Уолтер Айзексон

Стив Жобс


Скачать книгу

Хилл тиришқоқлиги учун “ўзинг қил” усули билан рағбатлантирди. “Менга энг кўп ўргатган ўқитувчи у эди. Агар у бўлмаса, мен бир куни қамоқдан жой олишим турган гап эди”. Ўқитувчининг диққат-эътибори Стивда у ўзининг танҳолигига бўлган ишончни мустаҳкамлади. “Синфда у фақат мени ажратиб кўрсатарди. Менда нимадир борлигини сезгандир балки”.

      Ўқитувчиси фақатгина унинг ақлли эканини сезмаганди. Йиллар ўтиб, миссис Хилл ҳаммага Гавай оролида олинган фотосуратларни кўрсатиб, мактабга керакли костюмда келмаган Стив болалардан бирини кийим алмаштиришга кўндирганини ва суратда марказда биринчи қаторда гавайча кўйлакда турганини эслади. Стив бировларни унга охирги кўйлагини беришга ҳам кўндира оларди.

      Тўртинчи синф охирида миссис Хилл Жобсни имтиҳон қилди. “Мен имтиҳонда ўнинчи синф ўқувчиси натижаларини кўрсатдим”, – эслайди Стив. Энди нафақат болакай ва унинг ота-онасига, балки ўқитувчиларга ҳам у нақадар қобилиятли экани маълум бўлди. Ва мактаб директори ноодатий қарор қабул қилди: Стивга икки синф сакраб, тўртинчи синфдан кейин дарров еттинчи синфга ўтишни таклиф қилди. Шундай йўл билан унда ўқишга бўлган қизиқишни сақлаб қолиш мумкин эди. Лекин ота-онаси ўйлаб кўриб, фақат битта синф сакраш тўғри деган қарорга келди.

      Бу қарор муваффақиятли бўлмади. Жобс шундоқ ҳам тенгдошлари билан зўрға мулоқот қиларди, энди эса бир ёш катта болалар орасига тушиб қолди. Энг ёмони – олтинчи синфда у Криттенденга кўчиб кетди, чунки бу ёшда у ўрта мактабда ўқиши лозим эди. Мона-Ломадан уни қандайдир саккиз квартал ажратиб турарди, лекин бу бошқа олам, бошқа туман эди. У ерда этник безорилар бандаси кўп эди. “Бу ерда ҳар куни муштлашиш содир бўларди, нимжонларни дўппослаб кетишарди, майда болаларни эса ҳожатхонада ерга уришарди, – деб ёзганди Силикон водийси журналисти Майкл С. Мэлоун. – Мактабга пичоқ олиб келдингми, демак сен ҳақиқий мачосан”. Жобс бу мактабга ўқишга кирганида бир неча ўқувчи гуруҳ бўлиб бир қизнинг номусига теккани учун қамалганди, бошқа болалар эса қўшни мактаб жамоасининг автобусини ёндириб юборишганди, чунки улар кураш бўйича мусобақада Криттенден мактабини енгганди.

      Безорилар Стивни тинч қўймасди ва еттинчи синфда у ота-

      онаси олдига ультиматум қўйди. “Мени бошқа мактабга ўтказишларини талаб қилдим. Лекин ота-онамнинг бунга пули йўқ эди”. Пол ва Клара аранг тирикчилик қиларди. Бу вақтга келиб, болакай эртами-кечми ота-онаси рози бўлишига ақли етиб қолганди. “Ота-онам оёқ тираб туриб олди, лекин мен агар Криттенден мактабига борадиган бўлсам, ўқишни ташлайман деб қўрқитдим. Ўшанда улар энг яхши вариантни излай бошлашди, ҳар бир центни тўплашди, 21 минг долларга яхшироқ тумандан уй олишди”.

      Уларнинг оиласи бир неча километр жанубга – жанубий Лос-Альтосдаги собиқ ўрик боғи, энди эса икки томчи сувдек бир-бирига ўхшаш намунали уйлар жойлашган туманга кўчиб ўтди. Жобслар жойлашган Крист-драйвдаги 2066-уй учта ётоқхонаси бор бир қаватли уй эди. Асосийси,