ғўр, ёш бола эканман, келажакда қанчадан-қанча қийинчиликларга дуч келишимни билмаган эканман. Мен ўзимга, она Ерни Дониёр кўзи билан кўра билиш, Дониёр қалби билан сева билиш керак, дердим. Мен унинг ажойиб ашулаларини бўёқлар ёрдамида ҳикоя қилиб бераман. Менда ҳам ўша тоғлар, далалар, майсазорлар, булутлар, дараларнинг жонли тасвири берилади. Бунинг учун жуда катта маҳорат кераклигини ўйламай, «бўёқларни қаердан олсам экан, мактабдан сўрасам беришмас, ахир ўзларига керак-ку!» – деб ташвишланиб юрардим. Энди билсам, ўшанда чучварани хом санаб, болалик қилиб юрган эканман.
Дониёрнинг ашуласи нима учундир бирдан узилиб қолди. Бундай қарасам, Жамила Дониёрни маҳкам қучоқлаб, уни бағрига босиб олган экан. Бироқ шу заҳотиёқ нимадандир чўчигандек тисарилиб, аравадан сакраб тушди. Дониёр шошиб қолганидан тизгинни тортиб аравани