билдирди Херцфельд. Лекин Жобс эътирозларни қабул қилмайди, деб жавоб берди Триббл. “Буни “Юздузлар йўли” сериалидаги термин зўр таърифлаб беради, – деб тушунтирди Бад. – Стивда воқеликни ўзгартириш майдони деб номланадиган хислат бор”. Херцфельд ҳайрон бўлди ва Триббл унга шундай деб тушунтирди: “Стив воқеликни ўзи хоҳлагандек ўзгартиради. Исталган кишини хоҳлаган нарсасига ишонтириши мумкин. У ёнингда йўқлигида ўзингга кела бошлайсан, лекин у қўйган муддат ўзгариб қолмайди”.
Триббл “Юздузлар йўли” сериалининг “Кўчманчи ҳайвонот боғи” эпизодидан бир ибора ўзлаштирилганини ёдга олади. Бу эпизоддда ўзга сайёраликлар “тафаккур кучи билан ўзининг янги дунёсини яратади”. У нафақат танбеҳ, балки мақтов эканлигини ҳам айтади. “Унинг воқеликни ўзгартириш доирасига тушиб қолиш хавфли, лекин айнан шу туфайли Стив воқеликни ўзгартира оларди”. Херцфельд дастлаб Триббл бўрттириб кўрсатяпти деган хулосага келди. Лекин икки ҳафта Жобс билан яқин мулоқотда бўлгач, ҳамкасби берган баҳога қўшилди: “Воқеликни ўзгартириш майдони унинг ўзига жалб этиш қобилияти, нотиқлиги, жиловлаб бўлмайдиган эркинлиги ва исталган ҳодисани ўзига керакли тарзда кўрсатишга тайёрлиги йиғиндисини ўзида ифодалайди”.
Херцфельд бундай сиқувга қаршилик кўрсатишнинг деярли имкони йўқлигини тезда тушунди. “Воқеликни ўзгартириш майдони ҳамма нарсани тушуниб турган бўлсанг ҳам иш беради, – дейди у. – Биз ҳамкасбларимиз билан Стивни осмондан ерга туширишни кўп муҳокама қилардик, лекин охири таслим бўлардик ва ҳаммасини бор нарса деб қабул қилардик”. Жобс офис музлатгичидаги газли сувни Odwalla органик апельсини ва сабзи шарбатига алмаштиришни буюрганидан кейин жамоадаги кимдир кўкрагига “Воқеликни ўзгартириш майдони”, орқасига “Ҳаммасига шарбат айбдор!” деган ёзув туширилган футболка кийиб олди.
“Воқеликни ўзгартириш майдони” ибораси Жобс алдаяпти деб очиқдан-очиқ айтиш ўрнига ишлатиларди. Лекин у аслида ниқобнинг мураккаб шакли эди. Стив иш мана бундай аҳволда деб айтаётганида, гап тарихий эпизод ҳақидами ёки учрашувда айнан ким ғояни таклиф қилгани ҳақидами – ҳақиқат уни умуман ташвишга солмасди. У онгли равишда воқеликка эътибор бермасди, боз устига, воқеликни нафақат бошқалар учун, балки ўзи учун ҳам ўзгартирарди. “У ўзини алдай оларди, – дейди Билл Аткинсон. – Шунинг учун ўзи айтаётган нарсаларга бировларни ишонтириш унга иш эмасди, чунки унинг ўзи ҳам айтаётган гапларига чин қалбдан ишонарди”.
Албатта, кўпчилик воқеликни бузиб кўрсатади. Жобс бирор-бир мақсадга эришиш учун буни қўлларди. Возняк қанча ростгўй ва тўғрисўз бўлса, Жобс шунча олғир ва режали эди. Возняк Стивнинг усуллари нақадар самарали эканига ҳайрон қоларди: “У бўлиши мумкин бўлмаган нарсани тасаввур қилиб, реал воқеликни бузиб кўрсатарди. Мисол учун менга Breakout учун дизайнни бир неча кунда ёза олишимни айтарди. Бу имконсизлигини тушунардим, лекин охир-оқибат Стив ҳақ бўлиб чиқди”.
Mac жамоаси аъзолари унинг воқеликни ўзгартириш доирасига тушиб