Салом Муҳаммад

Катта хонадон 1


Скачать книгу

section>

      УЧИНЧИ ҚИСМ

      САМОГА СОЧИЛГАН САСЛАР

      1. ОМОН – ОМОНЛИК

      Одатда Одил бобо бомдод намозидан кейин қайта ётиб, бир оз мизғиб олар, бу унга янги қувват бағишлагандай туюлар эди. Аммо бугун ётгиси келмади. Кайфияти чоғдай, ким биландир гурунглашгиси бордай сезарди ўзини. Лекин ўшандай кимсанинг ўзи йўқ ҳозир. Борлари ҳам ғафлат уйқусида, баъзилари эса, ҳарна, рўзғорга мадад бўлар, деган ўйда аллақачон этак тақиб, пахтазор сари отланишган. Гурунг “уяси” – сартарошхона пахта терими бошланиши ҳамон кечроқ ишлашга ўтган. Ҳа демай, муаллимлару болалар йўлларни тўлдириб, мактаб сари оқадилар. Қишлоқ ҳувиллаб қолади. Одил бобо бекорсоз эмасу лекин шу топда… нима қилсайкин?

      Чол аниқ тўхтамга келмай, шошилмай ўрнидан турди, ҳовли томон дераза ёнидаги тўшакда қизи Ҳилола адёлга бурканганча ухлаб ётибди: “Ухлайвер…”

      Одил бобо ташқарига чиқиб, дарвозанинг иккала табақасини ланг очиб юборди: “Ҳовлига ризқ-насиба кирсин”. Бу фикр кўнглидан ўтиши ҳамон ажиб, ёқимли бир насим эсиб, дилини янада чоғ этди. Мусаффо, тилларанг – заррин тонг отиб келарди. Гўё тонгни қаршилаган каби у кўприкчадан йўлга ўтди. Айни шу маҳал кун ботиш тарафдан эшагини хихлаб келаётган укасига нигоҳи тушиб, таққа тўхтади. Хаёлга толди.

      Маҳмуд амаки нарироқда эшакдан тушиб, унинг бўйнидаги арқон-ипни толга айлантириб боғлади-да, кулимсираганча акасига яқинлашди. Уканинг авзойи-дан аканинг кўнгли хотиржам тортди ва қўл бериб, саломлашганларидан сўнг:

      – Ҳа, саҳардан? Тинчликми? – деб сўради.

      – Тинчлик ҳам гапми, ака! Омон-омонлик! Муборак бўлсин!

      – Аҳ… – Одил бобо анқайди. – Худди мамлакатда уруш бўлаётувдию у тўхтагандай гапиропсан, ўзи нима гап? Келининг туғдими?

      – Радиёлдан эшитмадизми?

      – Радиёл бузуқ… – чолнинг юраги ҳаприқди. – Тезроқ айтмийсанми, нима гап?

      – Ҳурлик! Ҳурлик бўлибди, ака. Ўзбакистон ҳур мамлакат! Бу уруш тугагандан кам эмас!

      – Ўрис шунга кўнибдими, а? – Одил бобо бу хабарга ишонар-ишонмасини билмай, гарангсиб, укасига қаради.

      – Ўрис ўзиминан ўзи авора. Қарамидагилар энди сиртмоқдан бошини чиқариб, ҳурлик эълон қилади. Ҳали айтувдинг дейсиз.

      – Бу ҳаммаси Худони иши, энди синовиям тугаган бўлсин…

      – Бу ёғиям синов-да, ака: қани, эрк бериб кўрай-чи, нима қилайкан булар, деган бўлса…

      – Бойлигимиз ўзимизда бўлса… – деди Одил бобо ўйланиброқ, -пахтаям, тиллоям – ҳамма нарса ўз ихтиёримизда бўлгандан кейин бой мамлакатга айланишимиз ҳеч гап эмас…

      Уйга киришганда Ҳилола аллақачон ўринларни йиғиштириб, кўрпачаларни ўтириш учун тайёрлаб қўйган эди. Чой устида суҳбат давом этаркан, Ҳилола беихтиёр амакисини қучоқлаб олди:

      – Жуда зўр орзуга етишибмиз, амакижон! Ҳеч кутмагандим, раҳмат!

      Маҳмуд амаки жияни елкасига уриб қўйиб, акасига юзланди:

      – Энди динимизгаям йўл очилади, ака. Аввал ҳаммасига кофирлар хўжайинлик қилайди. Энди мачитлар, намозхонлар кўпаяди.

      – Илоё айтганинг келсин, ҳеч кимдан қўрқмай, ёширинмай намоз ўқийлик, рўза тутайлик…

* * *

      Ҳар каллада ҳар хаёл – мустақилликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ҳилоланинг ўйлашича, мустақилликнинг фаҳмига етмайдиганлар ҳам талайгина экан. У бундайларни фикр юритмайдиганлар, мушоҳадасизлар гуруҳига киритади. Шубҳасиз, уларнинг олдинги сафларида Карамгул анқовланиб, илжайиб туради. Буни қарангки, Парварда янгасию бошқа бир неча танишлари ҳам Карамгулдан қолишмас экан.

      – Мустақиллик муборак бўлсин, янгажон! – деб Ҳилола янгасини қучоқлаб олди. Янгаси эса ҳанг-манг, нима деярини билолмай:

      – Қанақа мустақиллик? – деганча унга анграйиб қаради.

      – СССР тамом бўлибди, Ўзбекистон мустақил давлат бўлибди.

      – Хаа, шунақами? Энди арзончилик бўларкан-да.

      – Ҳазиллашаёпсизми, янга? Ҳазиллашдим, денг… – Ҳилола унга кўзларини пирпиратиб қаради.

      – Йўқ, ҳазиллашмадим. Рости ҳам шу-да: давлат ўзимизники бўлса, бойлигимизни ҳеч ким тортиб олмаса, арзончилик бўлмайдими?!

      – Э… э… сиздан бунақа гап кутмагандим, янга.

      – Бундан бошқа нима керак, Ҳилола, айтинг? Бачаларим тўйиб, сифатли овқатлар еса, одамшавандароқ кийинса, хоҳлаган ерига бориб, дам олишга кучи етса, ҳеч ким пишагини пишт демаса, ҳаммани давлат қўриқласа – ёмонми?

      Ҳилола ўйланиб қолди. Умуман, янгасининг гапларида жон бор, лекин чуқурроқ, кенгроқ фикрлаш йўқ. Дунё харитасида алоҳида рангда Ўзбекистон деган мамлакат кўрсатиб қўйилса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида бу давлатнинг ўз байроғи ҳилпираб турса, бегона тилни билмагани учун ишга кўтарилиш чеклаб қўйилмаса – она тилинг ҳукмрон тил бўлса ва яна… деган хаёлларга бордию аммо унинг ўзи ҳам келажакда бу давлат қанақа мақомда бўлишини кўз олдига келтиролмади. Тўғри, Ҳилола кўплаб китобларда мустақиллик учун даҳшатли жанглар олиб борилганини, минглаб кишилар қон тўкиб, жон бериб, бу ажиб неъматга етишганларини анча-мунча ўқиган. Ўшанда бир кун келиб,