Чингиз Айтматов

Танланган асарлар: Қиссалар


Скачать книгу

нимани гапираман! – дедим мен нафасим бўғзимга тиқилиб. Чунки ҳали оғиз очишга улгурмасданоқ юлиб-тортқилашиб, тугмамдан биронтасини ҳам қолдиришмай узиб юборишганди. – Мен довонда бир машинани юки билан шатакка олиб, йўл тузатувчилар участкасигача обориб қўйганман. Бор гап шу.

      Йигитлар ишонмагандек жим бўлиб қолишди.

      – Хўш, торта олдингми? – деб сўради кимдир шубҳаланиб.

      – Ҳа, бутун Дўландан то участка ҳовлисигача тортиб бордим.

      – Ҳо, жуда зўру! – деди кимдир ажабланиб.

      – Ўзича валдираяпти-да! – деб эътироз билдирди иккинчи бири.

      – Фақат муттаҳамларгина валдирайди. Буни Жонтой ҳам кўрган. Ҳой, Жонтой, қаёқдасан? Айт! Қандай учрашганимиз эсингдами?..

      Аммо Жонтойнинг овози чиқмасди. У ер ёрилиб, ерга кириб кетгандек, ғойиб бўлди-қўйди. У аблаҳдан нафратланиб юрганим бежиз эмас эди. Ҳозир буни ўйлаб турадиган вақт эмасди. Одамлар баҳслашиб кетди. Мени қувватлаган одамлар ҳам бўлишди. Бироқ қандайдир бир шаккок чиқиб, бирданига уларни фикрларидан қайтарди-қўйди:

      – Бекорчи гап сотишнинг нима кераги бор! – дея тўнғиллай бошлади у. – Биров бир ишни бир марта қилса қилибди-да! Бундай ҳодисалар озми! Биз ёш бола эмасмиз. Трассамизда прицеплар улаб юриш ман этилган. Бунга ҳеч ким рухсат ҳам бермайди. Меҳнат хавфсизлиги инженерларига шундай деб кўр-чи, нима деркин: шунақаям бопласинки, додингни Худога айтгин. Сизларни деб жавобгарликка тортилишни хоҳламаса керак… Гапнинг ўғил боласи шу.

      – Э, қўйсанг-чи! – деб гапга аралашди бошқа биров. – Рухсат бермайди деганинг нимаси! Мана, Иван Степанович ўттизинчи йилларда полуторка машинада довонни биринчи бўлиб очган. Унга ҳам ҳеч ким рухсат бермаган эди. У ўз билгича қилганди бу ишни. Мана ўзи, ҳали ўлганича йўқ…

      – Ҳа, дарвоқе, шундай бўлган эди, – деб тасдиқлади Иван Степанович. – Аммо ҳозир шубҳаланиб турибман: ахир бу ердан ҳатто ёзда ҳам ҳеч ким прицеп билан ўтган эмас, ҳозир эса қиш…

      Шу пайтгача индамай ўтирган Алибек гапга аралашди:

      – Етар шунча тортишганимиз. Илёснинг таклифи ҳали синаб кўрилмаган нарса бўлса ҳам ўйлаб кўриш керак. Лекин сен айтганча эмас, Илёс, прицепни улаймизу кетавермаймиз. Бундай қилиш ярамайди, олдин бунга ҳозирлик кўриш, ҳаммасини жиддий ўйлаб чиқиш, маслаҳатлашиш ва синаб кўриш керак. Қуруқ сўз билан ҳеч нарсани исботлай олмайсан…

      – Исботлайман! – дедим мен унга. – Сизлар ўйлаб, фол очиб бўлгунларингизча, мен исботлаб бераман! Ана ўшанда ишонч ҳосил қиласизлар! – деб бурилиб машина томон юрдим ва автобазага жўнаб кетдим.

      Ҳар кимнинг ўз хулқи, феъл-атвори бор. Уларни бошқариб туриш керак, албатта, бироқ бунга ҳамма вақт ҳам муяссар бўлавермайди киши. Рул бошқариб бораётган бўлсам ҳам на остимдаги машинани, на йўлни ҳис этардим. Дардалам, хафагарчилик ва асабийлик бутун вужудимни эгаллаб олганди. Бояги сўзлар борган сари иззат-нафсимга қаттиқ тегиб, юракни ўртаб тутақтираётган эди. Йўқ, мен сизларга исботлаб берганим бўлсин! Одамнинг сўзига ишониш кераклигини исботлаб бераман, унинг устидан кулиш қандайлигини кўрсатиб қўяй, эҳтиёткорлик билан орқа-олдингга қараб иш кўриш қанақа бўлишини