микросхемалардан фойдаланишга қарор қилди.
Ишнинг катта қисми Хоумстедда ўқийдиган қўшниси Билл Фернандеснинг гаражида бажарилди. Дўстининг муваффақиятини Cragmont крем-содаси билан нишонлашди; Саннивейлдаги Safeway дўконига велосипедда бориб, ишланган пулга газли сувнинг янги порцияларини сотиб олишди. “Шу сабабли биз лойиҳамни “крем-содали компьютер” деб атадик”, – деб изоҳлади Возняк. Умуман олганда, бу калькулятор эди: ўтказгичлар тўплами ёрдамида киритилган сонларни кўпайтирарди ва натижасини ёнувчан лампочкалар тўплами орқали бинар кодларида чиқариб берарди.
Ихтиро устидаги иш якунлангач, Фернандес Вознякка унинг Хоумстед мактабида синфдоши борлигини ва Воз у билан танишиши лозимлигини айтди. “Унинг исми Стив. У сенга ўхшаб ўйин уюштиришни яхши кўради ва электроникага қизиқади”. Бу бундан 32 йил аввал Паккарднинг гаражига Хьюлетт келганидан кейин Силикон водийсида юз берган энг аҳамиятли учрашув бўлса керак. “Биз Стив билан Биллнинг уйи олдидаги тротуарда ўтириб, ҳаётимиздаги воқеаларни – асосан ўзимиз уюштирган ўйинларни ва ихтироларимизни бир-биримизга айтиб бердик, – деб эслайди Возняк. – Бизнинг умумий жиҳатларимиз кўп бўлиб чиқди. Одатда мен бошқаларга ҳозир нимани ўйлаб топаётганимни қийинчилик билан тушунтириб берардим, лекин Стив уни осон илғаб оларди. У менга ёқиб қолди. Озғин, лекин бақувват ва кучга тўла”. Жобсда ҳам янги таниши катта таассурот қолдирди. “Воз танишларим орасида электроникани мендан яхшироқ тушунган биринчи инсон эди, – деди у бир куни (ўзининг билимдонлигини бўрттириб кўрсатган ҳолда). – У менга дарров ёқиб қолди. Мен ўзимни тенгқурларимдан катта ҳис қилган бўлсам, Воз ёш боладек эди, шу сабабли биз умуман олганда тенгдош эдик. Стив жуда ақлли, лекин қилиқлари ўсмирларникидек эди”.
Икки дўст компьютерлардан ташқари мусиқани ҳам севарди. “Бу юксалиш даври эди, – деб хотирлайди Жобс. – Бетховен ёки Моцарт замонида яшаш билан бир хил эди. Тўғри. Буни ҳали тушуниб етишимиз керак. Биз Воз билан мусиқани маст ҳолда эшитардик”. Возняк Жобс учун Боб Диланни кашф қилди. “Биз Санта-Крусда Дилан концертларини олдиндан эълон қиладиган йигитчани учратиб қолдик, – деб айтиб берди Жобс. – Дилан ўзининг барча концертларини плёнкага ёзиб юрарди. Атрофида ҳар хил одамлар бор эди, шу жумладан, инсофсиз одамлар ҳам. Тез орада унинг концертлари ёзилган кассеталар қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ва бу йигитчада унинг ҳамма концертлари бўларди”.
Дилан кассеталари ови баҳамжиҳат ишга айланиб кетди. “Биз Сан-Хосе ва Бёркли университетларини текшириб чиқардик, кимда Диланнинг пиратча кассеталари борлигини билиб олардик ва уларни тўплардик. Дилан шеърларини сотиб олиб, тунгача унинг маъносини изоҳлаб чиқардик. Дилан матнлари ижодий қобилиятни қўзғатарди”, – деб эслайди Возняк. Жобс қўшимча қилди: “Менда унинг юз соатдан ортиқ давом этадиган концертлари, шу жумладан унинг 1965 ва 1966 йиллардаги электрогитарада ижро этган гастроллари бор эди”. Иккала Стив ҳам ўзларига TEAC ғалтакли