Салом Муҳаммад

Катта хонадон 2


Скачать книгу

ҳам асарда ўтбошидагиларнинг ёппа меҳрини қозонган Нуриддин билан ўзим бўлай дегани боис яқинлари хушламайдиган Заҳриддиннинг табиати бир-бирига қарама-қарши қўйилмайди, балки қайси ўринда миназидаги қайси жиҳат етакчилик қилганига кўра ўзаро фарқланиши акс этади. Бу ҳолат Ҳилола Қозоғистонда сал бўлмаса номусидан айрилиб қолиши мумкин бўлганини акаси Заҳриддинга айтиб, агар шундай бўлганда нима қилардингиз, деб сўраганида ака берган жавобда, айниқса, яққол намоён бўлади:

      – Унда ўлардинг, Ҳилола! – деди. – Ўзим ўлдирардим.

      – Йўғ-е, нима мен ўзим мустақил одам эмасманми?

      – Ҳам мустақилсан, ҳам мустақил эмассан. Томирларинг бизни томирлар билан туташ: хоҳ яхши, хоҳ ёмон, биронтасини ажратиб олиб ташлаб бўлмайди. Битта томир заҳарланса, бутун танага заҳар ёйилади – ҳаммамизни хароб қилади. Буни забтим кўтармайди. Шуни ҳеч унутма!

      Айни шу тасвирда ўзбек йигитининг табиати ёрқин кўринади. Оға учун сингилнинг номуси унинг жонидан азизроқ саналади. Шундай туйғуларга эга шахсиятни, қандай камчиликлари бўлишига қарамай, фақат қоралаб бўлмайди.

      “Катта хонадон” романида ўтбошидаги кўпчилик келишмовчиликлар сабабчиси уқувсиз, бесаришта, беўхшов, фариштасиз Карамгул образига бошқаларга нисбатан кўпроқ ўрин ажратилган. Зеро, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати шундаки, баъзан эпсиз бир одам ўз ношудлиги билан кўпларнинг тақдирини остин-устун қилиб юбориши мумкин. Карамгул образида айни шу ҳолат акс этган. Айнан шу ҳардамхаёл Карамгулнинг бир оғиз сўзи Ҳилоланинг тақдирини фожиага айлантиради. Агар Карамгул аралашмаганда Ҳилола гиёҳванд Боситга эмас, севган йигити Дониёрга турмушга чиққан, демакки, ҳаёти тамомила бошқа издан кетган бўлиши мумкин эди. Шунингдек, асарда оила бошлиғи Одил бобонинг бесаришта ва уқувсиз шу келинни ҳамиша ёқлаб, кампири ва деярли барча болаларига қарши боришининг мантиқий асоси ҳам кўрсатилган. Юзаки қараганда, уқувсиз ва ношуд Карамгулнинг нозиктаъб, тўғрисўз, кескир, унча-мунча одамни мирламайдиган Одил бобога суюмли экани мутлақо тушунарсиз. Аммо ўзбек ўтбошисида қайнота ҳамиша келинга паноҳ экани ҳамда, агар номус аралашмаса, оила бутунлиги ва невараларнинг етим бўлмаслиги ота учун ҳамма нарсадан устун экани ҳисобга олинса, бобонинг бундай тутуми сабаби ойдинлашади. Одил бобо келинининг қачондир инсофга келиб, ўзгаришига ишонади ва роман адоғида оқсоқолнинг ҳақлиги аён бўлади.

      Асарда Карамгул табиатидаги эврилишларга катталардан кўра ўз қизи Шамсия кўпроқ таъсир кўрсатгани ўқирманни ишонтирадиган йўсинда тасвирланган. Қизалоқ Шамсия тимсоли романдаги энг татимли ва беғубор образдир. Унинг дунёга келиши ва гўдаклиги билан боғлиқ воқеалар тасвирида бу қизнинг аслан бошқача тақдир эгаси бўлишига ишора бор. Демак, буви Шамсия невара Шамсияга фақат исмини эмас, балки ўзидаги бирлаштирувчилик ва бошқарувчилик қобилиятини ҳам мерос қолдиради. Она Шамсиядан кейин Ҳилола, ундан сўнг невара Шамсиядаги уринчоқлик, уддалилик,