изга маълумки, 1992 йили Андижон шаҳрида таъсис этилган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ўз низомида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш билан бирга, улуғ шоир, олим ва давлат арбоби, моҳир саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг шавкатли сулоласининг тарихи, уларнинг авлодларга қолдирган бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғибу ташвиқ қилиш билан фаол шуғулланиб келмоқда.
Жумладан, ўтган давр мобайнида Фонд томонидан хорижий мамлакатларга уюштирилган кўпсонли илмий экспедициялар натижасида 800 га яқин нодир қўлёзма асарлар, турли тиллардаги илмий ва бадиий китоблар, рисола ва альбомлар Ўзбекистонга олиб келинди ва улар Андижон шаҳрида ташкил қилинган «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи экспонатлари қаторидан муносиб ўрин олди. Ушбу китобларнинг аксарияти юртимизнинг таниқли олим ва адибларининг саъй-ҳаракатлари билан атрофлича ўрганилиб, илмий истеъмолга киритилмоқда. Ҳозирги вақтда уларнинг сони юзтага яқинлашиб қолганини қайд этиш лозим.
Асли келиб чиқиши эронлик бўлган, тарихчи ва дипломат Ирож Аминийнинг «Кўҳинур – Бобурнинг олмоси» номли китоби ҳам ана шундай асарлар сирасига киради.
Шуниси диққатга моликки, ушбу қимматли асарни ўқиган китобхонлар буюк бобомиз Бобур ва бобурийлар сулоласига оид ниҳоятда қимматли янги маълумотларга ҳам эга бўлади.
Шу ўринда муаллиф ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтиш жоиз.
Ирож Аминий 1935 йили Эронда туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан кейин Теҳрон ва Оксфорд университетларида, кейинчалик АҚШ дорилфунунларида таҳсил олган.
У Эрон шоҳининг Тунис давлатидаги охирги элчиси сифатида фаолият кўрсатган. Айни вақтда тарихий мавзуда илмий-оммабоп асарлар ёзиш билан ҳам шуғулланган. Хусусан, Франциядаги Наполеон Бонапарт фондининг буюртмасига кўра машҳур француз саркардасининг Эрон билан муносабатларига доир салмоқли илмий тадқиқот яратган.
Эронда шоҳлик тузуми емирилгач, Ирож Аминий Парижда муҳожирликда яшашга мажбур бўлади ва бу ерда ўзининг севимли машғулоти – тарихий воқеалар, буюк шахслар ҳақида китоб ва рисолалар ёзишни давом эттиради. Она Ватанига кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлган олим юрт соғинчини босиш учун Ҳиндистонга бир неча бор сафар қилади, ушбу қадимий диёрнинг кўҳна тарихи ва бой маданиятини атрофлича ўрганади. Ана шундай чуқур изланишлар натижаси ўлароқ муаллифнинг қўлингиздаги ушбу асари дунёга келади. Инглиз тилидаги бу китоб Бобур халқаро илмий экспедициясининг Ҳиндистон бўйлаб ташкил этилган навбатдаги сафарларидан бирида қўлга киритилган эди.
Бутун жаҳонга машҳур Кўҳинур олмосига «Бобурнома» асарида қиймати бутун дунё аҳолисини икки ярим кун давомида боқишга етадиган қимматбаҳо жавоҳир, деган баҳо берилади. Бу ноёб ва нодир маъданнинг топилиш тарихи, турли ҳукмдорлар орасида қўлдан-қўлга ўтиши билан боғлиқ сирли воқеалар асарда ишонарли далиллар орқали содда, равон тилда баён этилади.
Мамлакатимиз китобхонларини ушбу қизиқарли илмий-оммабоп нашр билан таништириш мақсадида Фондимиз раҳбарияти томонидан уни ўзбек тилига таржима қилиш учун таниқли бобурийшунос олим, филология фанлари номзоди, моҳир таржимон Ғо-фуржон Сатимовга буюртма берилган эди ва у киши бу вазифани сидқидилдан адо этди.
Фурсатдан фойдаланиб, эндиликда раҳматли бўлган биродаримиз Ғофуржон Сатимовнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятига қисқача тўхталиб ўтишни ўз бурчим, деб биламан.
У 1948 йилда Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. Меҳнат фаолияти давомида Андижон давлат университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети сингари республикамизнинг етакчи олий ўқув юртларида талабаларга инглиз тили назарияси ва амалиётидан сабоқ бериб келди. Айни вақтда буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари бўлмиш ҳукмдорларнинг давлат бошқарувидаги фаолиятини тадқиқ қилиш билан шуғулланди.
Ғофуржон Сатимов 100 дан ортиқ илмий-маърифий нашрлар муаллифи эди. Шотландиялик тарихнавис Уильям Эрскиннинг «Бобур Ҳиндистонда», ҳинд тарихчиси Л.П.Шарманинг «Бобурийлар салтанати», АҚШлик профессор С.М.Беркнинг «Акбар. Бобурийларнинг энг буюги», инглиз шарқшунослари Румер Годеннинг «Гулбадан», Уильям Решбуркнинг «XVI аср бунёдкори» каби китобларнинг ўзбекча таржималари, «Ўзбекистон – буюк алломалар юрти» асарининг инглизча таржимаси, шунингдек, «Бобурийзодалар», «Марказий Осиё ва Ҳиндистон тарихида бобурийлар даври», «Бобурийлар салтанатида давлат бошқаруви» каби рисолалар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан Ғофуржон Сатимов юртимизда тинчликтотувлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва бағрикенглик ғояларини қарор топтириш борасидаги хизматлари ҳамда Ватанимиз обрў-эътибори ва шон-шуҳрати ни юксалтиришга қўшган ҳиссаси учун «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.
У шунингдек Бобур ва бобурийлар сулоласининг ҳаёти ва давлат бошқарувидаги фаолияти ҳақида хорижда нашр этилган илмий ва илмий-тарихий асарларни ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиб, миллий қадриятларимизни халқимиз орасида кенг тарғиб этишдаги хизматлари учун Фонд томонидан таъсис