Аммо тоғ бошлангандан кейин секинроқ ва эҳтиёткорлик билан юришга тўғри келди. Бу моторнинг қуввати етмаслигидан эмас, албатта. Тепаликка чиқишга қараганда, пастликка тушиш анча қийин эди. Прицеп нишабликдан ўқдай ғизиллаб келиб, машинага зарб билан урилар ва унинг тинчгина тушишига халақит берар эди. Ҳар қадамда тормоз бериб, тезликни камайтириш ва рулни зийраклик билан бошқариб туришга тўғри келарди. Бошда ўзимни дадил тутдим, унча-мунча нарсага эътибор бермасликка ҳаракат қилдим, лекин борган сари хавотирланиб, асабларим бузила бошлади. Ҳали йўлда яна қанчадан-қанча тепалик ва нишабликлар учрайди. Буларни санаб чиқиш ҳеч кимнинг хаёлига келганмикин! Шундай бўлса-да, руҳимни туширмадим. Бу ерда ҳолдан тойишдан бошқа ҳеч нарса кўнглимга таҳдид солмасди. «Ҳечқиси йўқ, – деб овутардим ўзимни ўзим. – Довонга чиқиш олдидан нафасимни ростлаб оламан. Довондан албатта ошиб ўтаман!» Бироқ мен нега ўша кузда машинани шатакка олганимдагига қараганда ҳозир кўпроқ қийналяпман, деб ўйлаб ўтирмадим.
Дўлан тобора яқинлашиб келмоқда. Чироқ нурлари қоп-қора тун қўйнига чўккан улкан даранинг қояларини сийпалаб ўта бошлади. Қорли қалпоқларини бостириб кийиб олган бу қоялар йўл устида осилиб турарди. Чироқ нурларида паға-паға қор парчалари ялтираб кўрина бошлади. «Юқоридан шамол учириб тушаётган бўлса керак», дедим ўзимча. Аммо қор парчалари кабина деразаларига ёпишиб, эриб, пастга сирқиб тушарди. Демак, қор ёғаяпти. У сийрак ёғаётган бўлса ҳам нам қор эди. «Бунисига бало бормиди!..» – дедим ғижиниб. Ойна тозалайдиган чўткаларни ишга солдим.
Довоннинг дастлабки баландликлари бошланди. Мотор одатдагидек ўзининг мунгли қўшиғини куйлай бошлади. Унинг зўриқиб бир оҳангда гувиллаши қоронғида ўрмалаб бораётган қўнғиз боласини эслатарди. Ниҳоят маррага етиб келдим. Энди олдинда пастга қараб қиялаб кетган олис йўл. Мотор овози пасайиб, машина қуйига қараб туша бошлади. Мана энди у ён-бу ёнга қараб тебраниб бормоқда. Мен прицепнинг орқада лапанглаб, йўл-йўлакай машинага шарақлаб келиб урилаётганини сезиб, ҳалқаларнинг туташган еридан ғижирлаб чиқаётган металл овозларини эшитиб турардим. Бу ғижирлаш овози ғашимни келтириб, белимни, билакларимни сирқиратиб оғритаётгандек бўларди. Ғилдираклар тормозга итоат қилмай, нам қор тўшамида сирғалиб боради, машина сирғалиб бир силкиниб кетган эди, рули қўлимдан чиқиб кетдида, шақир-шуқур қилиб, йўл бўйлаб, қиялаб пастга томон ғизиллаганча тушиб кета бошлади. Шунда мен дарҳол рулни буриб, машинани тўхтатдим. Бу ёғига юриш амримаҳол эди, оёқ-қўлимда жон қолмаганди. Машина чироғини ҳам, моторини ҳам ўчирдим. Таёқдек қотиб қолган қўлларим худди ясама қўлдек пастга шалоп этиб тушди. Мен ўриндиқ суянчиғига ўзимни ташлаб, тошдай қотиб ўтирар ва хириллаб нафас олаётганимни ўзим ҳам эшитиб турардим. Шу тахлитда бир неча дақиқа ўтириб, нафасимни ростлаб олдимда, папирос чека бошладим. Чор атрофим қоп-қоронғи зимистон, даҳшатли сукунат. Фақат кабина тешикчаларидан шамол ғувиллаб кириб турарди. Олдинда нималар кутаётганини тасаввур қилишдан юрагим ваҳимага