қолдириш имконини беришига ишонарди. Жобс ҳаммага Раскинни хаёлпараст, ўзини эса ўз сўзидан чиқадиган инсон деб уқтирарди ва Mac устида олиб борилаётган ишларни бир йилда ниҳоясига етказишини айтарди. Lisa’даги муваффақиятсизликдан кейин у қасос ўтида ёнаётгани кўриниб турганди; рақобат Стивни ишга яна ҳам қаттиқроқ ундарди. У Жон Коуч билан Mac Lisa’дан олдинроқ сотувга чиқади деб 5 минг долларга баҳслашмоқчи бўлди. “Биз Lisa’дан яхшироқ ва арзонроқ компьютер ясаймиз, боз устига, буни биринчи бўлиб бажарамиз”, – деб айтди у ходимларига.
Жобс 1981 йилнинг февралида Раскин компаниянинг барча ходимлари учун ўтказиши керак бўлган норасмий семинарни бекор қилиб, ҳаммага энди ким бошлиқ эканини кўрсатиб қўйди. Раскин конференцзал ёнидан ўтиб кетаётиб, у ерда юзлаб одам тўпланганини тасодифан кўриб қолади: Жобс учрашувни бекор қилганини ҳеч кимга айтмаганди. Шундай қилиб унинг чиқиши бўлиб ўтади.
Бу воқеадан дарғазаб бўлган Раскин Майк Скоттга хат ёзди. Скотт яна мураккаб вазифани ҳал қилиши – президент сифатида компания асосчиси ва асосий акциядорлардан бирини жиловлаб қўйиши керак эди. Хат “Стив Жобс билан ишлаш ва унга ишлаш” деб номланарди. Раскин унда қуйидагиларни ёзганди:
У ярамас раҳбар… Стив менга ҳар доим ёқарди, лекин у билан бирга ишлаб бўлмайди… У учрашувларни мунтазам ўтказиб юборади. Бу одатий ҳолга айланганидан матал бўлиб кетди… У ўйлаб кўрмай ва вазиятни яхши тушунмай ҳаракат қилади… Ҳеч кимга ишонмайди… Унга янги ғояларни айтишса, у дастлаб ҳаммасини танқид қилади, бу бўлмағур ғоя эканини ва вақтини беҳуда сарфлаётганини айтади. Бу ўз-ўзидан нотўғри. Лекин агар ғоя яхши бўлса, тез орада у ҳаммага бу ғояни гўё ўзи ўйлаб топганини гапириб юради… У эшитишни билмайди ва доим гапни бўлади.
Ўша куни Скотт Раскин ва Жобсни Марккула гилами устида учрашишга таклиф қилади. Жобс йиғлаб беради. У Раскиннинг фақат бир фикрига қўшилади: улар бирга ишлай олмайди. Lisa билан боғлиқ воқеада Скотт Коуч тарафини олганди, лекин бу гал Жобснинг ёнини олишга қарор қилди. Чунки Mac кичик лойиҳа эди, бу лойиҳа устида ишлаётганлар бош офисдан анча нарида ишларди, шунинг учун Жобс асосий жамоага халақит бермаслиги учун бу уни нима биландир машғул қилишнинг ажойиб имкони эди. Раскинни ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур қилишди. “Улар менга ён бериб, мени бирорта иш билан банд қилишга қарор қилишди. Мени бу қаноатлантирарди, – эслайди Жобс. – Мен ўзимни худди гаражимга қайтиб, яна ўзимнинг кичик жамоамни бошқараётгандек ҳис этдим”.
Эҳтимол, Раскин ноҳақ ишдан бўшатилгандир, лекин бу Macintosh учун яхши бўлди. Агар ҳаммаси Раскин ўйлаганидек бўлганида, хотираси кичкина, процессори кучсиз, кассета тасмали, сичқончаси йўқ ва графикаси паст компьютер яратиларди. Балки у Жобсдан фарқли равишда компьютер нархини 1000 долларгача пасайтира олган бўларди ва бу Apple’га қисқа муддатли фойда келтирарди. Лекин Раскин Жобс эришган нарсага ҳеч қачон эриша олмасди, яъни у шахсий компьютерлар ҳақидаги тушунчани ўзгартириб юборадиган