Салом Муҳаммад

Катта хонадон 1


Скачать книгу

эсларидан чиқди-кетди: худди Қуёшнинг ёрқин нурлари булутларни титиб юборган ҳолат юз берди гўё. Одил бобо неварасини бағрига босиб, пешонасидан ўпди. Уни кузатиб турган Ҳилола жиянига танбеҳ берди:

      – Аввал юз, кўзни ювадилар, кейин саломлашадилар, Шамс.

      – Зарари йўқ, буни юзини фаришталар ювиб қўяди, – бобоси унинг пешонасидан яна ўпди.

      Карамгул қайнсинглисига хўмрайиб қараб қўйди, аммо эрининг ёнида унга бирор нима дейишга ботинолмади. Фазлиддин индамаса-да, кейинроқ хотинига заҳрини сочиши ҳеч гап эмас. Гарчи у янгаю қайнсингил орасига тушмасликка уринса-да, адолатсизлик юз берганда тинч туролмайди. Бироқ бундай ҳолатлар онда-сондагина уч кўрсатади. Карамгул буни ҳисобга олмай иложи йўқ.

      Ўринли танбеҳи йўққа чиқарилгани, бундан Карамгул қувонгани Ҳилолага оғир ботди. Бироқ бу ҳаракатга эътироз билдириши вазиятни чигаллаштириши аниқдай туюлдию Ҳилола ярим кулганча, мулойим овозда отасидан:

      – Ота, ўша фаришталар Шамсияни бурниниям артиб турадими? – деб сўради.

      – Йўқ, бурнини артмайди. Локин бу қизимни бурун суви тоза, беғубор. А, шундайми, қизим? – чол уни яна ўзига тортиб, бурни учидан ўпди. Шамсия бобосининг бошидан қучиб, унга суйканди.

      Ҳилола кулиб юборди. Хаёлида қандайдир шумлик уйғониб:

      – Отаа, бир гап айтсам майлими? – деб сўради.

      – Айт.

      – Хафа бўлмайсизми?

      – Хафа бўладиган гапми?

      – Энди… кимга қандай-да. Қўйинг, яхшиси, айтмийман.

      – Гапни қўзғаб қўйиб, яна бундай дейишинг нимаси?

      – Бояги гапиздан келиб чиқиб, хаёлимга биир келувди-да. Ўйласам, тўғри келмас экан. Хафа бўласиз, деб қўрқаман.

      – Унда айтма.

      – Қизиқроқми ўзи? – энди Фазлиддин кулимсираб сўради.

      – Ҳмм, қизиқроғиди.

      – Унда айтавер, – бобоси неварани тиззасидан олиб, биқинига ўтқазди.

      – Хафа бўлмийман, деб сўз берасизми? Бу бир ҳазил-да.

      – Ҳазил бўса, айт, хафа бўмийман.

      – Агар фаришталар буни бурнини, юзини ювса, мишиғиям тоза бўлса…

      – Айтсанг айт-да одамни хит қилмай! – Одил бобонинг тоқати тоқ бўлиб, кўм-кўк кўзлари бир ўйнаб тушди. У қизидан ёмон гап кутмас, ёқимсиз сўз айтмаслигини ўзича тахмин этарди. Карамгул ҳам ҳеч нимага тушунолмай унга анқайиб қолган эди. Фазлиддин эса нима ҳақда гап боришини ўзича тахминлаб, мийиғида кулиб турарди.

      – Фаришталар ҳалоллаган, сувдай тозаа Шамсиячанинг бурун сувидан ярим пиёласини йиғиб берсам… Ўзининг ҳам кўнгли айниб, Ҳилола ўхчиди, шошиб ўрнидан турди.

      – Бўлди, бас, уёғини айтма, – дедию отаси ҳам кулиб юборди. – Локин бопладинг.

      – Энди буёғи қандай бўлди, ота? – кулганча сўради Фазлиддин. – Энди наварайизни қўл-бетини ювиш керакми, йўқми?

      – Ювса яхши бўлади, – тасдиқлади отаси.

      – Тур ўрнингдан, болангни юз-қўлини ювиб кел, – Фазлиддин хотинига буйруқ берди. Ҳамон нима қилишини билолмай, каловланиб ўтирган Карамгул секин қўзғалиб, қизининг қўлидан тутди. Унинг қовоғи осилиб кетган эди. – Ўзингдан билиб, шу