Салом Муҳаммад

Катта хонадон 2


Скачать книгу

ном олган. Ҳатто қишлоқда ҳам обрўси анча баланд. Чунки, онда-сонда, таътил, дам олиш кунларида келганида ҳам “ичи сиқилиб”, уйда ўтиролмайди, дарҳол қўни-қўшниларни, қариндош-уруғларни суриштирганча ҳовлима-ҳовли юриб, ҳол сўрашади. Кўпинча улфатлари қўярда-қўймай уйларига судрашади.

      – Уйим шаҳар марказида, хоналариям кўп, ўзим ҳам кичкина эмасман, – дея баҳсларда енгиш учун кўкрагига нуқиб қўяди.

      – Қани, кичкина эмаслигизни кўрайлик-чи, – деганча Ҳусниддин унинг ёнига келиб, бўй чўзади. У бошқалардан бўйчанроқ, ҳазил аралаш шуни кўз-кўз қилиб, ўзи “каттароқ” – баландроқ эканини, бинобарин, онасига ўзи кўпроқ ҳақдорлигини билдиргиси келган уч ойча аввал.

      Шавқиддин шартта тоғора келтириб, устига чиққанда, укасидан баландлашгач:

      – Номард, қани катталигинг? – деган ва яна чаккасидаги оқ соч толаларини кўрсатган: – Бунақаси-чи, сенда борми?

      – Бўлди, бўлди, тан бердик, ака, – Ҳусниддин икки қўлини кўтарган. – Энди катта акамни олиб келамиз, восита қиламиз, чоғи. Унда нима дейсиз?

      – Акам – мени бу ерим, – Шавқиддин чап кўкраги устига бармоғини нуқиган. – Акамни гапи бизга закон!

      – Биз-чи, ака, биз ҳам ҳисобингизда бормизми? – Баҳриддин ўсмоқчилаб сўраган.

      – Ҳаммалариз мени жоним-жаҳоним. Онажоним билан отажоним – тўлин ойиму қуёшим, – дея у эгилиб, онасининг иккала юзидан чўлпиллатиб ўпган.

      Шамсия буви кўзларидан томчилар қуйилганча ўғлини бағрига босаркан:

      – Бир-бирига меҳрибон бачаларимдан айланай, – деб кафтларини очганча дуо қилган: – Илоё аҳиллиларингга кўз тегмасин, Худонинг ўзи ёмон кўзлардан асрасин.

      – Келишиб олдик, а, онажон, шаҳарда мени уйим-бош штаб! – у волидасидан тасдиқлатиш учун яна таъкидлаган ва хотини Мурувватга шовқинлаб, ёлғондакам дўқ урган. – Нимага пусииб ўтирибсан, жонинг борми, бир нима де ахир!

      – Ҳукм ўқидиз-ку, хўжайин, ҳукмга бўйсунамиз-да, – кулганча эрини маъқуллаб, у ҳам қайнанасига суянган. Қайнана-келин қайта-қайта ўпишганлар. – Ойимни ҳеч ерга юбормаймиз.

      Мурувват кенг феълликда эридан қолишмайди, “Кенгга-кенг дунё, торга–тор дунё”, деб ҳисоблайди, шу тушунчасини болаларига ҳам юқтиришга уринади. Шу боис дастурхони ҳамиша очиқ, қозони доимо қайнаб туради. Эридан фарқи бор, албатта: бўйи бир қаричча баланд, тик қоматли, бунинг устига кам гап. Ҳар хил ишларга ҳуда-беҳуда аралашавермайди, ҳар қанақа гапларга гап суқавермайди. Ҳаддан ташқари ориятли ҳамда иззатталаблиги ҳам бор. Шу жиҳатдан эри билан гоҳида келишолмайди. Шавқиддин эса ҳазил-ҳузил билан уни енгиб кетади, кулдириб юборади. Гарчи, бу борада номутаносиблик бўлса-да, эри буни эслатиб, ҳаммани кулдиради:

      – Биз хотин олганда ақлни ишлатиб, сўрриғини танладик, – дейди. – Онам: “Хотиннинг навчаси яхши, бачам, бачаларинг кўримли-кўркам бўлади”, деганларига лаққа учганмиз. Бу хонимнинг ўзлариям мени кўз тагига олиб қўйганлар-да. Шундайми, хўжайин?

      – Ҳеч ҳамда, – дейди уялинқираб, кулиб Мурувват.