билан жанжаллашишга журъат қилган.
Кобун Чино Отогава. Калифорниялик сото-дзен устаси, Жобснинг маънавий мураббийи.
Жоан Шибле Жандалий Симпсон. Стив Жобснинг биологик онаси. Висконсинлик. Ўғлини ўгай ота-онага берган. Жобснинг синглиси Мона Симпсонни катта қилган.
Майкл Эйснер. Disney корпорацияси раҳбари. Қўрс ва талабчан инсон. Pixar билан битим тузган, шундан сўнг Жобс билан келиша олмай қолган.
Эл Элкорн. Atari компаниясининг бош муҳандиси. Pong компьютер ўйинини яратган ва Жобсни ишга олган.
Ларри Эллисон. Oracle компанияси раҳбари, Жобснинг яқин дўсти.
Сўзбоши: китобнинг пайдо бўлиш тарихи
2004 йил ёз ойининг бошида менга Стив Жобс қўнғироқ қилди. У билан таниш бўлган йиллар давомида бизнинг дўстона муносабатларимиз вақти-вақти билан, айниқса, у янги маҳсулотини чиқарган кезларда авж оларди. У ўз маҳсулоти суратини Time журналининг муқовасига жойлаштиришимни ёки бу ҳақда ўша вақтда мен ишлаган CNN каналида айтиб беришимни хоҳлаб, менга сим қоқарди. Бироқ мен у ерда бошқа ишламаётганим сабабли Стив энди аҳён-аҳёнда пайдо бўларди. Биз янги иш жойим – Аспен институти ҳақида бирмунча гаплашдик ва мен уни Колорадодаги ёзги оромгоҳимизда нутқ сўзлашга таклиф қилдим. Стив тадбирда қатнашишдан хурсанд бўлишини, бироқ нутқ сўзламаслигини айтди. Бунинг ўрнига у бироз сайр қилиб, суҳбатлашишни таклиф қилди.
Бу менга ғалати туюлди. Мен Стив айнан узоқ сайрлар вақтида жиддий суҳбатлар қуришни маъқул кўришини ҳали билмасдим. Кейин маълум бўлишича, у таржимаи ҳолини ёзишимни хоҳлаётган экан. Яқиндагина Бенжамин Франклин ҳақидаги китобим чиққанди ва мен Альберт Эйнштейн ҳақидаги кейинги асар устида ишлаётгандим. Табиийки, мен ҳазиллашиб у ўзини ушбу буюк даҳоларнинг вориси деб биладими деб қизиқдим. Жобснинг фаолияти ҳозир энг қизғин паллада ва уни олдинда ҳали қанча ютуқ ва мағлубиятлар кутиб турибди деб ўйлаб, унинг таклифини рад этдим. Ҳозир эмас, балки ўн-йигирма йилдан кейин, яъни у фаолиятини якунлагандан сўнг бу ҳақда гаплашамиз, деб айтдим.
Биз у билан 1984 йили Time&Life деб номланган кўп қаватли бинода танишганмиз. Ўшанда у ўзининг янги Macintosh’ини реклама қилиш учун таҳрирчилар билан тушликка келганди. Стив одатда чўрткесар эди, у журналистларимиздан бирини ўз мақоласида Жобс айтишни истамаган фактларни тилга олганликда айблади. Бироқ биз қанча кўп мулоқот қилсак, менга унинг ҳаммани ўзига бўйсундирадиган ғайрати шунча кўп ёқа бошлади. Биз Стив билан у Apple’дан ҳайдалганидан кейин ҳам алоқани узмадик. У навбатдаги лойиҳасини – NeXT компьютери бўладими ёки Pixar студиясида суратга олинган фильм бўладими – дунёга кўрсатмоқчи бўлса, мени яна сеҳрлаб қўярди ва Қуйи Манхэттендаги бирор-бир суши-барга таклиф қилиб, бу галги янги маҳсулоти у яратган энг зўр маҳсулот эканини айтарди. Ва бу менга ёқарди.
Жобс Apple тахтини қайтариб олганидан кейин, биз унинг суратини Time муқовасига жойлаштирдик. Тез орада у асрнинг энг муҳим шахслари ҳақидаги бизнинг мақолаларимиз билан боғлиқ бир нечта ғоя берди. Стив ўшанда анча овоза бўлган “Ўзгача фикрла” реклама кампаниясини бошлаганди. Унда биз ҳам ёзган айрим буюк шахсларнинг портретлари